Эбола вирусини юқтирган беморлар қочиб кетмоқда

Шифохонага ҳужумлар оқибатида қон кетиши кузатилаётган ва аҳволи ўта оғир бўлган бир бемор қочишга уриниш пайтида вафот этган.

Эбола вирусини юқтирган беморлар қочиб кетмоқда

Конго Демократик Республикасининг Монгбвалу шаҳрида Эбола вирусига чалинганлар сақланаётган мобил госпиталдан камида 25 бемор қочиб кетгани маълум қилинди.

Қочиб кетишнинг асосий сабаби

«Reuters» маълум қилишича, қочиш ҳолатлари икки босқичда содир бўлган. Дастлаб 23 май куни маҳаллий аҳоли қариндошларининг жасадлари ўзларига берилмаётганидан норози бўлиб, Монгбвалу шаҳридаги мобил госпиталга ўт қўйган. Шу пайтда 18 нафар бемор шифохонадан чиқиб кетган.

Қочиб кетган беморлардан камида биттасида Эбола вируси аниқлангани маълум қилинди. Бу эса инфекциянинг янада кенг тарқалиши хавфини кучайтирмоқда. Қон кетиши кузатилган ва аҳволи оғир бўлган бир бемор эса қочишга уринган вақтда вафот этган.

24 май куни шифохонага яна бир ҳужум уриниши содир бўлган. Янги тартибсизликлар вақтида яна етти нафар бемор қочиб кетган. Маҳаллий ҳокимият ва тиббиёт ходимлари беморларни қидириш ҳамда эпидемияни назорат қилиш чораларини кучайтирган.

Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда Эбола билан касалланганликда гумон қилинаётганлар сони 900 нафардан ошган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига кўра, вирус қурбонлари сони 220 нафарга етган. Эпидемия асосан Итури провинциясида тарқалган бўлса-да, Шимолий ва Жанубий Киву ҳудудларида ҳам касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда.

Фавқулодда вазият, аммо пандемия эмас

Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти «Х» ижтимоий тармоғида Конго ва Угандадаги «Bundibugyo ebolavirus» келтириб чиқарган Эбола эпидемияси муносабати билан халқаро аҳамиятга эга фавқулодда соғлиқни сақлаш ҳолати эълон қилинганини маълум қилган.
Ташкилот баёнотида шундай дейилади:

«ЖССТ бош директори иштирокчи давлатлар билан маслаҳатлашувлардан сўнг, Бундибуджио вируси келтириб чиқарган Эбола иситмаси Конго демократик республикаси ва Угандада халқаро хавф туғдирувчи жамоат саломатлиги соҳасидаги фавқулодда вазият эканини белгилайди. Бироқ у пандемия даражасидаги фавқулодда ҳолат мезонларига тўлиқ жавоб бермайди».

Теглар

Мавзуга оид