Аёллар бандлиги учун 25 трлн сўм ажратилади

«Hamroh» дастури доирасида хотин-қизларнинг 3 мингта лойиҳасига жами 1 триллион сўм ажратилади.

Аёллар бандлиги учун 25 трлн сўм ажратилади

Ўзбекистонда жорий йилда 1,5 миллион нафар хотин-қизни даромадли қилиш ва уларнинг 400 мингини тадбиркорликка жалб этиш бўйича кенг кўламли дастур амалга оширилади. Бу мақсадлар учун 25 триллион сўмдан ортиқ молиявий ресурс йўналтирилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Президент Кўксарой қароргоҳида бўлаётган тантанали тадбирда эълон қилди.

Жорий йилда 166 минг нафар хотин-қиз замонавий касб ва тадбиркорликка ўқитилади. Яна 100 минг нафар аёл ахборот технологиялари соҳасида билим олади. Бу орқали аёлларнинг меҳнат бозоридаги имкониятлари кенгайтирилиши кўзда тутилган.

«Даромадли аёл» дастури

Шунингдек, аёллар уй шароитида тадбиркорлик билан шуғулланиши учун «Даромадли аёл» дастури йўлга қўйилади. Ушбу ташаббус доирасида лидер тадбиркорлар кўмагида касаначилик, ҳунармандчилик, паррандачилик, асаларичилик ва томорқачилик каби йўналишларда 50 минг нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланади.

Бундан ташқари, «Hamroh» дастури доирасида аёллар томонидан амалга оширилаётган 3 мингта лойиҳа қўллаб-қувватланади. Мазкур ташаббуслар учун жами 1 триллион сўм маблағ ажратилиши белгиланган.

Хотин-қизлар учун давлат гранти квотаси икки баробарга оширилади

Таълим соҳасида ҳам аёлларни қўллаб-қувватлаш чоралари кенгайтирилмоқда. Бугунги кунда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган қизлар сони 904 минг нафардан ошган бўлиб, бу умумий талабаларнинг 54 фоизини ташкил этади.

Шу билан бирга, стажёр-тадқиқотчи ва докторантура босқичида таҳсил олаётганларнинг 8,5 минг нафари, яъни 61 фоизи хотин-қизлардан иборат. Ўтган йили 60 нафар ўзбекистонлик қиз дунёнинг нуфузли университетларига ўқишга киргани ҳам таъкидланди.

Янги ўқув йилидан бошлаб эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар учун давлат гранти квотаси икки баробарга оширилиб, 4 мингтага етказилади. Шунингдек, дунёнинг топ-300 талик университетлари билан қўшма таълим асосида магистратурада таҳсил олаётган талаба-қизларнинг контракт тўловлари ҳам давлат томонидан қоплаб берилади.

Бундан ташқари, ҳар йили хотин-қизларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида камида 10 та йўналиш бўйича стартап танловлари ўтказилади. Ҳар бир йўналиш ғолибига Инновация жамғармасидан 500 миллион сўмгача грант ажратилади.

Теглар

Мавзуга оид