
«Агар» эмас, «қачон» масаласи: Украина сабаб Қозоғистон кескин логистик танлов қилиши керак
Танкерлар ва Каспий қувурлари консорциуми терминалининг муҳим инфратузилмасига бўлган ҳужумлар Қозоғистонни муқобил йўналишлар ҳақида жиддий ўйланишга мажбур этмоқда. Боку-Тбилиси-Жайхон нефт қувури бу муаммога ечим бўла оладими?

29 ноябрга ўтар кечаси Қозоғистон нефт саноати учун туб бурилиш нуқтаси бўлди. Украина ҳарбий-денгиз кучларининг экипажсиз қайиқлари Новороссийск яқинидаги Каспий қувурлари консорциуми (КҚК) нинг ВПУ-2 сузувчи терминал қурилмасига ҳужум қилди. Қозоғистон нефт экспортининг 80 фоиздан ортиғи ўтадиган бу иншоотни бундан кейин ишлатиш имконсиз бўлиб қолди.
Бир кун олдин Украина денгиз дронлари Гамбия байроғи остида Новороссийскка юк олиш учун йўл олган Россиянинг «соя флоти»га мансуб «Каирос» ва «Вират» номли икки танкерга зарба берган эди. Украина Хавфсизлик Хизмати томонидан эълон қилинган видеоларда пилотларсиз қайиқлар катта тезликда кемалар корпусига урилиб, кучли портлашлар ва ёнғинларни келтириб чиқаргани кўрсатилган.
Киев учун бу Россия ҳарбий иқтисодиётини издан чиқариш стратегиясининг мантиқий давомидир. Нурсултон учун эса — давлат бюджетининг учдан бир қисми боғлиқ бўлган ўша экспорт артериясининг нақадар мўртлиги ҳақидаги кўнгилсиз эслатмадир.
Саломга яраша алик
Қозоғистоннинг муносабати кутилганидек кескин бўлиб, узоқ куттирмади. Республика Ташқи ишлар вазирлиги расмий норозилик билдириб, содир бўлган воқеани «фуқаролик объектига қарши учинчи тажовуз акти»деб таърифлади.
«Биз содир бўлган воқеани Қозоғистон ва Украина ўртасидаги икки томонлама муносабатларга зарар етказувчи ҳаракат сифатида баҳолаймиз», - деди Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров.
Астана КҚКнинг халқаро энергетика лойиҳаси эканини, унинг фаолияти халқаро ҳуқуқ нормалари билан кафолатланганлигини таъкидлади ва унинг объектларига ҳар қандай куч ишлатиш глобал энергия хавфсизлиги учун тўғридан-тўғри хавф туғдиришини қайд этди.
Украинанинг жавоби ҳам қатъиятли бўлди. Киевдаги ТИВ Украина томонининг ҳаракатлари «Қозоғистон ёки бошқа учинчи томонларга қарши қаратилмагани», - балки БМТ Низомининг 51-моддасига мувофиқ ўзини ҳимоя қилиш доирасида амалга оширилаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, украиналик дипломатлар Россиянинг Украина аҳолисига берган зарбаларига Қозоғистоннинг муносабат билдирмаганидан норозилик изҳор этишди.
Дипломатик ноталар алмашинуви Остона учун ноқулай ҳақиқатни юзага чиқарди: замонавий можароларда бетарафлик миллий манфаатларнинг дахлсизлигини кафолатламайди.
Заифликнинг баҳоси
Рақамлар ўз-ўзидан сўзлайди. 2024 йилда КҚК орқали тахминан 30 миллиард долларлик 55 миллион тонна Қозоғистон нефти ўтган. Бу мамлакат жами нефт экспортининг 80 фоизини ташкил этади. Ушбу даромаднинг учдан бир қисми — 10 миллиард доллардан ортиғи давлат бюджетига тушади ва бу республиканинг барча солиқ тушумларининг қарийб 20 фоизини ташкил этади.
Учта сузувчи терминал қурилмасидан бирининг ишдан чиқиши қувватнинг учдан бир қисми автоматик равишда йўқолишини англатмайди. Бироқ, мутахассислар экспорт камида 20 фоизга камайишини башорат қилмоқда — бу ҳар ойда тахминан 500 миллион доллар йўқотиш дегани.
Мантиқ оддий: агар тўхташ етти кундан ортиқ давом этса, омборлар тўлиб кетади ва конларда қазиб олишни тўхтатишга тўғри келади. Бу эса нефт компаниялари учун нафақат бевосита йўқотишларни, балки бюджетга солиқ тушумларининг қисқаришини ҳам англатади.
