
Чернобилда янги ҳаёт: радиациядан энергия олувчи замбуруғ топилди
Чернобилдаги атом станцияси вайроналарида радиациядан энергия олиб ўсувчи ноодатий замбуруғ аниқланди.

Science Alert нашрининг маълум қилишича, Чернобил атом электр станцияси деворларида топилган ушбу қора замбуруғ кучли радиация шароитида нафaқат омон қолмоқда, балки тез ўсиши билан ҳам ажралиб турибди. Олимларнинг фикрича, бу замбуруғ ўсимликлар фотосинтез учун ёруғликдан фойдаланганидек, радиациядан энергия манбаи сифатида фойдаланади. Cladosporium sphaerospermum деб ном берилган замбуруғдаги меланин пигменти ана шу жараённи амалга оширишга ёрдам бериши мумкинлиги айтилмоқда.
Тадқиқотчилар намуна хусусидаги маълумотларни юқори радиация қайд этилган нуқталардан тўғридан-тўғри йиғган. Улар замбуруғ ҳалокатли шароитда тез ўсишини тасдиқлаб, бу холат тирик организмлар учун ғайритабиий реакция эканини таъкидлаган. Жараён «радиосинтез» сифатида таснифланса-да, унинг тўлиқ механизми ҳали очилмаган.
Daily Mail нашрининг маълум қилишича, Чернобил ҳудудида 2025 йил октябрида кўк рангга кирган итлар ҳам қайд этилган. Dogs of Chernobyl ташкилоти волонтёрлари бундай ранг ўзгаришини кимёвий моддалар таъсири билан изоҳлаган.
Маълумот учун, Чернобилдаги атом электр стансиясидаги портлаш ХХ асрнинг энг йирик техноген фалокатларидан бири ҳисобланади. 1986-йил 26-апрелга ўтар кечаси собиқ Совет Иттифоқига қарашли Украина ССР ҳудудидаги Чернобил атом электр стансиясининг 4-энергоблогида йирик портлаш содир бўлган. Оқибатда, кўп миқдорда радиоактив моддалар атмосферага тарқалиб, нафақат ҳозирги Украина, Беларус ва Россия ҳудудларига, балки Европанинг катта қисмига ҳам тарқалган.
Дастлабки бир неча ҳафта ичида ўттиздан ортиқ ходим ва ўт ўчирувчи ўткир радиация синдроми туфайли вафот этган. Реактор бир неча кун давомида ёнишда давом этган ва радиоактив изотопларни (айниқса, Ёд-131 ва Цезий-137) Европа бўйлаб тарқатган.





