Logo

2026/2027-ўқув йили учун ОТМ'га қабул квоталари тасдиқланди

Бугун 11:572 дақиқа

Таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси 2026/2027-ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига қабул параметрларини тасдиқлади. Унга кўра, бакалавриат кундузги таълим шаклига 155 минг 852 нафар абитуриент қабул қилинади.

2026/2027-ўқув йили учун ОТМ'га қабул квоталари тасдиқланди

2026/2027-ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига қабул параметрлари тасдиқланди. Бу ҳақда Олий таълим вазирлиги хабар берди.

Таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси қарорига кўра, бакалавриатнинг кундузги таълим шаклига 155 минг 852 нафар абитуриент қабул қилинади.

Қабул ўринларининг асосий қисми ўзбек тилига тўғри келади. Жумладан, 130 минг 843 та ўрин ўзбек тили, 19 минг 341 та рус тили, 4 минг 888 та қорақалпоқ тили учун ажратилган. Шунингдек, қозоқ, тожик, қирғиз ва туркман тилларида ҳам қабул квоталари белгиланган.

Давлат комиссияси ижтимоий ҳимояга муҳтож ва алоҳида тоифадаги фуқаролар учун қўшимча грант квоталарини ҳам тасдиқлади. Улар қаторида ногиронлиги бўлган шахслар, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ички ишлар ва божхона органлари ходимларининг фарзандлари, шунингдек, «Ижтимоий реестр»га киритилган оилалар фарзандлари учун алоҳида давлат грантлари ажратилди.

Имтиёзлар кенгайтирилди


Қуролли Кучлар ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари фарзандлари учун давлат грантлари ҳамда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, тавсияномага эга бўлган фуқаролар учун 5 фоизлик алоҳида қабул кўрсаткичлари сақлаб қолинди.

Шу билан бирга, камида беш йиллик меҳнат стажига эга хотин-қизлар учун 2 500 та алоҳида тўлов-контракт ўрни ажратилди. Бундан ташқари, кундузги таълим шакли бўйича хотин-қизлар учун қўшимча 4 мингта давлат гранти ҳам берилди.

Олий малака тоифасига эга мактаб ўқитувчилари учун педагогика магистратурасига масофавий таълим шаклида мақсадли қабул амалиёти ҳам давом эттирилади.

Умумий қабул ҳажми

Давлат комиссияси кечки ва масофавий таълим шакллари учун ҳам қабул параметрларини тасдиқлади. Кечки таълимга 28 минг 942 нафар, масофавий таълимга эса 20 минг 810 нафар абитуриент қабул қилинади.

Шундай қилиб, бакалавриатнинг кундузги, кечки ва масофавий таълим шакллари бўйича жами 205 минг 604 та қабул ўрни ажратилди. Магистратура учун эса 22 минг 50 та ўрин тасдиқланди. Уларнинг 10 минг 340 таси давлат гранти, 11 минг 710 таси эса тўлов-контракт асосида тақдим этилади.

Теглар

Мавзуга оид

2026/2027-ўқув йили учун ОТМ'га қабул квоталари тасдиқланди | Vaqt.uz