
Чорва молларидаги кўпаётган юқумли касаллик, қимматлаган«парковка» ва тезлиги ошадиган автобус — 5 декабр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Самарқандда чорва молларида номаълумлигича қолаётган юқумли касаллик тарқалишда давом этяпти
Самарқанд вилоятида чорва моллари орасида тери касаллигига ўхшаш, аммо ҳали расман номланмаган юқумли хасталик тарқалиши давом этмоқда. Аввал Ветеринария қўмитаси бу хабарларни рад этган бўлса-да, аҳоли ва маҳаллий манбалар қорамолларда нодуляр дерматитга ўхшаш белгилар, оқсил касаллиги, даволаш учун катта харажатлар ва ўлим ҳолатлари қайд этилаётганини билдирмоқда. Қишлоқларда ветеринарларнинг йўқлиги, мажбурий эмлаш амалга оширилмаётгани ва яйловлардаги чорва сони кескин камайгани ҳақида шикоятлар кўпайган.
Қонунга кўра, ҳар бир ветеринар юқумли касалликдан шубҳаланганда давлат ветеринария хизматига хабар бериши шарт, бироқ ҳудудларда бу механизм ишламаётгани кўринмоқда. Назоратсиз шароитда касал қорамоллар сўйилиб, гўшти сотилаётгани ҳам аҳолида хавотир уйғотмоқда. Ветеринария қўмитаси нодуляр дерматитни рад этган бўлса-да, касалликнинг аниқ номи ва табиати ҳақида ҳали ҳам расмий тушунтириш берилмаган, амалда эса хасталик тарқалиши давом этяпти.
Талабалар қишки таътили муддати расман белгиланди
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг тегишли буйруғига мувофиқ, қишки таътил жорий йил 28 декабрдан бошланиб, 2026 йил 10 январига қадар (шу куни ҳам) давом этади.
Талаба ва ўқувчиларнинг қишки таътил даврида доимий яшаш ҳудудларига (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига) бориб-келишини қулайлаштириш мақсадида Транспорт вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамда «Uzbekistan Airways» АЖ билан ҳамкорликда қўшимча имкониятлар яратилади.
Шунга мувофиқ, 2025 йил 18 декабрдан 2026 йил 12 январига қадар (шу куни ҳам) талабалар ва ўқувчилар учун 50 фоиз чегирма асосида йўл чипталари сотуви йўлга қўйилади.
Автобусларнинг ўртача ҳаракат тезлиги оширилади — Президент қарори
Тошкентда жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини 60 фоизга етказиш, автобусларнинг ўртача тезлигини 18 км/соатдан 24 км/соатга ошириш ва йўл инфратузилмасини кенгайтириш бўйича йирик ислоҳотлар бошланди. Президент қарорига кўра, 2030 йилгача метрополитен узунлиги 103 кмга етказилиб, 150 минг ўринли парковкалар барпо этилади. Шаҳарга кириш нуқталарда ва метро кесишмаларда кўп қаватли тўхтаб туриш жойлари қурилади.
Шунингдек, «Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази» ташкил этилиб, транспорт оқимини реал вақтда назорат қилиш, светофорларни автоматик мослаштириш, жамоат транспортига устуворийлик бериш каби вазифаларни амалга оширади. Интеллектуал транспорт тизими видеокузатув ва сенсорлар орқали маълумот тўплаб, ҳаракат хавфли ҳудудларини аниқлайди ва оптимал ечимлар таклиф қилади.
Ноябр ойида «парковка» нархлари қанча қимматлаган?
2025 йил ноябр ойида автомобил тўхташ жойлари хизматлари нархлари октябр ойига нисбатан, яъни бир ойда ўртача 2,8 фоизга қимматлашган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди. Ноябр ойида барча хизматлар нархлари ўртача 0,3 фоизга ошган. Бу автомобил тўхташ жойлари нархи умумий хизмат бозоридаги ўртача нархдан 2,5 фоиз кўпроққа қимматлаганини кўрсатади.
Қайд этилишича, автомобил тўхташ жойи хизматлари нархи йил бошидан буён 15,5 фоизга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 16,2 фоизга ошгани кузатилган. Маълумот ўрнида, 2025 йил ноябр ойида Ўзбекистонда инфляция кўрсаткичи 0,7 фоизни ташкил этди.
Абдусатторов London Chess Classic’да бир тур олдин чемпионликни расмийлаштирди
London Chess Classic 2025 турнирининг 8-туридан кейин ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов 7 очко тўплаб, бир тур қолгандаёқ мусобақа ғолиби деб топилди. У бу турда биринчи рақамли иштирокчи Алиризо Фирўзжага қарши дуранг ўйнаб, натижалар бўйича рақибларидан узоқда етакчиликни сақлаб қолди. Фирўзжа 5 очко билан иккинчи ўринда. Мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси — 50 минг фунт стерлинг.
Абдусатторов турнир давомида аъло формада иштирок этиб, Гевейн Жонс билан дурангдан сўнг кетма-кет олти ғалаба қозонди. У АҚШ, Британия, Греция ва Англиянинг етакчи гроссмейстерларини мағлуб этди. Финал турда у украиналик Павел Эляновга қарши ўйнайди. Унинг ушбу натижаси шахмат рейтингида ҳам жиддий ўзгариш киритди — 20 очко қўшиб, 22-ўриндан 12-ўринга кўтарилди.





