
Автобусларнинг ўртача ҳаракат тезлиги оширилади — Президент қарори
Тошкентда аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини 60 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Тошкент шаҳрида жамоат транспортидан фойдаланиш улушини ошириш, автобуслар ҳаракат тезлигини яхшилаш ва йўл инфратузилмасини кенгайтириш орқали умумий ҳаракат сиғимини ошириш режалаштирилмоқда. Қарор доирасида янги тузилма – Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ҳам ташкил этилади. У транспорт оқимини реал вақтда мониторинг қилиш ва шаҳар ҳаракати самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Президентнинг 2025 йил 4 декабрда қабул қилинган ПҚ–368-сон қарорига мувофиқ, пойтахт транспорт тизимини 2030 йилгача ривожлантириш бўйича бир қатор мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди. Жумладан, жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини 60 фоизга етказиш, автобусларнинг ўртача тезлигини 18 km/h'дан 24 km/h'га ошириш белгиланди. Шунингдек, транспорт воситалари учун 150 минг ўринли тўхтаб туриш жойлари барпо этиш ҳам режага киритилган.
Метрополитен тармоқ узунлигини 103 километрга етказиш кўзда тутилган. Бу йўловчи ташиш имкониятларини сезиларли даражада ошириши кутилмоқда.
Қарор асосида ташкил этиладиган Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази шаҳардаги транспорт, йўловчи ва пиёдалар оқимини узлуксиз мониторинг қилиш, замонавий рақамли ва «яшил» технологиялардан фойдаланган ҳолда ҳаракатни оптималлаштириш билан шуғулланади. Марказ пойтахтнинг транспорт мастер режасини ишлаб чиқиш вазифасини ҳам бажаради.
Шу билан бирга, Тошкентга асосий автомобил йўллари орқали кириш нуқталарда автобус ва метро кесишмаларида кўп қаватли тўхтаб туриш жойлари ташкил этилади. Ер усти метро линиялари ва йўл ўтказгичлари остида хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда қўшимча парковка майдонлари барпо этилиши ҳам белгиланган.
Шунингдек, интеллектуал транспорт тизими ишлаб чиқилмоқда ҳамда унда қуйидагилар назарда тутилади:
Видеокузатув воситалари ва сенсорлардан фойдаланган ҳолда транспорт, пиёда ва йўловчи оқимлари тўғрисида маълумотлар йиғиш;
Транспорт ва пиёда оқимларини таҳлил қилиш асосида светофорларни бошқариш, светофор фазаларини автоматик тарзда мослаштириш;
Агар ҳаракат жадвалидан четга чиқилса, махсус ва жамоат транспорти воситалари ҳаракатининг устуворлигини таъминлаш;
Автотранспортлар, шу жумладан, махсус техникалар ҳаракатини мониторинг қилиш, қурилиш ҳамда махсус техникаларнинг махсус механизмлари ишини назорат қилиш;
Йўл-транспорт ҳодисаси хавфи юқори бўлган ҳудудларни аниқлаш, улар бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 3 декабр куни Тошкентда транспорт бошқарувини такомиллаштириш ва тирбандликларнинг олдини олиш чораларига доир тақдимот билан танишди. Президент ҳузуридаги тақдимотда Тошкент шаҳрида ягона йўл ҳаракатини ташкил этиш марказини яратиш таклиф қилинган эди.





