Солиқ қўмитаси P2P ўтказмаларини назорат қилиш бўйича Марказий банкнинг эътирозларига жавоб қайтарди
Марказий банкнинг йирик P2P ўтказмаларини солиқ назоратига олиш ташаббусини тўғридан-тўғри «Конституцияга зид» деб баҳолагани ортидан, Солиқ қўмитаси баёнот билан чиқди. Қўмита мазкур лойиҳа фуқароларнинг шахсий пуллари устидан оммавий назорат ўрнатишни англатмаслигини айтмоқда.
© Davlat soliq qo'mitasiМарказий банкнинг йирик P2P ўтказмалари ҳақидаги маълумотларни талаб қилиш Конституцияга зид эканлиги тўғрисидаги баёноти ортидан, Солиқ қўмитаси расмий муносабат билдирди. Қўмита регуляторнинг позициясини ҳурмат қилишини ва бу ташаббус фуқаролар устидан оммавий назорат ўрнатишни англатмаслигини таъкидламоқда.
Солиқ қўмитасининг расмий баёнотида банклар билан ҳар қандай ахборот алмашинуви фақат қонун доирасида, банк сирини сақлаш ва фуқароларнинг тизимга бўлган ишончини таъминлаш шарти билан амалга оширилиши лозимлиги қайд этилган.
«Жисмоний шахслар ўртасидаги P2P-ўтказмалар ўз-ўзидан солиқ солиш объекти ҳисобланмайди ва бу фуқароларнинг шахсий ўтказмалари устидан оммавий назорат ўрнатишни англатмайди», — дейилади хабарда.
Шунингдек, қўмита муносабатида Конституциянинг 41-моддасида банк операциялари, омонатлар ва ҳисобварақлар сири қонун билан кафолатланиши белгилангани эътироф этилиб, ушбу масалалар амалдаги «Банк сири тўғрисида»ги қонун ва Солиқ кодекси билан ҳам тартибга солиниши қўшимча қилинган.
Унга кўра, банк мижозининг солиққа оид маълумотлари фақат қонунчиликда назарда тутилган ҳоллардагина тақдим этилиши керак.
«Лойиҳанинг моҳияти банклар билан ўзаро ҳамкорликнинг хавфсиз, аниқ ва халқаро амалиётга мос форматини шакллантиришдан иборат», — дейилади қўмита муносабатида.
Маълум қилинишича, мазкур қарор лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси якунланган. Келиб тушган барча таклифлар, шу жумладан, Марказий банкнинг позицияси ҳам диққат билан ўрганилиб, шундан сўнг тегишли хулосалар чиқарилиши айтилмоқда.
Марказий банкнинг баёноти
Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал Марказий банк Солиқ қўмитасининг бир ой давомида 500 БҲМ (206 млн сўм) дан ортиқ P2P ўтказмалари ҳақидаги маълумотларни солиқ органларига беришни назарда тутувчи лойиҳасига кескин қарши чиққан эди.
Регулятор бундай талаб тўғридан-тўғри Конституциянинг 41-моддасига (банк операциялари ва омонатларнинг сир тутилиши) зид эканлигини таъкидлаган. Марказий банк, шунингдек, ушбу назорат механизми нақд пул айланмасининг ошишига, маблағларнинг банк тизимидан ташқари норасмий муомалага ўтишига ва мамлакатда яширин иқтисодиёт улушининг ўсишига олиб келишидан огоҳлантирган эди.





