Англияда 2009-йилдан кейин туғилганларга сигарет сотиш умрбод тақиқланади

Бугун 08:252 дақиқа

Сигарет сотиб олиш учун рухсат этилган ёш ҳар йили бир йилга ошиб боради. Бу дегани, мазкур авлод улғайса ҳам, қонуний сотиб олиш ёшига ҳеч қачон ета олмайди.

Англияда 2009-йилдан кейин туғилганларга  сигарет сотиш умрбод тақиқланади

Англия Парламенти ҳозирда 17 ёш ва ундан кичик бўлган болаларнинг умр бўйи сигарет сотиб олишини тўсиб қўядиган «Тамаки ва электрон сигаретлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича якуний келишувга эришди. Қироллик тасдиғидан сўнг кучга кирадиган ушбу қонунга кўра, 2009 йил 1 январдан кейин туғилган болаларнинг ҳаётлари давомида қонуний равишда тамаки ва тамаки маҳсулотларини сотиб олишлари тақиқланади.

Тақиқ ҳақида

Янги тартибга кўра, ҳозирда 17 ёш ва ундан кичик бўлган болалар, яъни 2009 йил 1 январдан кейин туғилганлар, ҳаётлари давомида қонуний равишда тамаки ва тамаки маҳсулотларини сотиб ололмайдилар. Қироллик тасдиғидан сўнг кучга кирадиган қонун билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тамаки ва никотин маҳсулотларининг қадоқланишидан тортиб, таъмларигача бўлган кенг доирада тартибга солиш ваколатига эга бўлади.

Мамлакатда олдини олиш мумкин бўлган ўлим ва касалликларнинг энг катта сабабларидан бири сифатида кўрсатилаётган сигарет чекишга қарши бошланган ушбу сафарбарлик жамоат жойларидаги чекловларни ҳам кенгайтирмоқда. Электрон ва оддий сигаретлардан фойдаланиш болалар бўлган транспорт воситаларида, ўйин майдончаларида, мактаб атрофида ва шифохона киришларида тақиқланади. Бироқ барлар, соҳиллар ва хусусий очиқ жойлар ҳамда турар жойларнинг ички қисми тақиқ доирасидан ташқарида қолдирилди.

Муҳокама

Соғлиқни сақлаш вазири Баронесса Меррон лойиҳанинг парламентдаги жараёни якунлангани муносабати билан: «Бугун тушдан кейин ушбу лойиҳанинг парламентдаги саёҳати ниҳоясига етганини билдираман. Бу инқилобий қонун бўлиб, тутунсиз авлодни яратади. Аслида, бу бир авлоддаги энг катта соғлиқни сақлаш аралашувидир ва барча ҳурматли лордларга бу қонун ҳаётларни сақлаб қолишини айта оламан», — деди.

Консерваторларнинг собиқ вакили Лорд Найсби қонун чакана савдо соҳаси бош бўлган кўплаб қатламларни безовта қилганини таъкидлаб: «Аслида бизга керак бўлган нарса — одамларни сигарет чекишни бошламасликка қандай ўргатишни тушунишдир», — деди.

Нодавлат ташкилотлар ҳам ушбу ҳуқуқий тартибни мамлакат соғлиғи келажаги учун бурилиш нуқтаси сифатида баҳоладилар. «Asthma + Lung UK» ташкилотидан Сара Слит қонуннинг қабул қилиниши аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш йўлида катта имконият эканини билдирди.

«Ҳукумат чекувчиларни чекишни ташлаш бўйича кенг қамровли ёрдам билан таъминлаши ва уларнинг чеккада қолиб кетмаслигини таъминлаши керак. Тамаки саноати эса Бирлашган Қироллик бўйлаб ушбу хизматларни молиялаштириб, етказган зарарини солиқ орқали қоплаши керак», — деди Слит.

Теглар

Мавзуга оид