add

АҚШ разведкаси Путин қароргоҳига дронлар ҳужумни тасдиқламади

АҚШ разведкаси Украина Қуролли кучлари Путин резиденциясини нишонга олмагани ва ҳужум ҳақидаги Россия даъволарига бирорта далил йўқлигини маълум қилди.

АҚШ разведкаси Путин қароргоҳига дронлар ҳужумни тасдиқламади

АҚШ махсус хизматлари 29 декабр куни Украина Қуролли кучлари Россия президенти Владимир Путин резиденциясига ҳужум қилмаган, деган хулосага келди. Бу ҳақда Америка расмийларга таянган ҳолда The Wall Street Journal хабар бермоқда.

Манбаларга кўра, Украина томони Новгород областида жойлашган ҳарбий объектни нишонга олган бўлиб, мазкур объект Валдайдаги президент резиденцияси яқинида жойлашмаган. АҚШ разведкасида Путинни ўлдириш ёки унинг қароргоҳини нишонга олиш режаси ҳақида маълумотлар йўқ.

31 декабрь куни АҚШ президенти Доналд Трамп ижтимоий тармоқда Россиянинг «ҳужум» ҳақидаги баёнотлари тинчлик жараёнига тўсқинлик қилаётгани ҳақидаги мақолага ишора қилди. WSJ манбасининг айтишича, бу пост Марказий разведка бошқармаси раҳбари Жон Рэтклифф Трампга разведка хулосаларини тақдим этганидан сўнг эълон қилинган.

Кремл аввалроқ ҳужумга оид далилларни тақдим этишдан бош тортган эди. Кейинроқ Россия Мудофаа вазирлиги АҚШ томонига техник экспертиза материаллари юборилишини маълум қилди ва дронлардан бири президент резиденцияси объектини нишонга олганини даъво қилди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров биринчи бўлиб Валдай қароргоҳига ҳужум қилингани ҳақида баёнот бериб, Москва музокаралардаги позициясини қайта кўриб чиқишини айтган эди. Унинг таъкидлашича, ҳужумда гўёки 91 та дрон қатнашган.

Бироқ Россия Мудофаа вазирлигининг ўша кунги расмий ҳисоботларида Новгород области устида 41 та дрон йўқ қилингани айтилган. Кейинроқ қолган дронлар Брянск ва Смоленск областлари узра уриб туширилгани маълум қилинди, ҳолбуки бу ҳудудлар Новгород областлари билан чегарадош эмас.

Украина президенти Володимир Зеленский ҳамда ТИВ раҳбари Андрий Сибига Россиянинг баёнотларини уйдирма деб атаб, Москва бу орқали Киевга зарбаларни оқлаш ва тинчлик музокараларига путур етказишни кўзлаётганини билдирган.

Теглар

Мавзуга оид