7 миллионга яқинлашган ўртача иш ҳақи, экологияга 8,5 миллиард сўмдан ортиқ зарар ва ҳар учтадан биттаси ажралиш билан тугаётган никоҳлар — 28-апрел дайжести

Кеча 23:033 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

7 миллионга яқинлашган ўртача иш ҳақи, экологияга 8,5 миллиард сўмдан ортиқ зарар ва ҳар учтадан биттаси ажралиш билан тугаётган никоҳлар — 28-апрел дайжести

Ишдаги бахтсиз ҳодисалар: уч ойда 62 киши иш жойида ҳалок бўлди

2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда иш жойлари билан боғлиқ 198 та бахтсиз ҳодиса қайд этилди. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотига кўра, ушбу ҳолатларда 223 нафар фуқаро жабрланган бўлиб, 62 нафари ҳалок бўлган, 146 нафари оғир тан жароҳати олган. Ҳодисаларнинг катта қисми саноат (71 та) ва қурилиш (54 та) соҳалари ҳиссасига тўғри келган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп бахтсиз ҳодиса Тошкент шаҳрида (44 та) қайд этилган. Кейинги ўринларда Сурхондарё (36 та), Тошкент вилояти (29 та), Навоий (18 та), Бухоро (16 та) ва Андижон (15 та) турибди. Қолган ҳудудларда ҳам турли миқдорда шундай ҳолатлар кузатилган.

Вазирлик меҳнат хавфсизлигини таъминлаш ҳар бир иш жойида устувор вазифа бўлиши кераклигини таъкидлади. Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда иш жойларидаги бахтсиз ҳодисалар оқибатида 248 нафар инсон ҳалок бўлган.

Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 7 млн сўмга яқинлашди

2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 6,8 млн сўмга етди. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 17,4 фоизга ўсган. Шу билан бирга, ҳудудлар ва соҳалар кесимида маошлар ўртасида катта фарқ сақланиб қолмоқда.

Ҳудудлар бўйича энг юқори иш ҳақи Тошкент шаҳрида — 11,6 млн сўм, энг пасти эса Қашқадарё вилоятида — 4,6 млн сўмни ташкил этган. Шунингдек, Сурхондарёда ҳам маошлар нисбатан паст даражада қолган, Навоий вилояти эса юқори кўрсаткичлар билан ажралиб туради. Натижада, пойтахт ва айрим ҳудудлар ўртасидаги фарқ 2,5 баравардан ошган.

Соҳалар кесимида энг юқори маошлар молия ва банк тизимида (18,5 млн сўм) ҳамда IT соҳасида (16,5 млн сўм) қайд этилган. Ташиш ва сақлашда ўсиш суръати юқори бўлган, саноат, савдо ва қурилишда ўртача кўрсаткичлар сақланган. Энг паст маошлар эса соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида қайд этилган.

Самарқандда газ тўлдириш шохобчалари жаримага тортилди

Самарқанд вилояти Паяриқ туманидаги сиқилган газ тўлдириш шохобчаларида метан нархини асоссиз ошириш ҳолати аниқланди. Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, 12 та шохобчанинг 11 таси 5 январдан бошлаб газ нархини бир вақтда ўртача 300 сўмга оширган.

Текширувда ушбу шохобчалар 8 та компанияга тегишли экани маълум бўлиб, аҳолидан келган мурожаатлар асосида мониторинг ва сўровлар ўтказилган. Таҳлиллар нарх ошириш ҳолати мувофиқлаштирилган тарзда амалга оширилганини кўрсатган.

Натижада, ҳолат «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларини бузиш сифатида баҳоланиб, иш қўзғатилди ва масъулларга нисбатан молиявий жарима қўллаш бўйича қарор қабул қилинди.

Бойсунда дарёга оққан нефтнинг экологияга етказилган зарар миқдори маълум қилинди

Сурхондарё вилояти Бойсун туманида содир бўлган ҳодиса оқибатида нефть аралаш суюқлик дарёга оқиб, экологияга 8,5 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилгани маълум қилинди. «Surxan Gas Chemical Operating Com»га қарашли қудуқда сизиб чиққан суюқликни йиғиш чоралари кўрилганига қарамасдан, кучли ёғингарчилик вазиятни оғирлаштирган.

Натижада тахминан 1,2 тонна нефть маҳсулотлари «Хонгаронсой» орқали тарқалиб, атроф-муҳитга зарар етказган. Ҳодисага «Eriell Oilfield Services Middle East DMCC» техникаси жалб қилиниб, махсус хандақлар орқали оқимни чеклашга уринилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, етказилган зарар 8,5 млрд сўмдан ошган. Ҳозирда ҳудуд тозаланган, ҳолат бўйича қўшимча ўрганиш ишлари давом этмоқда ва материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон шаҳарларида ҳар учта никоҳдан биттаси ажралиш билан тугаяпти

2026 йил I чорагида Ўзбекистонда 42,3 мингта никоҳ қайд этилган бўлса, ажралишлар сони 12,7 мингтани ташкил қилди. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, никоҳлар ўтган йилга нисбатан камайган, ажралишлар эса ошган. Бу эса оилалар барқарорлигига оид хавотирли тенденцияни кўрсатмоқда.

Ҳудудий кесимда фарқ сезиларли: шаҳарларда ажралиш/никоҳ нисбати 37,6 фоизни ташкил этиб, деярли ҳар учта никоҳдан бири ажрим билан тугаётгани маълум бўлди. Қишлоқларда бу кўрсаткич пастроқ — 23,1 фоиз. Шу билан бирга, никоҳлар сони йиллар давомида камайиб бораётгани кузатилмоқда.

Таҳлилларга кўра, ушбу тенденция сақланиб қолса, яқин йилларда ажралишлар сони никоҳлардан ошиб кетиши мумкин. Шунингдек, демографик ҳолатда ҳам ўзгаришлар кузатилиб, туғилишлар камайиб, табиий ўсиш суръатлари пасаймоқда.

Теглар

Мавзуга оид