add

АҚШ 30 дан ортиқ мамлакат фуқароларига саёҳат тақиқини жорий этмоқчи

Бугун 13:254162 дақиқа

Вашингтон миграция хавфсизлигини кучайтириш мақсадида виза ва саёҳат чекловлари қўлланиладиган давлатлар рўйхатини кенгайтиришни режалаштирмоқда.

АҚШ 30 дан ортиқ мамлакат фуқароларига саёҳат тақиқини жорий этмоқчи

АҚШ 30 дан ортиқ мамлакат фуқароларига нисбатан саёҳат ва виза чекловларини жорий этиши мумкин. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик вазири Кристи Ноем 4 декабр куни Fox News телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Унга кўра, президент Доналд Трамп маъмурияти чекловлар қўлланиладиган мамлакатлар сонини 32 тагача ошириш масаласини кўриб чиқмоқда. Янгиланиши кутилган тартиб ҳам иммигрантлар, ҳам иммигрант бўлмаганларга — саёҳатчилар, талабалар ва бизнес вакилларига тенг равишда татбиқ этилади.

Вазирнинг айтишича, рўйхатдаги мамлакатлар аниқ сони ҳали белгиланмаган, аммо давлатларни баҳолаш жараёни давом этмоқда. У чекловлар қўйилиши мумкин бўлган мамлакатларни тилга олмаган, бироқ асосий сабабларни тушунтирган. Ноемга кўра, агар бирор давлатда барқарор ҳукумат бўлмаса ёки у ўз хавфсизлигини таъминлай олмаса, АҚШ ундай мамлакат фуқароларининг келишига қўшимча чекловлар жорий этиши керак.

Маълумот учун, июн ойида президент Трамп 12 та мамлакат фуқароларининг АҚШга киришини тўлиқ тақиқловчи, яна 7 мамлакат учун чекловлар ўрнатувчи фармонни имзолаганди. Ушбу чоралар «хорижий террористлар» ва бошқа хавфсизлик хатарларидан ҳимоя мақсадида қабул қилинган.

Рўйхатнинг яна кенгайишига ўтган ҳафта Оқ уй яқинида икки нафар Миллий гвардиячи отиб ўлдирилгани ҳам таъсир кўрсатган. Мазкур ҳодисадан сўнг Трамп миграция сиёсатини янада қаттиқлаштириши ҳақида маълум қилди. Шунингдек, бир неча кун аввал 19 мамлакат фуқароларининг АҚШга доимий яшаш учун ариза қабул қилиш жараёнлари ҳам вақтинчалик тўхтатилган эди.

Теглар

Мавзуга оид