Вазият шуниси билан мураккаблашадики, КҚК орқали келадиган нефтнинг асосий ҳажми учта энг йирик кон — Тенгиз, Қашаған ва Қарачағанакда қазиб олинади. Бу конларни Америка компаниялари Chevron ва ExxonMobil, Европа компаниялари Shell, Eni ва Total иштирокидаги консорциумлар ишлаб чиқармоқда. Айнан шу компаниялар Қозоғистоннинг энг йирик солиқ тўловчилари ҳисобланади.
Каспий қирғоқларидан муқобил вариант
Ҳужумдан кейинги кун Қозоғистон Энергетика вазирлиги нефт экспорти ҳажмини муқобил йўналишларга йўналтириш режасини «шошилинч тартибда» фаоллаштирилганини эълон қилди. Аммо қайси йўналишлар назарда тутилмоқда?
Назарий жиҳатдан Қозоғистон учта йўналишдан фойдаланиши мумкин: Россия орқали ўтадиган Атираю-Самара нефт қувури, Хитойга борадиган Атасу-Алашанков нефт қувури ва Каспий орқали ўтадиган Боку-Тбилиси-Жайхон (БТЖ) нефт қувури.
Биринчи вариант аниқ сабабларга кўра инкор этилади - бу худди ўша хавф-хатарларга эга бўлган Россия ҳудуди. Иккинчиси Пекин билан музокаралар олиб боришни ва Ғарб компанияларининг Хитойга нефть етказиб беришга розилигини талаб қилади. Қозоғистон узоқ вақтдан бери стратегик деб ҳисоблаб келаётган БТЖ йўналиши қолмоқда.
«БТЖ орқали йўналиш Қозоғистон учун стратегик аҳамиятга эга, чунки у экспорт йўналишларини хилма-хил қилиш ва етказиб беришнинг алоҳида йўналишларига қарам бўлишни камайтиришга ёрдам беради», - дея таъкидлаган эди октябр ойида Қозоғистон энергетика вазири ўринбосари Санжар Жаркешов.
2006 йилда ишга туширилган Боку-Тбилиси-Жайхон нефт қувури Озарбайжон пойтахтидан Туркиянинг Ўрта ер денгизи соҳилигача 1768 километрга чўзилган. Унинг лойиҳавий қуввати — йилига 50 миллион тонна — назарий жиҳатдан Қозоғистон экспортининг сезиларли қисмини ўз ичига олиши мумкин.
ҚазМунайГаз ва Озарбойжоннинг SACAR компанияси ўртасида транзит бўйича бош келишув имзоланган 2022 йилдан бери Боку-Тбилиси-Жайхон орқали 3,4 миллион тоннага яқин Қозоғистон нефти ўтган. Бу КҚК орқали ўтган 55 миллион тонна билан солиштирганда ҳали ҳам денгиздан бир томчи, холос.
Нима учун Боку-Тбилиси-Жайхон ҳанузгача тўлақонли муқобилга айланмади?
Сабаблар бир нечта ва уларнинг барчаси иқтисодиёт ва логистикага бориб тақалади. Биринчиси - нарх. БТЖ бўйича нефтни ташиш КҚК бўйича 5 долларга нисбатан бир баррел учун тахминан 15 долларга тушади. Уч карра фарқ нефт компаниялари учун рентабелликка ва бюджетга солиқ тушумларига жиддий зарба бўлади.
«КҚК қозоғистонлик юк жўнатувчиларга БТЖга қараганда 3 баравар арзонроқ тушади. Бу Қозоғистон эмас, балки юк жўнатувчилар ўзлари учун энг мақбул йўналишни танлашади», - дейди эксперт Нурлан Жумагулов.
Иккинчи муаммо — нефт сифати. Озарбойжон БТЖга енгил кам олтингугуртли нефт етказиб беради, Қозоғистон оғирроқ ва олтингугуртли нефт қазиб олади. Турли навларни аралаштириш технологик қийинчиликларни келтириб чиқаради.
Учинчиси — Каспий логистикаси. Нефт БТЖга тушиши учун уни аввалига танкерларда Атираю ва Ақтау шаҳарларидан Бокуга етказиш керак. Ёки Каспий денгизи тубида сув ости қувурини қуриш — йиллар давомида муҳокама қилинган, аммо ҳозирча қоғозда қолиб кетаётган лойиҳа.
«Саккиз компания иштирокидаги ишчи гуруҳ бир йилдан бери Бокуга нефт экспорти бўйича қўшимча йўналишни кўриб чиқмоқда. Акциядорлар фақат имкониятни ўрганмоқда», - дейди Жумагулов.
