Logo

Дунёнинг асосий локомотиви тўхтаяптими? Хитой иқтисодиётида сўнгги 4 йилдаги энг ёмон кўрсаткич қайд этилди

Мамлакатда ЯИМ ўсиши 2022 йилдан буён энг паст даражага тушиб кетди. Ишбилармонлик фаоллиги пасайиб, инвестициялар оқими шиддат билан қисқармоқда. Хўш, ХХР ҳақиқатан ҳам инқироз ёқасидами?

Дунёнинг асосий локомотиви тўхтаяптими? Хитой иқтисодиётида сўнгги 4 йилдаги энг ёмон кўрсаткич қайд этилди © Ijtimoiy tarmoqlar

ХХР Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг иккинчи чорагида Хитой ЯИМ ўсиши 4,3 фоизни ташкил этди. Бу 2022 йил охиридан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир. Таққослаш учун: январ—март ойларида бу кўрсаткич 5 фоизга ўсган эди. Шу тариқа, биринчи ярим йиллик якунларига кўра, Хитой иқтисодиёти 4,7 фоизга ўсди.

Статистика шуни кўрсатмоқдаки, Хитойда саноат ишлаб чиқариши ҳам секинлашган. Хусусан, апрел—июн ойларида ўсиш суръати 4,6 фоизни ташкил этди (биринчи чоракда бу кўрсаткич 6,1 фоиз эди). Бу ҳолатга Яқин Шарқдаги можаролар, хусусан, энергия ресурслари таъминотидаги узилишлар ва уларнинг нархи ошиб кетиши ўз таъсирини кўрсатмай қолмади.

Бироқ айрим тармоқлар, хусусан, компютер, телекоммуникация ускуналари ва электромобил ишлаб чиқарувчилари инқирозни унчалик сезаётгани йўқ. Уларнинг ўсиш суръати биринчи навбатда хорижий буюртмалар ҳисобига сақланиб қолмоқда.

Масалан, дастлабки олти ой ичида ХХР экспорти доллар ҳисобида 17,6 фоизга ошган. Хитойликлар ўз маҳсулотларини, айниқса, июн ойида фаол сотишга муваффақ бўлди. Биргина шу ойнинг ўзида хорижга 412,4 миллиард долларлик маҳсулот жўнатилди. Июн ойидаги экспорт ўсиши сўнгги тўрт ой ичидаги энг юқори кўрсаткич бўлди. Бунда асосий улуш юқори технологиялар секторига тўғри келди. ХХР микросхемалар ва маълумотларни қайта ишлаш ускуналарини етказиб беришни кескин кўпайтирди.

Бундай ўсиш, қисман, ХХР ҳамкорлари томонидан харид ҳажмининг сезиларли даражада ошгани билан ҳам изоҳланади. Яқин Шарқдаги можаро оқибатларидан хавотирга тушган харидорлар ўз захираларини жадал суръатларда тўлдиришга киришган. Экспертларнинг тахмин қилишича, геосиёсий вазиятнинг бироз юмшаши яқин ойларда Хитой ташқи савдосининг секинлашишига олиб келиши мумкин.

Кўчмас мулк бозоридаги инқироз

Айни пайтда, ўнлаб йиллар давомида Хитой иқтисодиётининг асосий таянчи бўлиб келган истеъмол бозори сезиларли даражада қисқарди. Иккинчи чоракда чакана савдо ҳажми деярли ўсишдан тўхтади. Агар январ—март ойларида бу кўрсаткич 2,4 фоизга ошган бўлса, апрел—июн ойларига келиб бор-йўғи 0,2 фоизни ташкил қилди.

Гап шундаки, мамлакат аҳолисининг пул жамғаришга бўлган мойиллиги ҳамон сақланиб қолмоқда — хитойликлар пул сарфлашга унчалик шошилмаяпти. Масалан, май ойида автомобил савдоси йиллик кесимда 16 фоизга, апрел ойида эса 15,3 фоизга камайган. Қолаверса, Чин диёри аҳолиси маиший техника, қурилиш ва пардозлаш материалларини ҳам аввалгидан камроқ харид қилмоқда.

Мутахассислар бундай пасайиш динамикасини кўчмас мулк бозорида чўзилиб кетган инқироз билан изоҳламоқда.

