
2026 йилдан электрон тижорат компаниялари кўпроқ солиқ тўлашади
Келаси йилдан электрон тижоратдан олинадиган фойда ва айланма солиқ ставкалари кескин кўтарилиб, соҳадаги компаниялар учун солиқ юки сезиларли ошиши белгиланмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026–2028 йилларга мўлжалланган бюджет электрон тижорат билан шуғулланувчи корхоналар учун солиқ сиёсатининг бир қатор муҳим ўзгаришлари жорий этилади.
Энг асосий янгилик сифатида 2026 йил 1 январдан бошлаб электрон платформа орқали товар, иш ва хизмат сотадиган компаниялар фойда солиғини амалдаги 10 фоиз ўрнига 15 фоиз миқдорида тўлашлари белгиланди.
Мазкур солиқ миқдори сўнгги икки йил ичида иккинчи марта ўсган, 2025 йил бошида 7,5 фоиздан 10 фоизга оширилган эди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, янги тартиб бюджет тушумларини барқарорлаштириш ва электрон тижорат бозорида шаффофликни оширишни кўзлайди.
Бюжетномада яна бир муҳим ўзгариш сифатида айланмадан олинадиган солиқнинг 3 фоиздан 4 фоизга кўтарилиши ҳам белгиланган. Мазкур қарор электрон тижорат айланмаси ортиб бораётган шароитда солиқ тушумларини мутаносиб равишда ошириш мақсадида қабул қилингани қайд этилган.
Шу билан бирга, ҳужжатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари учун ҳам рағбатлантирувчи механизмлар назарда тутилган. 2026 йилдан бошлаб улар ўзлари етиштирган маҳсулотни реализация қилганда қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкасидан фойдаланиши мумкин бўлади.
Бу, айниқса, ички бозордаги нарх барқарорлиги ва фермерлар даромадини ошириш нуқтаи назаридан аҳамиятли қадам сифатида баҳоланмоқда.
Шунингдек, гипс хомашёсини ўз эҳтиёжи учун қазиб, уни қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда қўллайдиган компаниялар учун ер ости бойликларидан фойдаланиш бўйича 50 фоизлик солиқ ставкаси жорий этилиши таклиф қилинган. Мазкур чора тўлиқ хомашё айланмасини назорат қилиш ва ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлашга қаратилган.
Иссиқхоналар фаолиятида ҳам солиқ имтиёзлари белгиланган. Агар компания даромадининг камида 60 фоизи айнан иссиқхона фаолиятига тўғри келса, 2029 йил 1 январигача ижтимоий солиқ 1 фоиз миқдорида тўланади.
Шунингдек, иссиқхоналар учун ер солиғи анъанавий фоизлар асосида эмас, қишлоқ хўжалиги ерларига тегишли нормативлар асосида ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йилда давлат ташкилотларига бюджетдан қанча маблағ ажратилиши ҳақида маълумот берилган эди.





