Logo

«Аср лойиҳаси»: Хитой Россияни Ўзбекистон орқали айланиб ўтмоқда

Қиймати 4,7 миллиард доллар бўлган Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилмоқда. Россияни четлаб ўтиб, Хитойни Европа ва Яқин Шарқ билан боғлайдиган бу стратегик магистрал Қирғизистон ва Ўзбекистон учун улкан иқтисодий имкониятлар очиб, минтақадаги транспорт ва логистика харитасини тубдан ўзгартиради.

«Аср лойиҳаси»: Хитой Россияни Ўзбекистон орқали айланиб ўтмоқда © Ijtimoiy tarmoqlar

Марказий Осиёнинг транспорт ва логистика харитасини тубдан ўзгартиришга қодир бўлган «аср лойиҳаси» — Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши жадал давом этмоқда. Бу йўналиш Хитойга Россияни четлаб ўтиб, Европага чиқишнинг мутлақо янги муқобил йўлини тақдим этади. Қолаверса, мазкур лойиҳа Марказий Осиёнинг географик жиҳатдан ёпиқ ҳудудида жойлашган Қирғизистонга бевосита Каспий денгизи ва Форс кўрфазига чиқиш имконини беради.

Таъкидлаш жоизки, Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистонни ўзаро боғловчи мазкур темир йўл қурилиши 2024 йилнинг декабрида бошланди. Давлатлараро келишувларга мувофиқ, Хитой Қирғизистон билан боғланиш учун 100 километрлик янги темир йўл тармоғини барпо этади, Ўзбекистон эса ўзидаги мавжуд йўлларни тўлиқ модернизация қилади. Янги магистралнинг умумий узунлиги қарийб 500 километрни ташкил этиб, шундан 300 километрдан ортиқ қисми Қирғизистон ҳудудидан ўтади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 4,7 миллиард долларга баҳоланмоқда. Қирғизистон ҳукуматининг маълумотларига кўра, бу маблағнинг тахминан 2,3 миллиард доллари Хитой Давлат тараққиёт банки ва Эксимбанки иштирокидаги консорциум томонидан 35 йил муддатга имтиёзли кредит сифатида ажратилади. Қолган маблағ эса иштирокчи давлатлар томонидан қўшма корхонанинг устав капиталига киритилади. Унда Хитойнинг улуши 51 фоизни, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг улуши эса 24,5 фоизданни ташкил қилади.

Рисунок1

Лойиҳа режасига кўра, янги темир йўл магистрали Хитойни Қирғизистон ва Ўзбекистон орқали Туркманистон билан, ундан кейин эса Эрон ва Туркия орқали Европа билан боғлайди. Назарий жиҳатдан, бу йўналиш бўйлаб ташиладиган юкларнинг бир қисмини Каспий денгизидаги туркман портлари орқали Бокуга, у ердан эса Ўрта йўлакка йўналтириш мумкин бўлади.

Бироқ таҳлилчиларнинг фикрича, асосан Хитой сармояси ҳисобига қурилаётган бу янги темир йўл Пекинга нафақат Ўрта йўлакнинг жанубий тармоғи сифатида, балки Россияни четлаб ўтувчи янги муқобил йўналиш яратиш учун ҳам сув ва ҳаводек зарур. Тўғри, Яқин Шарқдаги бугунги мураккаб вазият Хитойнинг бу режаларини бироз шубҳа остига қўймоқда. Сабаби, йўналишнинг бир қисми ҳозирда йирик транзит тугунидан кўра кўпроқ жанг майдонини эслатаётган Эрон ҳудуди орқали ўтади.

Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудидаги қурилиш ишларини 2028–2030 йилларда якунлаш кўзда тутилган. Агар Эрон, Исроил ва АҚШ ўртасидаги ҳарбий можаролар йиллаб чўзилиб кетмаса, янги йўналиш бўйлаб юк ташиш жараёнини 2030 йилга бориб тўлиқ йўлга қўйиш мўлжалланмоқда. Бу йўл ишга тушгач, Хитойдан Европа ва Яқин Шарққа йилига 15 миллион тонна юк ташиш имконияти яратилади.

Шу билан бирга, Қирғизистон тарихда биринчи марта чекка ва боши берк ҳудуддан Евроосиёнинг тўлақонли логистика марказига айланишдек улкан имкониятни қўлга киритмоқда.