Биринчи ярим йилликда уй-жой ва тижорат мақсадларидаги кўчмас мулк қурилишига киритилган инвестициялар ҳажми 18 фоизга камайган. Янги қурилган бинолардаги хонадонлар нархи эса 13,6 фоизга арзонлашди.

Ички талабнинг сустлиги сабабли хитойлик тадбиркорлар ўз маҳсулотларини фаол равишда бошқа давлатлар бозорига йўналтирмоқда. Хорижда эса арзон Хитой товарларининг ёпирилиб кириб келиши маҳаллий компаниялар учун жиддий муаммога айланмоқда. Чунки улар бозордаги катта улуши ва фойдасидан қуруқ қолмоқда. Оқибатда бу ҳолат янги савдо можароларини келтириб чиқармоқда.

Инвестициялар оқими пасайди

Хитой иқтисодиётида вазият ёмонлашаётганидан июл ойидаги ишбилармонлик фаоллиги индикаторлари ҳам далолат бермоқда. Хусусан, ишлаб чиқариш секторида харид менежерлари индекси (PMI) сўнгги беш ой ичидаги энг паст кўрсаткич — 49,2 пунктга тушиб кетди.

Иккинчи ярим йиллик нафақат саноат тармоғида, балки бошқа соҳаларда ҳам пасайиш билан бошланди. Жумладан, хизмат кўрсатиш ва қурилиш соҳаларини қамраб олувчи ишлаб чиқаришдан ташқари секторда PMI индекси 49 пунктгача тушиб кетди. Бу 2022 йилнинг декабридан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.

Экспертларнинг фикрича, PMI индексининг тушиши ёз ойларида ишбилармонлик фаоллиги пасайишидек умумий тенденцияга мос келади.

Айни пайтда Хитой иқтисодиётига киритилаётган сармоялар миқдори ҳам камаймоқда. ХХР Савдо вазирлиги маълумотларига кўра, биринчи ярим йилликда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 5 фоизга қисқариб, 59,4 миллиард долларга тушган.

Асосий капиталга киритилган инвестициялар 5,7 фоизга, хусусий сармоялар эса 8,5 фоизга тушиб кетди. Экспертларнинг таъкидлашича, бу рақамлар капитал етишмовчилигидан далолат бермайди. Асосий муаммо — компанияларнинг бозордаги талаб ва янги лойиҳаларнинг рентабеллигига бўлган ишончи сусайганидадир.

Хитой учун бу янги босқичми ёки инқироз?

ХХР статистика маълумотлари эълон қилингач, «Morgan Stanley» банки Хитой ЯИМ ўсиши бўйича ўз прогнозини 4,8 фоиздан 4,6 фоизгача пасайтирди. Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ҳам 4,6 фоизлик ўсишини кутмоқда. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲҲТ) эса бу кўрсаткич 4,5 фоиз атрофида бўлишини прогноз қилмоқда.

Айтиш жоизки, Хитой ҳукумати қатор асосий кўрсаткичларни атайлаб жамоатчиликдан сир тутмоқда.

«TRT» сўровида қатнашган экспертлар Хитой ЯИМининг ўсиш суръатларини ўртача 4–4,5 фоиз даражасида тахмин қилган.

Уларнинг таъкидлашича, Чин диёри сўнгги йилларда ҳақиқатан ҳам жиддий иқтисодий қийинчиликларни бошидан кечирмоқда. Бироқ муқаррар инқироз ҳақида гапиришга ҳозирча ҳеч қандай асос йўқ.

Гап шундаки, Хитой шунчаки ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйди. Агар илгариги ўсиш қурилиш ва инфратузилмага киритилган кенг кўламли инвестициялар ҳисобига таъминланган бўлса, эндиликда ҳукумат ички истеъмол, юқори технологиялар ва меҳнат унумдорлигини оширишга асосланган янги иқтисодий моделга ўтишга ҳаракат қилмоқда. Бундай таркибий ўзгаришлар эса, табиийки, иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашиши билан кечади.

Шунга қарамай, экспертлар муҳим бир жиҳатдан огоҳлантирмоқда: агар хусусий инвестициялар ва истеъмол талаби қайта тикланмаса, давлат иқтисодиётни бюджет ва бошқа манбалар орқали янада фаолроқ қўллаб-қувватлашига тўғри келади. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатнинг қарз юкини ошириб, келгусидаги иқтисодий трансформацияни мураккаблаштиради.

Теглар

Мавзуга оид