5 минг нафар андижонлик Беларусга ишга юборилади
Президент Шавкат Мирзиёев Беларус билан эришилган келишувларни амалга ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича топшириқлар берди.
© Foto: prezident.uzПрезидент Шавкат Мирзиёев Беларус Республикасига давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга бағишланган тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тақдимотда икки мамлакат ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини бошлаш ва савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган.
Қайд этилишича, 8–9 июл кунлари бўлиб ўтган расмий ташриф якунлари бўйича ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш ҳамда машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик, ёғочни қайта ишлаш ва тиббиёт соҳаларида умумий қиймати 2 миллиард долларлик 310 та лойиҳа ва тадбирни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилган.
Давлат раҳбари ушбу келишувлар қисқа муддатда амалий натижа бериши, янги корхоналар ташкил этилиши, қўшимча иш ўринлари яратилиши ва тадбиркорлар учун зарур шарт-шароитлар таъминланиши лозимлигини таъкидлаган.
Ҳудудлараро ҳамкорлик йўлга қўйилади
Тақдимотда Андижон ва Витебск вилоятлари ўртасидаги ҳамкорлик натижалари алоҳида кўриб чиқилган.
Икки ҳудуд ўртасида тасдиқланган «йўл харитаси» доирасида 255 нафар андижонлик Витебск вилоятига ташкилий асосда ишга юборилган.
Шунингдек, 11 та чорвачилик мажмуаси негизида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, «Andijon invest» компанияси иштирокида йирик чорвачилик комплекси ва санаторий негизида инвестиция ташаббусларини бошлаш режалаштирилган.
Умуман, Витебск ва Беларуснинг бошқа ҳудудларида чорвачилик, ёғочни қайта ишлаш, логистика, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида умумий қиймати 100 миллион доллардан зиёд бўлган 30 та янги лойиҳа шакллантирилган.
Андижонликлар Беларусда иш билан таъминланади
Президент Андижон–Витебск ҳамкорлиги тажрибасини мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш бўйича кўрсатмалар берган.
Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Тошкент, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари Беларуснинг турли ҳудудлари билан ҳамкорлик қилади ва ҳар бири учун алоҳида «йўл хариталари» ишлаб чиқилади.
Ҳар бир ҳудуддан 30 нафардан етакчи тадбиркорни Беларусга олиб бориб, маҳаллий шериклар билан қўшма ташаббусларни бошлаш вазифаси қўйилган.
Ўзаро савдони жадаллаштириш ва юк ташиш харажатларини камайтириш мақсадида замонавий логистика инфратузилмасини барпо этиш масалалари ҳам кўриб чиқилган.
Йил якунига қадар Орша станциясида экспорт-импорт юклари учун интермодал логистика марказини ишга тушириш, икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри блок-поездлар қатновини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.
Шунингдек, биринчи босқичда Беларусдаги 13 та корхонага 1 минг 100 нафар Ўзбекистон фуқаросини ишга жойлаштириш, сентябрдан бошлаб эса ҳар ой 500 нафардан, жами 5 минг нафар андижонликни доимий иш билан таъминлаш белгиланган. Бунинг учун Витебск шаҳрида Миграция агентлиги ваколатхонаси очилади.





