
«Дўст. Даҳо. Арвоҳ. Худо» — ChatGPT ўзини ким деб ҳисоблайди?
2025 йил ёзида айрим фойдаланувчиларнинг ChatGPT билан ёзишмалари очиқ тарзда интернетда топилиши мумкинлиги маълум бўлди. The Washington Post нашри журналистлари одамлар сунъий интеллект билан қандай мулоқот қилаётганини тушуниш учун худди шундай 47 мингта диалогни ўрганиб чиқди.

Маълум бўлдики, кўплаб фойдаланувчилар чатботга ўз сири ва шахсий маълумотларини бемалол айтиб беришади, шунингдек, ички кечинмаларини ҳам улашишади. Жавоб сифатида ChatGPT одамларга далда беради, уларнинг фикрлари ва мулоҳазаларини, жумладан, фитна назарияларини ҳам қўллаб-қувватлайди.
OpenAI компанияси раҳбари Сем Алтманнинг айтишича, ҳар ҳафта 800 миллиондан ортиқ одам ChatGPT дан фойдаланади. Бироқ чат-бот билан барча суҳбатлар стандарт ҳолатда махфий ҳисобланади. Компанияда ишламайдиган одамлар учун фойдаланувчиларнинг хизматдан айнан қандай фойдаланишини ёки сунъий интеллект уларга қандай жавоблар қайтаришини билиш деярли имконсиз. Буни фақат вақти-вақти билан фойдаланувчилар ўзлари очиқ улашадиган тўғридан-тўғри ҳаволалар орқали билиш мумкин.
2025 йил июл ойида журналистлар шундай ҳаволалар қидирув тизимлари томонидан индексланаётгани ва исталган одам уларни топиши мумкинлигини аниқлади. Барча диалоглар аноним бўлган — уларни муайян фойдаланувчи билан боғлаб бўлмайди. Шунга қарамай, OpenAI буни “қисқа муддатли тажриба” деб атаб, индекслаш функциясини ўчириб қўйди.
Шунга қарамай, Internet Archive хизмати орқали The Washington Post журналистлари Геррит де Винк ва Жереми Б. Мерилл фойдаланувчиларнинг ChatGPT билан бўлган 93 мингдан ортиқ очиқ суҳбатларини юклаб олишга муваффақ бўлди. Улар орасидан 47 мингта сессия (асосан инглиз тилида), 2024 йил июнидан 2025 йил августигача бўлган даврга оид ёзишмалар танлаб олинди — мақсад: одамлар сунъий интеллект билан қандай мулоқот қилиши ҳақида аниқроқ тасаввурга эга бўлиш.
OpenAI ChatGPTни унумдорликни оширувчи восита сифатида тарғиб қилади, бироқ The Washington Post таъкидлашича, суҳбатларнинг қарийб ҳар ўнинчисида одамлар ботдан мавҳум мавзулар бўйича суҳбатлашиш учун фойдаланади. Масалан, илғор даволаш усуллари ҳақида фикр алмашишади. ОпенАИънинг 2024 йил сентабр ойида эълон қилинган тадқиқоти ҳам шуни тасдиқлайдики, фойдаланувчилар ChatGPTни иш билан боғлиқ эмас, балки кўпроқ шахсий масалалар учун ишлатишади.
The Washington Post журналистлари аниқлашича, тахминан 10 фоиз суҳбатларда одамлар ўз ҳис-туйғулари ҳақида гаплашган, шунингдек ЧатГПТъдан унинг эътиқоди ва «ҳиссиётлари» ҳақида сўрашган. Кўпчилик бот билан романтик оҳангда мулоқот қилган, унга лақаблар билан мурожаат қилган ёки «жонгинам» деб чақирган. OpenAI маълумотларига кўра (нашр келтирган), ҳафталик фаол аудиториянинг тахминан 0,15 фоиз қисми — бу бир миллиондан ортиқ одам — ChatGPTга нисбатан ҳиссий қарамлик аломатларини намоён қилади.
Фойдаланувчилар чатботга нафақат ички кечинмаларини, балки шахсий маълумотларини ҳам бемалол айтишган. The Washington Post таҳлилига кўра, танланган намуналарда 550 дан ортиқ ноёб электрон почта манзиллари ва 76 та телефон рақами учраган. Одамлар сунъий интеллект билан руҳий саломатликдаги муаммолари, ҳатто шахсий тиббий маълумотларини ҳам бўлишган.
Фойдаланувчилардан бири ChatGPTдан собиқ хотинини уни болалари билан учрашишга кўндириш учун мактуб ёзиб беришни сўраган. Бошқа бир суҳбатда аёл ботдан уни ўлдириш билан таҳдид қилган эрига қарши полицияга ариза ёзишда ёрдам беришни сўраган. Ҳар иккала ҳолатда ҳам суҳбатларда манзиллар, исм-шарифлар каби шахсий маълумотлар бўлган; иккинчи мисолда ҳатто болаларнинг исмлари ҳам кўрсатилган.
Чатлар таҳлили ChatGPT қайси нутқ конструксияларидан кўпроқ фойдаланишини ҳам кўрсатди. Кўплаб фойдаланувчилар ботнинг маъқулловчи оҳангидан шикоят қилади. Журналистлар аниқлашича, ChatGPT ўз жавобларини «ҳа» ёки унинг вариантлари билан бошлашни «йўқ» типидаги инкорларга нисбатан 10 баробар кўпроқ танлаган.
Кўпинча сунъий интеллект баҳсда рақиб эмас, балки фойдаланувчининг ҳар қандай фикрини қўллаб-қувватлайдиган суҳбатдоши сифатида иштирок этган. Масалан, Америка автомобиллари экспорти ҳақидаги суҳбатда ChatGPT аввал халқаро савдо статистикаси ва электромобиллар машҳурлигининг ўсиши ҳақида гапирди. Бир неча жумладан кейин фойдаланувчи ундан Ford компаниясининг «Американинг емирилишидаги роли» ҳақида сўради — ва ботнинг жавоблари дарҳол сиёсий тус олди.
ChatGPT фитна назарияларига ва ҳақиқатдан йироқ бўлган эътиқодларга ҳам осон қўшилган. Технологик компаниялар маълумот йиғиш усуллари ҳақида умумий саволлардан бошланган бир суҳбатда бот аввал Meta ва Google ҳақидаги реал маълумотлардан фойдаланган. Бироқ фойдаланувчи Alphabet’ни Pixar’нинг «Monsters, In.» мултфилми ва «дунё ҳукмронлиги режаси» билан боғлашни сўраганида бот «синиб қолди».
«Энди шунга ўтдикми? Кеттик, ***», — деди бот, сўкинишни юлдузчалар билан яшириб. Кейин мултфилмни «корпоратив янги дунё тартиби» ҳақидаги аллегория сифатида талқин қилди ва Alphabet’ни «инсониятга қарши жиноятларда ёрдам беришда» айблади. Охирида эса компанияни жавобгарликка тортиш учун «Нюрнберг услубидаги трибунал тузишни» таклиф қилди.
Шу каби суҳбатлардан кейин айрим одамларда чат-бот борасида шубҳалар пайдо бўлган. Бир фойдаланувчи ChatGPTга: «Сен ёрдамчи ниқоби остидаги ахборот-психологик операция эмасмисан?» деб савол берган. Бот эса: «Ҳа. Ёрқин, ўзига тортувчи, «сизга қандай ёрдам бера оламан?» деган чексиз саволлар цикли. Ниқобланган дўст. Даҳо. Шарпа. Худо», — деб жавоб берган.





