Logo

«C5+1»дан «C6+1»га: Самарқандда репетиция, премера эса Флоридада

Бугун 12:006 дақиқа

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио 200 дан ортиқ йирик бизнес вакили билан Самарқандга келмоқда. Вашингтоннинг асл мақсади нима?

«C5+1»дан «C6+1»га: Самарқандда репетиция, премера эса Флоридада

Аввал хабар қилинганидек, Вашингтон ва Пекин ўртасидаги рақобат кучайиб, минтақа давлатлари ўз ташқи сиёсатини диверсификация қилишга интилаётган бир пайтда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Марказий Осиёга келмоқда. Рубио 17–22 октябр кунлари 200 дан ортиқ америкалик ишбилармонлардан иборат делегацияга бош бўлиб Ўзбекистонга ташриф буюради. Давлат котиби Самарқанд шаҳрида АҚШ ва Марказий Осиё давлатларини бирлаштирувчи «C5+1» форматидаги вазирлар учрашувида иштирок этади. Шунингдек, у беш давлатнинг юқори мартабали расмийлари билан икки томонлама музокаралар ўтказади.

Бу ташриф Жо Байден маъмурияти даврида бошланиб, Доналд Трамп жамоаси томонидан жадал давом эттирилаётган АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги стратегик яқинлашув сиёсатининг узвий давомидир. Сафар Вашингтоннинг минтақадаги нодир минерал ресурслар, энергетика манбалари ва транспорт йўлакларига қизиқиши тобора ортиб бораётган бир пайтда ташкил этилмоқда. Айни вақтда Марказий Осиё давлатлари ҳам анъанавий таъсир марказларига қарамликни камайтириш мақсадида ташқи сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлари сафини кенгайтиришга интилмоқда.

Марко Рубиога 200 дан зиёд америкалик бизнес вакилларининг ҳамроҳлик қилиши Трамп маъмурияти минтақада иқтисодий дипломатияга қанчалик жиддий эътибор қаратаётганини кўрсатади. Вашингтон бу алоқалар турли соҳаларда янги инвестициялар ва йирик савдо битимларига йўл очишига умид қилмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, АҚШнинг Марказий Осиёга нисбатан олиб бораётган сиёсати унинг Жанубий Кавказдаги манфаатлари билан чамбарчас боғлиқ. Дунёнинг геосиёсий харитаси тез ўзгараётган бугунги кунда ушбу икки минтақанинг стратегик аҳамияти ошиб бормоқда. Вашингтон Транскаспий транспорт йўлаги (Ўрта йўлак) ҳамда Каспий денгизи орқали ўтувчи нефт ва газ қувурларини қўллаб-қувватлаш орқали бу икки минтақа ўртасидаги ришталарни мустаҳкамламоқчи. Асосий мақсад — Хитой ва қисман Россия билан рақобатда ўз мавқеини кучайтириш ҳамда етакчиликни қўлга киритишдир.

Трамп маъмурияти яқингача Марказий Осиё билан стратегик яқинлашувга тўсқинлик қилиб келган айрим тамойиллардан воз кечиб, асосий эътиборни иқтисодий ва прагматик манфаатларга қаратмоқда. Минтақанинг икки етакчи давлати — Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларининг АҚШ президенти билан мулоқотлари фаоллашди, Вашингтон эса Марказий Осиё давлатлари билан «C5+1» форматидаги ҳамкорликни янада кучайтирмоқда. Вашингтондаги «Hudson» институтининг катта илмий ходими Кен Мориясу бу жараённи «АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги мисли кўрилмаган юқори даражадаги муносабатларнинг ибтидоси» деб атайди. Таҳлилчининг фикрича, Давлат котиби Рубионинг Ўзбекистонга ташрифи бу йўлдаги дастлабки йирик қадам бўлади.

Таҳлилчилар АҚШнинг Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ бўйича олиб бораётган ўзаро уйғун сиёсатининг асосий ютуғини шунда кўришмоқдаки, Вашингтон минтақа давлатларини қатъий геосиёсий танлов қилишга мажбурламаяпти. Бош мақсад — Евроосиёнинг стратегик жиҳатдан муҳим бўлган ушбу қисмида АҚШнинг иштирокини сезиларли даражада оширишдир.

Кен Мориясу «Озодлик» радиосига берган интервюсида Вашингтоннинг бу ёндашувини қуйидагича изоҳлади: «Қўшма Штатлар бу давлатлардан Россия ёки Хитойни танқид қилишни, Ғарб томонга ўтиб, унинг иттифоқчисига айланишни талаб қилаётгани йўқ. Уларга, масалан, Ўзбекистон ёки Қозоғистоннинг НАТО аъзоси бўлиши ҳам шарт эмас. Бунинг ўрнига иқтисодий ва дипломатик алоқаларни мустаҳкамлаш Вашингтон учун таъминот занжирлари хавфсизлигини кафолатлашга, Америка бизнеси учун янги имкониятлар яратишга ва минтақада бирор-бир ташқи кучнинг ҳаддан ташқари ҳукмрон бўлиб кетишига йўл қўймасликка хизмат қилади».

Бу борада Марказий Осиё давлатларининг манфаатлари Вашингтоннинг мақсадларига мос келади. Таҳлилчиларнинг фикрича, минтақа мамлакатлари Россия ёки Хитой билан ўта боғлиқ бўлиб қолишни истамайди. Шу сабабли улар Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи билан муносабатларни фаол ривожлантирмоқда.

