Logo

«Биз янги алифбо яратмаяпмиз». 6 ойдан кейин нима ўзгаради ва уч хил ёзув муаммоси кучаядими?

Бугун 21:317 дақиқа

Амалдаги давлат ҳужжатлари, пул ва қимматли қоғозлардаги ёзувлар ҳам алифбо ўзгариши ортидан дарҳол янгиланмайди.

«Биз янги алифбо яратмаяпмиз». 6 ойдан кейин нима ўзгаради ва уч хил ёзув муаммоси кучаядими?

Ўзбек алифбосига киритилган ўзгаришлар 6 ойдан сўнг расман амалиётга жорий этилади. Бироқ янги қонун қабул қилингач, жамоатчилик орасида қатор саволлар пайдо бўлди: энди паспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш талаб этиладими? Барча китоблар қайтадан нашр қилинадими? Эски алифбо асосида тайёрланган ҳужжатлар ва дарсликлар қандай тартибга солинади?

Ушбу масалаларга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Фанлар академиясида 21-октябрда қабул қилинган янги таҳрирдаги алифбо юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Vaqt.uz учрашувда айтилган энг муҳим фикрлар ва журналистларнинг саволларига берилган жавобларини бир жойга жамлади.

2

Қонуннинг қабул қилиниши

Президент Шавкат Мирзиёев 21-октябр куни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга оид қонунни имзолади. Бу масала янгилик эмас. 2023-йил 11-декабр куни жадидлар меросига бағишланган халқаро конференцияда ҳам алифбо бўйича узоқ йиллик баҳсларга нуқта қўйиш вақти келгани айтилган эди. Ушбу қонун амалдаги ёзувда имло ва рақамли технологияларда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш учун қабул қилингани маълум қилинди.

23-октябр куни Фанлар академиясида ўтказилган матбуот анжуманида тилшунос олимлар ўзгариш заруратини бир неча сабаб билан изоҳлади. Жумладан, «Sh» ва «Ch» товушларининг икки ҳарф билан ифодаланиши айрим сўзларни ёзиш ва ўқишда чалкашликлар келтириб чиқариши, тутуқ белгисининг турлича ёзилиши эса матнларни рақамли тизимларда бир хил танишга халақит бериши мумкин. Мутахассислар алифбони «бир товуш — бир ҳарф» тамойилига яқинлаштириш, ёзувдаги бирхилликни таъминлаш ва ўзбек тилини рақамли технологияларга мослаштириш асосий мақсад бўлганини билдирди.

Энди расмий ҳужжатларни ҳам алмаштириш керакми?

Янги алифбо жорий этилиши аҳолининг амалдаги паспорти, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ёки ҳайдовчилик гувоҳномасини муддатидан олдин алмаштириши кераклигини англатмайди. Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти директори, профессор Мақсуд Асадовнинг тушунтиришича, ҳужжатлар белгиланган амал қилиш муддати тугагачгина, янгилаш вақти келганда барча ҳужжатлар ўзгартирилган алифбога мослаштирилади. Янги алифбо сабабли уларни муддатидан олдин қайта расмийлаштириш мажбурияти бўлмайди.

«Ҳеч қандай ҳужжатларда мажбурий тарзда ўзгартиришлар бўлмайди. Ҳужжат эгаси уни фақат алифбо ўзгаргани учун янгидан олиши шарт эмас», — деди Мақсуд Асадов.

 

3

Амалдаги давлат ҳужжатлари, пул ва қимматли қоғозлардаги ёзувлар ҳам алифбо ўзгариши ортидан дарҳол янгиланмайди. Аввалдан муомалада бўлган ҳужжатлар ўз кучида қолади, уларни мажбурий равишда алмаштириш назарда тутилмаган. Учрашувда ҳужжатлар босқичма-босқич, табиий равишда ўзгартириб борилиши айтилди.

Янги алифбо нашриётларга қўшимча харажат ва қийинчилик туғдирмайдими?

Тилшунослар янги алифбо нашриётлар ишини қийинлаштиришдан кўра, айрим жараёнларни енгиллаштиришини билдирди. Айтилишича, ҳозир «O‘» ва «G‘» ҳарфларини ёзишда турли кўринишлар ҳамда техник амаллар сабаб хатолар юзага келади. Янги ёзувда бу ҳарфларни битта тугма орқали киритиш имконияти хатоларни камайтириб, матн тайёрлашни осонлаштиради.

