Бизнесни текширишга 3 йиллик мораторий, Ўзбекистондаги илк пулли йўл ва хотин-қизлар квотасининг юқори натижаси — 18 август дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Дунёдаги мураккаб вазиятга қарамай, Ўзбекистон иқтисодиёти ярим йилликда 8,5 фоизга ўсди — Шавкат Мирзиёев
Дунёдаги мураккаб вазиятга қарамай, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Хоразмда тадбиркорлар билан ўтказилаётган очиқ мулоқотда маълум қилди. Шунингдек, «Фитч» ва «Мудис» агентликлари Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини бир поғонага яхшилаган, Жаҳон банкининг инвестиция ва ишбилармонлик муҳити бўйича ҳисоботида мамлакат 31-ўринни эгаллаган.
Президентнинг айтишича, «Миллий саноат занжири» орқали хусусий корхоналар 4 триллион сўмлик буюртма олган, 650 дан ортиқ янги маҳсулот турини маҳаллийлаштириш эса 1 миллиард долларлик бозор имкониятини яратган. ҚҚСга ўтиш чегараси 5 миллиард сўмга оширилди, кафе ва ресторанларга 100 миллиард сўм ҚҚС «кешбэк» сифатида қайтарилди, қишлоқ хўжалигига «ноль» ставка қўлланиши ҳисобига фермерлар ихтиёрида 400 миллиард сўм қолди. Шунингдек, Қозоғистонда 11 турдаги қурилиш материаллари импорти чеклови бекор қилинди, Туркманистон билан божсиз савдо йўлга қўйилди ҳамда Иордания, Покистон, Эрон ва Афғонистон билан имтиёзли савдо битимлари тузилди.
Аукционда ер сотиб олган тадбиркор қурилишни бошлаш учун 6 ойдан 1 йилгача ҳужжат йиғиб юришига барҳам берилади
Тадбиркорлар аукционда ер сотиб олгач, қурилишни бошлаш учун 6 ойдан бир йилгача ҳужжат йиғиб юришига чек қўйилади. Энди ер участкалари қурилиш рухсати, архитектура-режалаштириш топшириғи ва тайёр лойиҳаси билан «тайёр пакет» шаклида савдога чиқарилади. Инфратузилма йиғими учун аванс ҳам 20 фоиздан 5 фоизга туширилади.
Шунингдек, банклар балансидаги 9 триллион сўмлик 2,5 мингта мулк тадбиркорларга чегирмали нархда, бошланғич тўловсиз ва фоизсиз бўлиб тўлаш шарти билан сотилади. Бундай мулкни сотиб олганлар бир йил давомида ер ва мол-мулк солиғини тўламайди. Навоий, Жиззах, Наманган, Ургут ва «Ҳазорасп» махсус иқтисодий зоналарида «Бонд саноат зоналари» ташкил этилиб, уларга хомашё ва бутловчи қисмларни олиб киришда солиқ ва божхона тўловлари бекор қилинади.
Корхоналар учун электр ва газ учун аванс 15 фоизга туширилади
АСКУЭ ва АСКУГ тизимларига уланган, тўлов интизомини бузмаган корхоналар учун электр энергияси ва газ бўйича аванс тўлови 15 фоиз этиб белгиланади. Шунингдек, келаси йилдан қурилиш соҳасида пудратчи ва лойиҳачи ташкилотларни рағбатлантиришга қаратилган янги ёндашув жорий этилади.
Бундан ташқари, “10 минг корхона учун — сунъий интеллект ҳамкор” дастури доирасида замонавий бошқарув ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш харажатларининг ярми компенсация қилинади. Таҳлилларга кўра, бундай ёндашувларни жорий қилган тадбиркорларнинг 54 фоизида маҳсулотга талаб кескин ошган.
«Имтиёзли абитуриентлар ичида энг юқори натижани хотин-қизлар лиготаси билан кирганлар ташкил қилди» — вазир ўринбосари
Олий таълим вазири биринчи ўринбосари Сардор Ражабовнинг айтишича, имтиёзли квота асосида ўқишга кирганлар орасида энг юқори натижани хотин-қизлар учун ажратилган квота орқали қабул қилинганлар кўрсатмоқда. Шунингдек, миллий сертификат билан максимал балл олиб ўқишга кирган талабаларнинг қарийб 60 фоизи аъло, 40 фоизга яқини яхши баҳоларга ўқимоқда.
2026–2027-ўқув йили учун бакалавриатга жами 201 минг 719 та қабул квотаси ажратилди, шундан 36 минг 23 таси давлат гранти ўринларидир. Ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишлари бўйича давлат грантлари 35 фоизга оширилди.
Кичик бизнесни текширишга уч йиллик мораторий эълон қилинади
Ўзбекистонда кичик бизнес субъектларида инсон соғлиғи ва бошқа тадбиркорлар манфаатига зарар етказиш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай текширувга уч йиллик мораторий эълон қилинади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Хоразмда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда маълум қилди.
Шунингдек, ўрта ва йирик тадбиркорлар корхонасини ихтиёрий профилактик аудитдан ўтказса, унинг хулосаси солиқ органи томонидан тан олинади. Камчиликларни бартараф этган тадбиркор жаримага тортилмайди, бир йилда такрорий текширув эса фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан ўтказилади.
Ўзбекистонда илк пулли йўл қурилди. Президент уни синовдан ўтказди
Президент Шавкат Мирзиёев 18 август куни «Урганч – Хива» янги пулли автомобил йўли билан танишди. 35 километрлик тўрт тасмали магистрал орқали Урганчдан Хивага бориш вақти 45–50 дақиқадан 15–17 дақиқагача қисқаради, йўл суткасига 30 мингдан ортиқ транспорт воситасини ўтказиш қувватига эга.
Лойиҳа доирасида 1 та ер ости туннели, 8 та йўл ўтказгич, 15 та кўприк ва 106 та сув ўтказиш иншооти барпо этилди. Йўлда тўловлар транспорт воситасини тўхтатмаган ҳолда электрон шаклда ундирилади.