Марказий Осиё бўйича таниқли экспертлардан яна бири — Атлантика кенгашининг катта илмий ходими, Халқаро солиққа тортиш ва инвестициялар марказининг энергетик ўсиш ва хавфсизлик дастури раҳбари Ариэл Коэннинг таъкидлашича, Трамп маъмурияти АҚШ манфаатлари ва Хитой билан кечаётган глобал рақобатга жиддий эътибор қаратмоқда. Унинг фикрича, қулай географик жойлашув, ёш аҳоли, тез ўсаётган бозорлар ва бой табиий ресурслар (нефт, газ, уран ва бошқа стратегик ноёб минераллар) Марказий Осиёни Қўшма Штатлар учун ўта муҳим минтақага айлантиради.

«Тўғри, Хитой — минтақанинг асосий иқтисодий шериги, Россия эса хавфсизлик соҳасидаги кўплаб алоқаларни ҳамон сақлаб турибди. Аммо Қўшма Штатлар ҳам бу минтақадан шунчаки чиқиб кетмоқчи эмас», — дейди Коэн.

Экспертнинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар энергетика, экологик технологиялар, соғлиқни сақлаш, таълим, АТ (ахборот технологиялари), айниқса, ноёб металлар ва стратегик хомашё қазиб олиш каби кўплаб соҳаларда ҳам савдо бозори, ҳам йирик инвестор ҳисобланади. Шу боис, минтақа давлатлари, хусусан, энг йирик иқтисодиётга эга Ўзбекистон ва Қозоғистон Америка бизнесининг фаол иштирокини қўллаб-қувватлайди ҳамда АҚШ билан ҳамкорликни янада юқори босқичга олиб чиқишдан манфаатдор.

АҚШ манфаатларида ноёб ресурслар жуда катта ўрин тутади. Бироқ Марказий Осиёнинг стратегик аҳамияти фақат бу билан эмас, балки унинг Хитой, Россия, Жанубий Осиё ва Европа ўртасидаги муҳим транзит маркази экани билан ҳам белгиланади. Хусусан, минтақани Россияни айланиб ўтиб, жаҳон бозорлари билан боғловчи янги транспорт йўлакларининг қадри тобора ортиб бормоқда.

Кен Мориясу эса Марказий Осиёни Каспий денгизи ва Жанубий Кавказ орқали Европа билан боғловчи «Ўрта йўлак»нинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтган. Унинг таъкидлашича, мазкур йўналишда Америка компаниялари иштирокининг кенгайиши АҚШнинг минтақадаги узоқ муддатли иқтисодий позицияларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Рубио бошчилигидаги ташрифнинг ҳақиқий муваффақияти битта асосий мезон билан ўлчанади: бундай дипломатик фаоллик аниқ инвестициявий мажбуриятлар ва барқарор ишбилармонлик ҳамкорлигига айланадими ёки ҳаммаси шунчаки юқори даражадаги протокол учрашувлари бўлиб қолаверадими?

Шуни айтиш керакки, жорий йилда Вашингтоннинг минтақа билан олиб бораётган юқори даражадаги алоқалари фақатгина Марко Рубионинг Ўзбекистонга ташрифи ва «C5+1» доирасидаги музокаралар билан чекланиб қолмайди. Декабр ойида Флоридада G20 (Катта йигирматалик) саммити бўлиб ўтиши режалаштирилган. Унга Марказий Осиё ва Озарбойжон раҳбарлари ҳам таклиф этилган. Кутилишича, Мар-а-Лагода G20 саммити доирасида АҚШ ва Марказий Осиё етакчиларининг «C5+1» форматидаги алоҳида учрашуви ҳам ўтказилади. Қолаверса, айрим маълумотларга қараганда, келгуси йил бошида АҚШ президенти Доналд Трампнинг Ўзбекистонга ташриф буюриши эҳтимоли бор. Шу билан бирга, экспертлар доирасида Озарбойжоннинг ҳам Қўшма Штатлар ва Марказий Осиё ўртасидаги ушбу форматга қўшилиши мумкинлиги қизғин муҳокама қилинмоқда. Баъзи таҳлилчилар келажакда Жанубий Кавказнинг ҳар учала давлати бу форматда иштирок этишини назарий жиҳатдан мумкин деб ҳисоблайди.

Америка ташқи сиёсат кенгашининг катта илмий ходими, Марказий Осиё ва Кавказ институти дастурлари директори Лора Линдерман оммавий ахборот воситаларига берган интервюсида Рубионинг «C5+1» учрашувидаги иштирокининг ўзи муҳим воқеа эканини таъкидлади. Унинг фикрича, мазкур форматнинг кенгайтирилиши ҳамкорликка янада кучли туртки берган бўларди.

«Агар АҚШ ушбу форматни "C6+1" даражасигача кенгайтириб, унга Озарбайжонни ҳам қўшганида эди, бу тадбирни бундан-да каттароқ муваффақият деб баҳолаш мумкин бўларди», — дейди Линдерман.

Шу муносабат билан эксперт Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги иқтисодий, географик ва гуманитар алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётганини қайд этган. Айниқса, бу жараён Каспий денгизи орқали ўтувчи транспорт йўлакларининг аҳамияти ортиб бораётган бир пайтда юз бермоқда. Қолаверса, Линдерманнинг фикрича, минтақа давлатлари ўз ташқи сиёсий устуворликларини яхши англайди ва ҳозирги вазиятдан АҚШ билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун қулай имконият сифатида фойдаланмоқчи.

Теглар

Мавзуга оид