Ниҳоят, тўртинчи муаммо — қувватлар. БТЖдан кенг миқёсда фойдаланиш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинган тақдирда ҳам, янги инфратузилма Каспий қувурлари консорциумини тўлиқ алмаштира олмайди. Гап КҚК орқали ҳозирги 70 миллион тоннага нисбатан кўпи билан 20 миллион тонна ҳақида кетмоқда.
Ўрта коридор: янги воқелик
КҚК ва Қора денгиздаги танкерларга уюштирилган ҳужумларни фақатгина Россия-Украина можароси доирасидаги ёндош зарарлар деб бўлмайди. Бу Евроосиё логистикасининг тубдан ўзгараётгани ҳақидаги кучли сигналдир.
Қора денгиз йўналишлари тобора хатарлироқ бўлиб бормоқда. Россия ишончли транзит маркази мақомини йўқотмоқда. Бундай шароитда Марказий Осиёдан Каспий, Жанубий Кавказ ва Туркия орқали Европага чиқадиган транспорт йўлаги — Ўрта коридорнинг аҳамияти табиий равишда ортиб бормоқда.
БТЖ бу тизимнинг элементларидан бири, холос. Бунга Боку ва Тбилиси орқали Грузиянинг Поти ва Батуми портларига борадиган темир йўл йўналишлари, Каспий паром ўтиш жойлари, автомобил йўлаклари киради. 2021 йилдан 2024 йилгача Ўрта коридор орқали юк ташиш ҳажми беш баробардан кўпроқ — йилига 840 минг тоннадан 4,5 миллион тоннагача ошди.
Туркия ўзини Осиё ва Европа ўртасидаги асосий транзит маркази сифатида фаол тарғиб қилмоқда. Озарбойжон Каспий денгизидаги порт инфратузилмасини ривожлантирмоқда ва темир йўлларни замонавийлаштирмоқда. Грузия ўз портларининг ўтказиш қобилиятини кенгайтирмоқда.
Украинанинг Россия нефт инфратузилмасига зарбалари шундоқ ҳам тезлашиб бораётган жараёнларни янада жадаллаштирмоқда. Минтақадаги энг йирик нефт ишлаб чиқарувчи Қозоғистон танлов қилиши керак ва буни тезда амалга ошириши лозим.
Импровизация ўрнига стратегия
«Бугунги воқеа КҚКнинг муаммоси эмас. Бу стратегия муаммоси», - дея хулоса қилади таҳлилчи Абзал Наримбетов. Сўнгги 3-3,5 йил ичида нефт экспортининг муқобил йўналишларини ривожлантиришда бирорта ҳам сезиларли ютуққа эришилмади, гарчи вазият бунинг аксини талаб қилган бўлса-да.
2013 йилда Қозоғистон нефт экспортининг 40 фоизи КҚКга тўғри келган. 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 81 фоизга етди. Монополия йилдан-йилга ўсиб борди, муқобил йўналишлар лойиҳалари эса меморандумлар ва ишчи гуруҳлар даражасида қолиб кетди.
Энди Қозоғистон ҳажмларни фавқулодда қайта йўналтиришга мажбур, аммо уларни қайта йўналтиришнинг деярли иложи йўқ. Арзон ечимлар даври ўтди. Каспий логистикасини кенгайтириш, БТЖ орқали барқарор йўлак яратиш, шарқий йўналишни кучайтириш ва гибрид танкер-қувур моделини ўз ичига олган тизимли узоқ муддатли диверсификация дастури зарур. Фақатгина ният баёнотлари билан эмас, балки аниқ қувватлар билан.
Қора денгиздаги Украина денгиз дронлари нафақат уруш олиб бориш тактикасини ўзгартирди. Улар Евроосиёнинг иқтисодий географиясини ҳам ўзгартирди. Ва бу жараёнларнинг марказида бўлган Қозоғистон янги воқеликка - энергетика йўналишлари хавфсизлиги ҳар қачонгидан ҳам қимматроқ бўлган воқеликка мослашиши керак бўлади.
Масала энди Боку-Тбилиси-Жайхон Каспий қувурлари консорциумига тўлақонли муқобил бўладими ёки йўқлигида эмас. Масала шундаки, минтақа янги таҳдидларга бардош бера оладиган кўп тармоқли маршрутлар тизимини қанчалик тез ярата олади. Чунки кейинги ҳужум «агар» эмас, «қачон» масаласидир.