4

Шунингдек, «Sh» ва «Ch» товушлариниалоҳидаҳарфларбиланифодалашайримсўзларнингёзилишиниихчамлаштиради. Масалан, анжуманда «achchiqtosh» сўзимисолқилибкелтирилди: янгиёзувдаунингтаркибидаги «ch» ва «sh» бирикмаларибиргинаҳарфбиланёзиладивачалкашликларбўлмайди.

Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти бўлим бошлиғи, профессор Ёрқин Одиловнинг фикрича, тўртта ҳарф ўзгаргани сабабли лотин ёзувида китоб ўқиб келаётган одамларга матнни тушуниш жиддий қийинлашмайди.

«Айрим нашриётлар ҳозир ҳам китобларни лотин ва кирилл ёзувларида чоп этади. Бу амалиёт турли авлод вакилларининг ўқиш одатлари ва талабидан келиб чиқиб қилинади. Алифбога ўтиш инқилобий тарзда эмас, авлодлар алмашинуви ва нашрларнинг табиий янгиланиши орқали амалга оширилади», — деди у.

Мактаб дарсликлари ва янгиланган алифбони ўқитиш масаласи

Янги алифбо жорий этилиши билан мактабдаги барча дарсликлар олти ой ичида бирданига алмаштирилмайди. Мақсуд Асадовнинг тушунтиришича, дарсликлар белгиланган янгиланиш даври келганда босқичма-босқич янги алифбога мослаштирилади.

«Дарсликлар ўз-ўзидан янгиланади, чунки дарсликларнинг вақти бор. Биринчи синф ўқувчилариники ўз-ўзидан доим ҳар йили янги бўлади. Ундан кейин маълум бир йиллар чегараси билан дарсликлар янгиланиб боради. Ўша жараёнда янгиланади, холос», — деди Мақсуд Асадов.

Демак, қонун кучга кириши учун белгиланган олти ойлик муддат барча дарсликлар шу вақт ичида қайта чоп этилиши кераклигини англатмайди. Янги дарсликлар тайёр бўлгунига қадар ўқитувчилар ўқувчиларга алифбодаги ўзгаришларни тушунтириб бориши режалаштирилган.

Ўқитувчиларни тайёрлаш учун эса малака ошириш муассасаларида қисқа муддатли курслар ташкил этилиши айтилди.

Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти бош илмий ходими, профессор Низомиддин Маҳмудовга кўра, курслар бир ҳафта ёки ўн кун давом этиши мумкин. Уларнинг мақсади — педагоглар янги ёзув қоидаларини ўзлаштириб, ўқувчиларга мустақил равишда тушунтира оладиган даражага етиши.

«Махсус курслар ташкил қилиш орқали, белгиланган олти ой ичида мактаб ўқитувчиси янги ўзгаришларни тўлиқ ўзлаштирган ва бемалол ўқита оладиган даражага олиб келинади. Бу ишлар Вазирлар Маҳкамаси ишлаб чиқаётган дастур ва режа асосида ташкил этилади», — деди Маҳмудов.

1

Unicode, компютер клавиатураси ва сунъий интеллект

Алифбони ўзгартиришнинг асосий сабабларидан бири — ўзбек ёзувини рақамли технологияларга мослаштириш. Мақсуд Асадовнинг тушунтиришича, амалдаги ёзувда «O‘» ва «G‘» ҳарфларини компьютерда киритиш учун бир нечта амал бажаришга тўғри келади. Бундан ташқари, халқаро Unicode стандартида амалдаги «O‘» ва «G‘» ҳарфларининг ишлатилаётган шакллари билан боғлиқ муаммолар борлиги айтилди.

(Unicode — компютер ва бошқа рақамли қурилмаларда турли тилларнинг ёзув белгиларини ягона стандарт асосида ифодалаш тизими).

«Ҳарфларнинг бир хил стандартда кодланмагани қидирув, луғат ва бошқа дастурларнинг матнни тўғри таниши ҳамда қайта ишлашига халақит беради. Натижада турли дастурлар ва луғатлар яратишда, умуман ўзбек тилини рақамлаштиришда қийинчиликлар юзага келмоқда», — деди у.

