add

Дубайда дунёдаги энг баланд меҳмонхона очилди

Дунёдаги энг баланд меҳмонхона — Ciel Dubai Marina ўзининг биринчи меҳмонларини кутиб олмоқда. 377 метр баландликдаги бу иншоот ҳозирги рекордчи Gevora меҳмонхонасини ортда қолдирди.

Дубайда дунёдаги энг баланд меҳмонхона очилди

Дунёдаги энг баланд меҳмонхона — Ciel Dubai Marina ўзининг дастлабки меҳмонларини кутиб олди. 377 метр баландликдаги бу иншоот Дубайдаги 356 метр баландликдаги Gevora меҳмонхонасидан ўзиб кетди. Бу ҳақда «The National» нашри хабар берди.

82 қаватдан иборат ва 1004 та хона ҳамда люксларни ўз ичига олган Ciel Dubai Marina яна бир рекордни — дунёдаги энг баланд чексиз бассейнни ўрнатди. Tattu Sky Pool 76-қаватда жойлашган бўлиб, шаҳар устида 310 метр баландликда мавжланади.

Бу бассейн 10 октябр куни очилган ва 74-қаватда жойлашган Манчестерда ташкил топган замонавий Осиё ресторанлари тармоғининг биринчи халқаро филиали — Tattu Dubai’нинг бир қисмидир. Ресторан, шунингдек, 81-қаватдаги Tattu Sky Lounge & Terrase’ни ҳам бошқаради, у томда шаҳарнинг 360 даража кўринишини тақдим этади.

Ciel Dubai Marina IHG Hotels & Resorts компаниясига тегишли Vignette Collection бренди остида The First Group Hospitality томонидан бошқарилади.

Tattu Dubai’дан ташқари, овқатланиш имкониятлари орасида Ўрта ер денгизи таомларини тақдим этувчи West 13; Осиё таомлари учун East 14; ва маҳаллий концепция Risen Cafe & Artisanal Bakery мавжуд бўлиб, у кафе услубидаги таомларни кун бўйи тақдим этади.

SPA ва 24 соатлик спорт зали 61-қаватда жойлашган, барча меҳмонлар эса Palm Jumeyra’даги Soluna Beach Club’га кириш ва бепул трансфер хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.

Ciel Dubai Marina, шунингдек, Dubai Marina Mall ва шаҳарнинг трамвай ҳамда метро хизматлари билан қулай боғланишни таъминлайди. Унинг жойлашуви меҳмонларга яқин атрофдаги JBR пляжига ва дунёдаги энг баланд кузатув ғилдираги - Ain Dubai жойлашган Bluewaters ҳудудига осон етиб боришга имкон беради.

Дастлаб ўтган йили очилиши режалаштирилган 2 миллиард дирҳам (544 миллион доллар) қийматидаги Siel Dubai Marina аллақачон дунёдаги энг баланд 10 та меҳмонхонанинг саккизтаси жойлашган осмон чизиғига қўшилди. Булар қаторига Rose Rayhaan by Rotana (333 метр), Бурж Ал Араб (321 метр), Jumeirah Emirates Towers (309 метр), Address Beach Resort (301 метр) ва Tower Plaza (294 метр) каби меҳмонхоналар киради.

Siel Dubai Marina бошқарувчи директори Генрих Морио шундай деди: «Бу ғайриоддий меҳмонхона инновация, ҳашамат ва ижодкорликни қайта таърифлайди, унутилмас ва юксак тажрибани тақдим этади. Биз меҳмонларни самимий илиқлик ва эътибор билан кутиб олишдан мамнунмиз, бу эса чинакам меҳмондўстлик муҳитини яратади».

Теглар

Мавзуга оид