АҚШнинг урушни тугатиш бўйича таклифлари қандай ва Эрон уларга рози бўладими?
Эрон глобал энергия инқирозига сабаб бўлган АҚШ-Исроил урушини тугатиш бўйича АҚШ таклифини кўриб чиқаётганини маълум қилди.
aljazeera.com | © aljazeera.comЭрон Америка Қщшма Штатларининг тинчлик таклифини кўриб чиқаётганини билдирди. «Al Jazeera» манбаларига кўра, ушбу таклиф урушга расман якун ясаши кутилмоқда, бироқ Эроннинг ядровий дастурини тўхтатиш ва Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш каби АҚШнинг асосий талаблари ҳали ҳал этилмаган.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби 6 май куни Теҳрон ўз жавобини етказишини айтди. АҚШ Президенти Доналд Трамп Эрон келишув истаётганига ишонишини билдирди.
«Улар келишув тузишни хоҳлашади. Охирги 24 соат ичида жуда яхши музокаралар олиб бордик ва келишувга эришишимиз эҳтимоли жуда юқори», — деди Трамп 6 май куни Овал кабинетда журналистларга.
Бундан бир кун аввал Трамп тинчлик музокараларидаги силжишни важ қилиб, қамал қилинган бўғозни қайта очишга қаратилган «Project Freedom»ни тўхтатиб турди. Сув йўлининг де-факто блокадаси глобал рецессия хавфини туғдирмоқда. Эрон дунё нефт ва газ таъминотининг бешдан бир қисми ўтадиган Ҳўрмуз бўғозини ўз назоратида сақлаб қолишга интилмоқда.
АҚШнинг сўнгги таклифи нималардан иборат?
Американинг «Axios» нашри хабарига кўра, томонлар 14 банддан иборат ҳужжат бўйича келишишга яқин туришибди. Ушбу меморандумга биноан, Эрон ядровий қурол ишлаб чиқармасликка ва уранни бойитишни камида 12 йилга тўхтатишга рози бўлади.
АҚШ санкцияларни бекор қилади ва Эроннинг музлатилган миллиардлаб долларлик активларини қайтаради. Ҳўрмуз бўғозида ўзаро блокада ўрнатган ҳар икки томон имзоланганидан кейин 30 кун ичида муҳим сув йўлини қайта очади.
Эрон ўнлаб йиллар давомида АҚШ санкциялари остида қолди. 2015 йилги ядровий келишув доирасида бекор қилинган баъзи санкциялар Трамп ўз ўтмишдоши Барак Обама даврида имзоланган тарихий келишувдан чиққанидан кейин қайта тикланган эди. Эроннинг миллиардлаб долларлик маблағлари хорижий банкларда музлатилган ҳолда қолмоқда.
Ушбу меморандумнинг Эрон томонидан ўтган ҳафта таклиф қилинган 14 бандлик режадан нимаси билан фарқ қилиши ҳозирча номаълум.
«Reuters» агентлигининг пайшанба куни воситачилик жараёнидан хабардор манбага таяниб хабар беришича, АҚШ томонидан музокараларни Трампнинг вакили Стив Уиткофф ва куёви Жаред Кушнер олиб бормоқда. Агар иккала томон дастлабки келишувга рози бўлса, бу тўлиқ битимга эришиш учун 30 кунлик батафсил музокараларни бошлаб беради.
Якуний келишув бўғоздаги ўзаро блокадаларни тугатади, АҚШ санкцияларини бекор қилади ва Эроннинг музлатилган маблағларини озод қилади. Шунингдек, у БМТнинг ядровий назорат органи томонидан рухсат берилган Эрон ядровий дастурига маълум чекловларни ўз ичига олади.
Манбалар меморандум дастлаб ҳеч қайси томондан ён беришни талаб қилмаслигини айтган бўлса-да, Вашингтон илгари сурган баъзи муҳим талаблар тилга олинмаган. Булар қаторига Эроннинг ракета дастурини чеклаш ва Яқин Шарқдаги қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиш киради.
Шунингдек, манбалар Эроннинг 400 килограммдан ортиқ қурол даражасига яқин бойитилган уран захираси ҳақида тўхталмаган.
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу 6 май куни икки етакчи Эроннинг ядровий бомба ишлаб чиқаришига йўл қўймаслик учун барча бойитилган уран Эрондан чиқариб ташланиши кераклиги борасида келишиб олганини айтди.
