add

Андижон ва Фарғонада субсидия пуллари талон-тарож қилингани фош бўлди

2023–2024 йилларда ажратилган субсидияларнинг Андижонда 33, Фарғонада 15 фоизи ўзлаштирилгани ва мақсадсиз сарфлангани аниқланди. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Андижон ва Фарғонада субсидия пуллари талон-тарож қилингани фош бўлди

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг хабар беришича, Андижон ва Фарғона вилоятларида субсидия пулларининг мақсадсиз ишлатилгани бўйича ўрганишлар ўтказилганди. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 22 июлдаги 307-сон қарорига асосан ажратилган маблағлар устидан назорат етарли бўлмаган.

Андижон вилоятида 7,8 млрд сўмлик субсидиядан 2,6 млрд сўми ноқонуний ишлатилган. Бу — жами маблағнинг 33,3 фоизини ташкил этади. Шунинг 1,8 млрд сўми тўғридан тўғри ўзлаштириб юборилган. Бундан ташқари, 792 млн сўмлик маблағ ижтимоий шартнома талаблари бажарилмагани туфайли йўққа чиққан.

Ҳудудлар кесимида Балиқчи, Улуғнор, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Шаҳрихон, Хонобод ва Избоскан туманларида ўнлаб касаначилар номидан субсидия олиб, уларнинг бандлигини таъминламаган юридик шахслар аниқланган. Айрим ҳолларда асбоб-ускуналар умуман етказилмаган, айрим ҳолларда эса нархга ноқонуний устама қўшилган.

Фарғона вилоятида эса 9,3 млрд сўмлик субсидиядан 1,4 млрд сўмдан зиёд қисми ўғирланган. Бу — умумий маблағнинг тахминан 15 фоизини ташкил этади. Учкўприк, Риштон, Боғдод, Бешариқ, Фарғона, Данғара туманлари ва Қўқон шаҳридаги тадбиркорлар томонидан касаначилар номига берилган асбоб-ускуналарни ҳақиқатда етказмаган ҳоллар қайд этилган.

Шунингдек, айрим фуқароларга икки марта субсидия берилган, олдин бошқа дастурлар бўйича маблағ олганлар яна маблағга эга бўлган. Бу орқали яна 335 млн сўм бюджет маблағи асоссиз равишда ажратилган.

Ҳар икки вилоятда Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўлимлари ҳамда маҳаллий ҳоким ёрдамчилари ўз вазифаларини лозим даражада бажармаган. Қонунбузарлик ҳолатлари асосида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Президент раислигида ўтган йиғилишда 2026 йилда самарасиз субсидиялар ва имтиёзлар бекор қилиниши тилга олингани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Андижон ва Фарғонада субсидия пуллари талон-тарож қилингани фош бўлди | Vaqt.uz