Logo

«Анор банк» ижтимоий тармоқларда тарқалган видео юзасидан муносабат билдирди

Бугун 13:452 дақиқа

«Анор банк» ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодаги айбловларни банк обрўсига путур етказувчи, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва манипулятив деб баҳолаб, улар юзасидан ҳуқуқий чоралар кўрилиши мумкинлигини маълум қилди.

«Анор банк» ижтимоий тармоқларда тарқалган видео юзасидан муносабат билдирди © yandex maps

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда «Анор банк» ҳақида «халқнинг ҳисобига бойиётган банк» мазмунидаги видеоролик тарқалган эди. Ушбу видео юзасидан банк расмий муносабат билдирди.

Баёнотда айтилишича, видеода келтирилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди, манипулятив даъволарни ўз ичига олади ҳамда банкнинг ишчанлик обрўсига путур етказади.

Банк таъкидлашича, видеода ишлатилган «халқ ҳисобидан бойиётган», «49 фоизлик йиллик қуллик», «одамларни умрбоқий қарз ботқоғига ботирувчи тизим» каби иборалар ҳиссий баҳоловчи мулоҳазалар бўлиб, улар банк фаолиятининг ҳақиқий мазмунини акс эттирмайди.

Шу билан бирга, банк акцияларининг шартлари, лимитлари ёки комиссиялари атайлаб яширилаётгани ҳақидаги даъволар ҳам ҳақиқатга тўғри келмаслиги қайд этилган.

Баёнотга кўра, банк маҳсулотларининг барча шартлари, жумладан фоиз ставкалари, комиссиялар ва бошқа талаблар қонунчиликка мувофиқ эълон қилинади. Мижозлар шартнома имзолашдан олдин ушбу маълумотларни тўлиқ кўриб чиқиш ва улар билан танишиш имкониятига эга.

Шунингдек, «Анор банк» реклама материалларидан бири бўйича ваколатли органдан кўрсатма олганини ва уни ўз вақтида бажарганини тасдиқлади. Банкнинг таъкидлашича, регуляторнинг эътирози акция шартларининг яширилганига эмас, балки муайян реклама материали расмийлаштирилишига тааллуқли бўлган.

Баёнотда банк ўз фаолияти ҳақида нотўғри тасаввур шакллантириш ва унинг обрўсига путур етказувчи маълумотларни тарқатишга қаратилган ҳаракатларни манипуляция деб баҳолаган.

Шунингдек, видеоролик муаллифи бўлган журналистга судгача бўлган расмий талабнома юборилгани маълум қилинди. Банк келгусида ҳам ўзига нисбатан ҳақиқатга мос келмайдиган ва ишчанлик обрўсига зарар етказувчи маълумотлар тарқатилса, қонунчиликда назарда тутилган барча ҳуқуқий чораларни қўллашини билдирди.

«Биз мижозларимиз ва жамоатчиликни бундай материалларга танқидий ёндашишга ҳамда фақат банкнинг расмий манбаларида эълон қилинган маълумотларга ишонишга чақирамиз. Оммавий ахборот воситалари вакиллари, ахборот платформалари маъмурлари ҳамда Телеграм-каналлар эгаларига мурожаат қилиб, факт сифатида тақдим этилган, бироқ текширилмаган баёнотлар ва субъектив фикрларни тарқатмасликни сўраймиз», — дейилади банк баёнотида.

Муносабат сўнггида банк мижозларига билдирган ишончи учун миннатдорлик изҳор қилиб, бундан буён ҳам очиқлик, шаффофлик ва масъулиятли ҳамкорлик тамойилларига содиқ қолишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси «Анор банк»ни ижтимоий тармоқларда қонунга хилоф равишда реклама жойлаштиргани учун жаримага тортган эди.

Теглар

Мавзуга оид

«Анор банк» ижтимоий тармоқларда тарқалган видео юзасидан муносабат билдирди | Vaqt.uz