АҚШ ва Исроил ўтган йилнинг июн ойида 12 кунлик уруш пайтида Эроннинг ядровий объектларини бомбардимон қилган эди. Ўшанда Трамп Теҳроннинг ядровий дастури йўқ қилинганини даъво қилганди. Бироқ Эроннинг бойитилган уран захирасининг катта қисми бомбаланган ядровий майдонлар ичида кўмилган ҳолда қолмоқда.
Теҳрон ядровий қуролга эга бўлиш истагини рад этади. У ўз дастури фақат тинч мақсадлар учун эканини таъкидлаб келади.
Эрон ушбу таклифга рози бўлиши мумкинми?
Эрон АҚШнинг сўнгги таклифига ҳали расмий жавоб бергани йўқ. Бироқ Эрон раҳбарлари унга қарши чиқишмоқда.
Эронлик депутат Иброҳим Ризоий ҳужжат матнини «ҳақиқатдан кўра кўпроқ Американинг орзулар рўйхати» деб таърифлади.
Эрон парламенти спикери Муҳаммад Бақир Қолибоф икки томон келишувга яқинлиги ҳақидаги хабарларни масхара қилиб, «Operation Trust Me Bro failed» деб ёзиб қолдирди.
«Al Jazeera» мухбири Расул Сердар Атаснинг Теҳрондан хабар беришича, Эрон ҳали ҳам таклифни ўрганмоқда ва жавоб бугун Покистонлик воситачиларга топширилиши кутилмоқда.
Покистон Ташқи ишлар вазирлиги 7 май куни Эрон ва АҚШ ўртасидаги эҳтимолий келишув ҳақидаги хабарларни олқишлашини билдирди.
«Воситачи сифатида биз тафсилотларни очиқлаш орқали ҳар икки томоннинг ишончини йўқотмаймиз», - дейилади «Al Jazeera Arabic» томонидан келтирилган баёнотда.
Аташнинг сўзларига кўра, эронликлар ҳозирги босқичда ядровий дастур бўйича музокара ўтказишмаяпти, гап фақат барча фронтларда урушни тугатиш ҳақида кетмоқда.
«Агар бунга эришилса, иккинчи босқичда улар ядровий дастурини муҳокама қилишга тайёр», - деди у.
«Al Jazeera» мухбири Алмигдад Алрухайднинг хабар беришича, Эрон ядровий масалада жуда қатъий қизил чизиқ белгилаган.
«Ядровий бойитиш дастури музокара қилинмайди», - деди у.
АҚШ Давлат котибининг собиқ ёрдамчиси Марк Киммитнинг фикрича, Трампнинг Эрондан уран бойитишни тўлиқ тўхтатишни талаб қилиши реалликдан йироқ.
«Агар эронликлар нимададир қатъий туриб оладиган бўлса, бу уларнинг уранни 3,67 фоиз даражагача бойитиш ҳуқуқидир», - деди у «Al Jazeera»га.
Эрон 2018 йилда Трамп келишувдан чиққанидан кейин бойитиш даражасини 60 фоизгача кўтарганди.
Алрухайднинг сўзларига кўра, Ҳўрмуз бўғози устидан суверенитет музокаралар столидаги асосий масалалардан бирига айланмоқда.
«Биз эронликлар назоратни кучайтираётганини кўряпмиз. Улар бўғоздан ўтадиган ҳар бир кема учун янги назорат механизмини жорий қилишмоқда», - дея таъкидлади Алрухайд.
Форс кўрфазидаги АҚШ иттифоқчилари бўғозда кемалар қатновини ҳеч қандай шартларсиз тиклашни талаб қилишмоқда. Эрон 28 феврал куни АҚШ ва Исроил унга ҳужум қилганидан кейин Кўрфаз давлатларидаги АҚШ ҳарбий объектларига ҳужумлар уюштирган эди.
Трамп бир неча бор урушни тугатадиган келишув истиқболлари ҳақида гапирди, аммо ҳозирча муваффақиятга эришмади. Томонлар Эроннинг ядровий амбициялари ва Ҳурмуз бўғози устидан назорат каби мураккаб масалаларда ҳамон турли қарашларга эга.
Покистонлик манба ва музокаралардан хабардор яна бир манбанинг «Reuters» агентлигига маълум қилишича, можарони расман тугатадиган бир саҳифалик меморандум бўйича келишувга жуда яқин келинган.
Ушбу хабарларнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаган.