Қирғизистон учун бу — мамлакатни Хитой темир йўл тармоғига тўғридан-тўғри боғловчи ва Ўзбекистон сари янги йўлак очувчи илк йирик магистралдир. Мамлакат раҳбари Садир Жапаров лойиҳани «янгиланган Буюк Ипак йўли» деб атаб, транзитдан давлат бюджетига йилига камида 400–500 миллион доллар соф фойда тушиши мумкинлигини таъкидлади.

Рисунок2

Ўзбекистон учун эса мазкур янги тармоқ Қозоғистон орқали транзит қилмасдан, Хитой билан тўғридан-тўғри темир йўл алоқасини ўрнатиш имконини беради. Президент Шавкат Мирзиёев бу лойиҳани минтақадаги геоиқтисодий вазиятни тубдан ўзгартиришга қодир «аср қурилиши» деб баҳолади.

Жорий йилнинг август ойи бошларида Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов йўл қурилишининг қарийб 17 фоизи якунланганини маълум қилди. Вазирнинг сўзларига кўра, лойиҳа аввал белгиланган беш йиллик муддатдан камида бир йил олдин ишга туширилиши мумкин.

Президент Жапаровнинг таъкидлашича, Қирғизистонда темир йўл қуриш зарурати Совет Иттифоқи тарқалиб кетган кезлардан буён муҳокама қилиб келинса-да, лойиҳани ўнлаб йиллар давомида амалга оширишнинг иложи бўлмаган. 2020 йилда ҳокимиятга келгач, Жапаров Хитойнинг ўша пайтдаги элчиси Ду Девен билан учрашиб, лойиҳани амалда рўёбга чиқаришни таклиф қилганини эслайди.

«Мен Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини бошламоқчиман. Келинг, шу ишга киришайлик. Мутахассисларни чақиринг, техник-иқтисодий асосларни тайёрлаб, лойиҳани ишлаб чиқамиз. Ким қанча сармоя ва қандай шартлар асосида киритишини кўриб чиқайлик. Агар молиялаштиришни ўз зиммангизга олсангиз, бу қандай шартларда ва неча фоизда амалга ошади? Ўзбекистон билан ҳам гаплашамиз», — деган эди у элчига.

Жапаровнинг сўзларига кўра, элчи Хитойнинг Евроосиё маконида жойлашганини, Қирғизистон эса Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо эканини эслатиб, Москванинг позициясини ҳисобга олмай туриб бу лойиҳани амалга ошириб бўлмаслигини тушунтирган. Қолаверса, Хитой томони Торугартгача бўлган қарийб 100 километрлик янги тармоқни ҳам қуриб бериши керак эди.

«Модомики Россия бунга қарши чиқса ва ўз розилигини бермаса, биз мазкур темир йўл қурилишини бошлай олмаймиз», — дея дипломатнинг сўзларидан иқтибос келтирди Қирғизистон раҳбари.

Қирғизистон раҳбарининг таъкидлашича, бу суҳбатдан кейин у Россия президенти Владимир Путин билан ишчи учрашув ўтказишни сўраган. Музокаралар чоғида томонлар нақ 35–40 дақиқа мобайнида фақат шу темир йўл лойиҳасини муҳокама қилган.

Рисунок3

«Хитойнинг ёндашувини ҳам тўғри тушуниш керак. Чунки дунёдаги энг йирик ва қудратли давлатлар — Хитой, Россия ва Америкадир. Улар ўзаро манфаатларни ҳисобга олмай ишлай олмайди. Шу боис Хитой томони бу масалани кўндаланг қўйгач, мен тўғри Владимир Владимировичнинг олдига бордим», — дейди Садир Жапаров.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон магистрали тўлиқ ишга тушгунига қадар Марказий Осиё орқали ўтувчи ва Россияни четлаб ўтадиган асосий маршрут сифатида Ўрта йўлак, яъни Транскаспий халқаро транспорт йўналиши (ТХТЙ) сақланиб қолади. Мазкур йўналиш Хитойни Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбойжон, Грузия ва Туркия орқали Европа билан боғлайди. Бироқ бу яхлит бир темир йўл тармоғи эмас: юклар поездлардан кемаларга ва кемалардан яна вагонларга бир неча бор қайта ортилади. Шунинг учун ташув тезлиги кўп жиҳатдан темир йўл тизими, портлар, Каспийдаги флот ҳамда божхона хизматларининг фаолиятига боғлиқ.

