
Боғча ва мактаб педагогларининг маоши икки баробар оширилади
Ўзбекистонда тарбиячилар ва мактаб ўқитувчиларининг маоши босқичма-босқич оширилиб, 2030 йилгача икки баробарга етказиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда таълим тизимида фаолият юритаётган педагог кадрларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий мақомини оширилади. Бу ҳақда «Ўзбекистон–2030» стратегиясининг янги таҳрирдаги лойиҳасида келтирилган.
Ҳужжатда мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимларининг ўртача иш ҳақини 2030 йилга қадар икки баробар ошириш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган. Маошлар босқичма-босқич кўтарилиши режалаштирилган бўлиб, 2026 йилда 0,4 баробар, 2027 йилда 0,8 баробар, 2028 йилда 1,2 баробар, 2029 йилда 1,6 баробар ва 2030 йилга келиб 2 баробарга етказилиши кўзда тутилган.
Стратегия лойиҳасида педагог кадрлар сифатини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг малакасини узлуксиз ошириш орқали жами 500 минг нафар педагог кадрларни қамраб олиш режалаштирилмоқда. Бу орқали ўқитувчиларнинг билими ва кўникмаларини халқаро стандартларга мослаштириш мақсад қилинган.
Шу билан бирга, кадрлар таъминотида ҳудудий мувозанатни таъминлаш ҳам назарда тутилган. Эҳтиёж юқори бўлган фанлар ва олис ҳудудлардаги абитуриентлар учун педагогик таълим йўналишлари бўйича давлат гранти асосида тайёрланадиган кадрлар улушини 17 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.