Янги алифбода «O‘» ва «G‘» ҳарфларини стандарт шаклда ёзиш бу каби техник ноқулайликларни камайтиришга қаратилган. Ислоҳотнинг яна бир мақсади — ўзбек тилидаги матнларни рақамли тизимларда яхшироқ қайта ишлаш, ўзбек тили корпусларини яратиш ва тил имкониятларини сунъий интеллект тизимларига интеграция қилишни енгиллаштириш.

Компютер клавиатураси қандай ўзгаради?

Янги ҳарфларни компьютерда ёзиш тартиби ҳам алоҳида масала сифатида кўтарилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва Рақамли технологиялар вазирлиги янги алифбони дастурий таъминотга мослаштириш, ҳарфларни клавиатурада қаерга жойлаштириш масалаларини ҳамкорликда ишлаб чиққан. Жараённи Давлат тилини ривожлантириш департаменти назорат қилиши билдирилди. Бу ишларнинг амалиётда жорий этилиши, янги алифбодан фаол фойдаланиш бошлангач амалга оширилади.

Тутуқ белгиси нега ўзгартирилмади?

Қидирув тизимлари ва маълумотлар базаларида тутуқ белгиси техник белги сифатида талқин қилиниб, масалан, «A’lo» сўзини икки қисмга ажратиб юборади ва яхлит сўз сифатида қабул қилмайди. Алифбо ислоҳоти вақтида бу муаммо ҳам нега ҳал қилинмаганига профессор Низомиддин Маҳмудов шундай изоҳ берди:

«Тутуқ белгисидан бутунлай воз кечиш мақсадга мувофиқ эмас. Бу белги ўзбек тилида маъно фарқловчи тенг ҳуқуқли бир ҳарф. Шу боис уни шунчаки ортиқча техник белги сифатида кўриш мумкин эмас».

Бироқ қидирув тизимларидаги техник муаммонинг қандай ечилиши ҳақида анжуманда аниқ техник ечим айтилмади.

Олти ойдан кейин барча давлат идоралари янги алифбода иш юритадими?

Учрашувда муҳокама қилинган яна бир муҳим масала — қонун кучга кириши учун белгиланган олти ойлик муддатдан кейин давлат идоралари, таълим муассасалари ва оммавий ахборот воситаларининг барчаси янгиланган алифбога ўтиши бўлди. Маълумки, амалиётда лотин ва кирилл ёзувларидан биргаликда фойдаланилади, айрим идоралар ҳужжатларни ҳануз кирилл ёзувида юритади.

Мутахассислар қонун олти ойдан кейин кучга киришини ва унинг ижросига доир жараёнлар бошланишини айтди. Олти ойлик муддат ўтгачгина, унинг натижаларини баҳолаш тўғрироқ бўлиши билдирилди. Шу билан бирга, барча ташкилотларнинг янги алифбога ўтишини қандай назорат қилиш, ўтиш муддати давомида ёзувдаги тафовутларни қандай бартараф этиш ёки талаб бажарилмаган тақдирда қандай чоралар кўрилиши ҳақида аниқ механизм айтилмади.

Янги алифбо ўзбек ёзувидаги ноқулайликларни бартараф этиш, ҳарф ва товуш ўртасидаги мувофиқликни яхшилаш ҳамда матнларни рақамли муҳитда қайта ишлашни осонлаштириш мақсадида қабул қилинди. Ўзгариш компьютерда ўзбекча матн териш, электрон луғатлар ва сунъий интеллект тизимларининг ўзбек тилини тўғри қайта ишлаши учун имконият беради.

Бироқ алифбони қонун билан тасдиқлаш ва уни кундалик ҳаётга жорий этиш — икки хил масала. Бунинг учун имло қоидалари ва ўқув материалларини янгилаш, ўқитувчиларни тайёрлаш, рақамли воситаларни мослаштириш ҳамда давлат идораларида янги ёзувдан фойдаланишни қатъий йўлга қўйиш керак. Акс ҳолда, эски кирилл, аввалги лотин ва янги лотин ёзуви расмий ҳужжатлар ҳамда идоралараро ёзишмаларда ёнма-ён қўлланиб, бугунги чалкашликларни янада кучайтириши мумкин. Яъни янги алифбо бўйича қабул қилинган қонуннинг ижроси аниқ назорат қилинмаса, Ўзбекистонда уч хил ёзув ёнма-ён ишлатилиб, катта хаос пайдо бўлиб қолмайдими? Бу ҳозирча очиқ савол.

Теглар

Мавзуга оид