Logo

Асосий ставка яна ўзгармади. Сабаблар

Марказий банк асосий ставкани ўзгартирмади. Регулятор бу қарор ортида қандай омиллар тургани, ставка 0,25 фоиз бандлик қадамлар билан ҳам ўзгариши мумкинми ва иқтисодиёт «қизиб кетгани» ҳақидаги саволларга матбуот анжуманида изоҳ берди.

Марказий банк 29 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Регулятор қарорни сўнгги ойларда инфляция пасайиш суръатининг секинлашгани, ички талаб юқорилигича қолаётгани, энергия тарифлари ўзгаришининг иккиламчи таъсирлари ҳамда ташқи иқтисодий ноаниқликлар билан изоҳлади.

Марказий банк маълумотларига кўра, июнь ойида йиллик инфляция 6,4 фоизга етган. Бунга асосан тартибга солинадиган энергия тарифларининг оширилиши ва кўмир нархларининг эркинлаштирилиши сабаб бўлган. Базавий инфляция эса 5,7 фоиз даражасида деярли ўзгармаган.

Шу билан бирга, аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайган. Июнь ойида аҳоли кутилмалари 10,1 фоизни, тадбиркорлар кутилмалари эса 9,9 фоизни ташкил қилган. Бироқ нархлари 5 фоиздан юқори ошган товар ва хизматлар улушининг кўпайиши иқтисодиётда инфляцион босимлар ҳали ҳам сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.

Регулятор 2026 йил якуни бўйича прогнозларини ҳам ўзгартирмади. Унга кўра, йил якунида инфляция 6,5 фоиз, иқтисодий ўсиш эса 7,5–8 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Марказий банк қайд этишича, иқтисодиётда юқори фаоллик сақланиб қолмоқда. Биринчи ярим йилликда ялпи ички маҳсулот реал ҳисобда 8,5 фоизга ўсган. Юқори истеъмол ва инвестицион талаб, шунингдек, йилнинг иккинчи ярмида кутилаётган фискал харажатлар иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаши прогноз қилинмоқда.

Шу билан бирга, геосиёсий кескинликлар, жаҳон бозорларида озиқ-овқат ва хомашё нархларининг ўсиши, логистика харажатларининг ортиши ҳамда ташқи молиявий шароитлардаги ноаниқликлар инфляцияга қўшимча босим ўтказиши мумкинлиги таъкидланди.

Матбуот анжуманида эса журналистлар Марказий банк раҳбариятига қарор ортидаги омиллар ва келгусидаги пул-кредит сиёсати бўйича қатор саволлар берди.

Асосий ставка энди 0,25 фоиз бандга ҳам ўзгариши мумкинми?

Vaqt.uz матбуот анжуманида Марказий банк раҳбариятидан асосий ставка бўйича қарорлар келгусида 0,25 фоиз бандлик босқичма-босқич қадамлар билан ҳам қабул қилиниши мумкинми, деган саволга аниқлик киритди.

Бунга қадар Марказий банк асосий ставкани асосан 1 фоиз бандга, кейинги йилларда эса 0,5 фоиз бандга ўзгартириб келган. Ўтган ҳафта Қозоғистон Марказий банки ставкани 0,25 фоиз бандга пасайтиргани ҳам бу саволга асос бўлди.

Марказий банк вакилига кўра, ставкани қайси миқдорда ўзгартириш олдиндан белгилаб қўйилмайди. Қарор инфляция динамикаси, иқтисодий фаоллик ва прогнозларга қараб қабул қилинади. Зарурат туғилганда ставка 0,25 фоиз бандлик қадамлар билан ҳам ўзгартирилиши мумкин.

Қатъий пул-кредит сиёсати 9–10 фоизлик иқтисодий ўсишга тўсқинлик қилмайдими?

Матбуот анжуманидаги яна бир муҳим савол Президент томонидан белгиланган 9–10 фоизлик иқтисодий ўсиш мақсади билан боғлиқ бўлди.

Марказий банк вакили бундай суръатларга эришиш мумкинлигини, бироқ бунинг учун иқтисодий ўсиш ишлаб чиқариш қувватларининг кенгайиши, инвестициялар самарадорлиги ва меҳнат унумдорлиги ҳисобидан таъминланиши кераклигини таъкидлади.

Унинг фикрича, айнан шундай ўсиш инфляцияни кучайтирмайди ва нархлар барқарорлигини сақлашга хизмат қилади.

Марказий банк иқтисодиётда «қизиш» аломатларини кўряптими?

Биринчи ярим йилликда иқтисодиёт 8,5 фоизга ўсгани фонида журналистлар Марказий банкдан иқтисодиёт «қизиб кетаётгани», яъни ўсиш мамлакатнинг ишлаб чиқариш салоҳиятидан юқори суръатларда кечаётгани кузатилмаяптими, деган саволни ҳам берди.

Марказий банк бу аломатлар мавжудлигини инкор этмади.

Регуляторга кўра, иқтисодиёт ҳозир ўз потенциалидан юқорироқ суръатларда ривожланмоқда. Айнан шу омил ҳам пул-кредит шароитларини ҳозирча қатъий даражада сақлаб туриш сабабларидан бири ҳисобланади.

Энергия тарифларининг иккиламчи таъсири нимада?

Матбуот анжуманида энергия тарифлари ошишининг иккиламчи таъсири ҳақида ҳам савол берилди.

Марказий банк тушунтиришича, гап фақат электр энергияси ёки газ нархларининг ошишида эмас. Тарифлар транспорт ва логистика харажатларини оширади, бу эса вақт ўтиши билан бошқа товар ва хизматлар нархларига ҳам таъсир қилади.

Регулятор айнан шу омил яқин чоракларда инфляциянинг барқарор таркибий қисмларига босим ўтказиши мумкинлигини қайд этди.

Шундай қилиб, Марказий банк бу сафар ҳам эҳтиёткор позициясини сақлаб қолди. Регулятор инфляция хавфлари ҳали тўлиқ бартараф этилмагани, ички талаб юқорилигича қолаётгани ва иқтисодиётдаги юқори фаоллик сабаб асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгартирмади.

Марказий банк учун ҳозирги устувор вазифа инфляцияни 5 фоизлик мақсадга қайтариш бўлиб қолмоқда. Асосий ставка бўйича навбатдаги йиғилиш 2026 йил 16 сентябрь куни бўлиб ўтади.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 170

Барчаси

Мавзуга оид