Шунга қарамай, сўнгги йилларда бу йўналиш жадал ривожланиб бормоқда. Аммо йўлакдан ҳамон асосан юкларни Шарқдан Ғарбга ташишда фойдаланилмоқда. Масалан, 2025 йилда қатнаган жами 433 та контейнер поездининг 400 таси Ғарбга, бор-йўғи 33 таси эса ортга қараб ҳаракатланган.

«Озодлик радиоси» Осиё хизматининг ёзишича, айни пайтда Қозоғистон ҳам ўз темир йўлларининг ўтказувчанлигини ошириш устида изчил ишламоқда. Икки давлат ўртасидаги юк айланмасини йилига 28 миллион тоннадан 48 миллион тоннага етказиш мақсадида Хитой чегарасида учинчи темир йўл ўтказиш пункти ва 272 километрлик «Бахти – Аягоз» линияси барпо этилмоқда. Бундан ташқари, Қозоғистон 2028 йилга бориб Каспий денгизидаги савдо флоти таркибини 18 тадан 32 та кемагача кўпайтиришни мақсад қилган.

Рисунок4

Ўрта йўлакни ривожлантириш бўйича бу каби улкан режалар, энг аввало, глобал логистика харитасидаги кескин ўзгаришлар билан чамбарчас боғлиқ. Хусусан, Россиянинг Украинага қарши йирик уруши бошлангач, Транскаспий йўналишига қизиқиш кескин ортди. 2022 йилдан сўнг сиёсатшунослар ва экспертлар даврасида мазкур йўлак Россия орқали ўтувчи «Шимол — Жануб» маршрутига энг қулай муқобил сифатида тез-тез тилга олинмоқда.

Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар ҳам мазкур йўналишга Россияни четлаб ўтиб, Европа ва Марказий Осиёни боғловчи асосий кўприк сифатида қараб, унинг ривожи учун алоҳида эътибор қаратмоқда.

Маълумки, ўтган йили Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» саммитида Брюссел вакиллари Ўрта йўлак инфратузилмасини яхшилаш учун аввал ваъда қилинган 10 миллиард еврога қўшимча равишда яна 3 миллиард евро сармоя ажратишини эълон қилган эди.

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга бориб Каспий денгизи орқали ташиладиган юк ҳажми 2021 йилга нисбатан уч баробар кўпайиб, 11 миллион тоннага етиши мумкин. Бироқ бу юк айланмасининг 40 фоиздан камигина қитъалараро савдо ҳиссасига тўғри келади. Банк прогнозларига кўра, асосий ўсиш Қозоғистон, Озарбойжон ва Грузиянинг ўзаро ҳамда Европа билан олиб борадиган савдо алоқалари ҳисобига таъминланади.

Озарбойжоннинг ўрни янада барқарор ҳисобланади, чунки Россия ва Эронни четлаб ўтувчи асосий ғарбий йўналишлар айнан унинг ҳудудида туташади.

Таъкидлаш жоизки, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли Озарбойжон учун ҳам янги имкониятлар эшигини очади. Негаки, бу йўналиш ҳам Каспий денгизидаги Туркманистон портлари орқали Ўрта йўлакка уланади.

Август ойининг охирида президент Илҳом Алиев Тошкентга амалга оширадиган давлат ташрифи арафасида Ўзбекистон расмий ахборот агентлигига берган интервюсида бу масалага алоҳида тўхталиб ўтди.

«Бизнинг ҳамкорлигимиз, хусусан, транспорт-логистика соҳасидаги алоқаларимиз улкан истиқболларни ваъда қилмоқда. Озарбойжоннинг Жанубий Кавказ, Ўзбекистоннинг эса Марказий Осиёда жойлашгани мамлакатларимизни Шарқ ва Ғарбни боғловчи муҳим стратегик йўналишларда табиий шерикларга айлантиради. Шу муносабат билан, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўл лойиҳасининг Ўрта йўлак ҳамда TRIPP билан интеграциялашуви бутун минтақа учун янги иқтисодий ва транзит имкониятларини яратади», — деди президент Алиев.

Теглар

Мавзуга оид

«Аср лойиҳаси»: Хитой Россияни Ўзбекистон орқали айланиб ўтмоқда | Vaqt.uz