АҚШ Нигерияга дронлар ва ҳарбийлар юборди

Бугун 17:401 дақиқа

АҚШ Нигерияда аксилтеррор амалиётларини кучайтириш мақсадида 200 нафарга яқин ҳарбий ва замонавий разведка дронларини жўнатди.

АҚШ Нигерияга дронлар ва ҳарбийлар юборди

АҚШ Нигерияга разведка имкониятларини кучайтириш учун дронлар ва 200 нафарга яқин ҳарбий хизматчисини юборди. Бу ҳақда хавфсизлик хизматларига таяниб маҳаллий нашрлар хабар қилди. Қайд этилишича, ушбу қадам Нигерия ҳукуматининг илтимоси асосида амалга оширилган.

Юборилган техника орасида MQ-9 Reaper туридаги замонавий учувчисиз разведка аппаратлари ҳам мавжуд. Ушбу чоралар Чад кўли атрофида фаоллашган экстремистик гуруҳларга қарши кураш доирасида амалга оширилмоқда.

Америкалик ҳарбийлар вазифаси

Манбаларга кўра, америкалик ҳарбийлар тўғридан-тўғри жангларда иштирок этмайди. Улар асосан разведка маълумотларини йиғиш ва кузатув ишлари билан шуғулланади. Нигерия кучлари эса бундай техник ва ахборот ёрдамига эҳтиёж сезмоқда.

Аввалроқ, 16 феврал куни 100 нафарга яқин америкалик ҳарбий хизматчи Нигерияга етказилган эди. Улар ҳарбий-транспорт самолёти орқали мамлакатнинг шимоли-шарқидаги Борно штати маркази Майдугури шаҳрига жойлаштирилган.

Кузатувчилар фикрича, АҚШ Нигерия ҳудудида разведка дронлари базасини яратишни режалаштирмоқда. Бу орқали мамлакат Саҳел минтақасидаги вазиятни назорат қилиш имкониятини кенгайтиришга интилаётгани қайд этилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид