Чиқинди тарифлари ошди: сифат қачон яхшиланади

Бугун 17:404 дақиқа

Чиқинди хизматлари тарифлари кескин ошди, аммо сифат ўзгармади. Электрга боғланган тизим ва истеъмолчилар муаммолари таҳлил қилинади.

Чиқинди тарифлари ошди: сифат қачон яхшиланади

Тошкент вилоятида 1 апрелдан бошлаб чиқинди хизматлари учун тўлов оширилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги кенгаши қарори эълон қилди. Бу йил тарифлар кескин оширилди, яъни чиқинди хизматлари нархи 38,6 фоизга қимматлади.

Унга кўра, фуқаролар учун қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш нархи ойига бир киши учун ҚҚСсиз 9 минг 700 сўм, ҚҚС билан 10 минг 864 сўмни ташкил этади.

Юридик шахслар, яъни бюджет ва хўжалик ташкилотлари учун 1 метр кубга ҚҚСсиз 6 минг 890 сўм, ҚҚС билан 97 минг 316 сўм қилиб белгиланди.

11

2026-йил учун тариф

Охирги марта Тошкент вилояти ҳокимлиги 2025 йил 1 январда чиқинди ташиш тарифларини оширган эди. Бунда ҚҚС билан жисмоний шахслар учун бир кишига ойига 7 минг 840 сўм, юридик шахслар учун 1 метр куб учун 82 минг 88 сўм этиб белгиланганди.

1

2025-йил учун тариф

Қизиғи, ўтган йилда ҳам Ўзбекистонда коммунал хизматлар бўйича нархлар ошиши эстафетасини Тошкент вилояти бошлаб берганди. Бу йил ҳам бу анъана такрорланиш эҳтимоли юқори.

«Чиқинди ташишдан кейин электр ва газ, кейин сув, иссиқ сув ва иситиш монополистлари бир-бирини етаклаб тарифларни инфляциядан юқори даражада оширишни бошлашади», — деб ёзмоқда иқтисодчи Отабек Бакиров.

Миллиардлаб асоссиз пул ундиришлар

Аввалроқ, Рақобат қўмитаси Тошкент, Фарғона, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Самарқанд, Наманган, Хоразм вилоятларидаги 64 та хўжалик субъектлари устун музокара кучига эга деб эълон қилинган эди.

Бундан ташқари, чиқинди ташиш корхоналаридан норозилар ҳам талайгина. Жумладан, 2025 йил декабрда 5 та чиқинди ташиш корхонаси томонидан 250 мингга яқин истеъмолчилардан 8,8 млрд сўмдан ортиқ асоссиз маблағ олингани аниқланган эди. Бунда хонадонларда умуман чиқинди олиб кетилмаган бўлса-да, уларга тўловлар ҳисобланган.

Шу билан бирга, хизмат сифати талаб даражасида бўлмагани ҳам қайд этилган. Яъни тизим на хизмат кўрсатади, на сифат беради, аммо пул ундиришда давом этади.

2025 йил 1 ноябрдан эса янги тизим ишга тушди-ю, ҳолат янада оғирлашди. Яъни Тошкентда чиқинди ташиш хизматлари бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда электр энергияси учун тўловларга чекловлар кучга кирди.

Биринчи ҳафтанинг ўзида 25,1 минг киши 2,24 млрд сўмлик қарздорлик ҳақида огоҳлантириш олди. Улардан 6 минг нафари атиги 5 кун ичида қарзни ёпмагани учун электр бўйича чекловларга дуч келди.

Ўзбекистон бўйлаб бу тизим декабр ойидан ишлай бошлади. Бунда 231 минг абонент «Ҳудудий электр тармоқлари»да 20,1 млрд сўмлик қарздорлик ҳақида огоҳлантириш олган, шундан дастлабки 5 кунда 9,4 млрд сўм тўлаган.

2026 йил 5 феврал ҳолатига кўра эса чиқиндини олиб чиқиб кетиш бўйича «Ҳудудий электр тармоқлари» томонидан хабарнома олган абонентлар 1,17 млн нафарни ташкил қилса, уларнинг қарзларининг умумий миқдори 108,9 млрд сўм бўлган.

Фуқароларга қарзни ёпиш учун атиги 5 кун берилган. Шу муддат ичида 12,7 млрд сўм тўланган бўлса-да, муддат тугаши билан 198 минг 858 нафар истеъмолчига нисбатан 15,8 млрд сўмлик қарздорлик бўйича электр таъминотига чекловлар жорий этилган.

Рақамларда кўриш мумкинки, фақатгина вазият ёмонлашган. Тизим муаммони ҳал қилмаган, аксинча босимни кучайтирган. Энди истеъмолчи хизмат сифати паст бўлса ҳам ёки умуман хизмат кўрсатилмаган бўлса ҳам, электрдан узилиш билан жазоланмоқда. Аммо истеъмолчи хизмат сифати учун таъсир кучига эга эмас. Шикоят қилиш эса ойлаб, айрим ҳолларда йиллаб вақт олиши тайин.

 

«Чиқиндини электрга боғлаш — абсурд»

«Аввал иқтисод» дастурида иқтисодчи Отабек Бакиров коммунал тўловларни бир-бирига боғлаш орқали ундириш амалиётини кескин танқид қилди. Унинг таъкидлашича, бундай ёндашув муаммони ҳал қилмайди, аксинча тизимдаги камчиликларни яширишга хизмат қилади.

Бакировнинг фикрича, аҳолининг тўлов қилмаслиги интизомсизлик эмас, балки хизмат сифати ва тизимдаги муаммолар билан боғлиқ.

«Қайсидир ундирилмаётган тарифни ундирилаётган хизматга боғлаш — бу тизим ишламаётганининг белгиси. Демак, ўша жойда бозор йўқ, сифат йўқ. Одамлар нима учун тўламайди? Хизмат кўрсатмагани учун тўламайди. Хизмат сифати пастлиги учун тўламайди ёки лозим даражада шартномавий муносабатлар қўйилмагани учун тўламайди», — дейди у.

Бакиров, айниқса, чиқинди хизматларини электр энергиясига боғлаш амалиётини кескин қоралади. Унинг айтишича, бу ёндашув келажакда бошқа тўловлар ҳам мажбуран боғланишига олиб келиши мумкин.

«Чиқиндини электрга боғлаш — абсурд. Агар бу давом этса, бошқа тўловлар ҳам шундай боғланади. Асл ечим эса ягона биллинг тизимини тўлиқ жорий қилишдир. Акс ҳолда, биз Пандора қутисини очиб қўйдик ва бу жараён чуқурлашиб боради. Қайтиш йўқ энди», — дея огоҳлантиради Бакиров.

Шу ўринда, иқтисодчи Отабек Бакиров чиқинди тарифлари инфляциядан юқори суръатда ошишда давом этиши, хизмат сифати эса пасайишини таъкидлаб, бу ҳолатга кўникиш ёки тизимдан воз кечиш зарурлигини қайд этади.

«Бундан буёғига чиқинди тарифларининг инфляциядан каррасига юқори қимматлашиши, хизмат сифати эса янада қуйига интилишига кўниб бориш керак ёки бўлмаса, чиқинди тўловини электрга боғлашдек антиижтимоий ва ҳеч бир нормал давлат амалиётида йўқ ёмон тажрибадан воз кечиш керак», — деб ёзмоқда иқтисодчи.

 

Нарx ошади, муаммоси эса ўша-ўша

Тошкент вилоятида чиқинди тарифларининг кескин оширилиши яна бир бор шуни кўрсатдики, коммунал соҳада нархлар ошиши аллақачон тизимли жараёнга айланган. Бунинг ортидан бошқа хизматлар нархлари ошиши эҳтимолдан холи эмас.

Бироқ кескин оширилаётган тарифлар на хизмат сифати яхшиланишига, на рақобатни оширишга таъсир қилади. Мавжуд муаммолар — асоссиз ундиришлар, паст хизмат сифати, монополиялашув — сақланиб қолаверади. Устига устак, электрни узиб қўйиш орқали жазолаш тизимдаги камчиликларни ёпиш воситасига айланиб, истеъмолчиларга икки карра босим беради. Бу эса аҳолининг умумий харажатларини кескин оғирлаштиради.

Шу боис асосий савол очиқ қолмоқда: тизимни ўзгартирамизми ёки нархлар ортидан эргашиб яшашга мажбур бўламизми? Акс ҳолда, бугунги қарорлар эртага янада катта муаммоларга олиб келиши турган гап.

Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 90

Барчаси

Мавзуга оид