Эҳтиёжмандларга 1 млн сўмлик ёрдам, «Пахтакор»га берилган 5 млрд сўм ва манфий ташқи савдо салдоси — 30 октябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўмдан моддий ёрдам берилади
Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 28 октябрдаги фармонига асосан, 2026/2027 йилги иситиш мавсумида айрим эҳтиёжманд оилаларга ноябр ойида 1 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам тўлаб берилади.
Ушбу маблағ «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оилаларга, шунингдек, жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 2 баробаридан ошмайдиган бошқа муҳтож оилаларга ажратилади. Бундан ташқари, даромад мезонига мос келувчи марказлашган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшовчилар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва етим болалар яшаётган оилалар ҳам бу ёрдамни олади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Пахтакор» футбол клубига 5 млрд сўм ажратди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Пахтакор» футбол клубини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 5 миллиард сўм маблағ ажратиш бўйича расмий қарор қабул қилди. Ушбу маблағни ўтказиш юзасидан «Тошкент Инвест компанияси» АЖ кузатув кенгашига тегишли таклиф киритиш вазифаси ҳокимнинг биринчи ўринбосари зиммасига юклатилган.
Мазкур молиявий кўмак клубнинг бош ҳомийси, собиқ шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев жамоа билан ҳамкорликни тўхтатганидан сўнг амалга оширилмоқда. Маълумотларга кўра, асосий ҳомий билан ҳамкорлик тўхтатилгани ортидан жамоа жиддий молиявий йўқотишга учраган ва 2025 йилни 50 миллиард сўм зарар билан якунлаган.
Ўзбекистоннинг ташқи савдоси 65 млрд доллардан ошди: импорт ҳажми экспортдан юқори
2026 йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 65,4 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,3 фоизга ошди. Мазкур даврда экспорт ҳажми 5,5 фоизга камайиб, 25,8 миллиард долларни (олтинни ҳисобга олмаганда 13,3 млрд доллар) ташкил қилган бўлса, импорт 15,7 фоизга ўсиб, 39,6 миллиард долларга етди. Натижада мамлакат ташқи савдосида импорт ҳажми экспортдан ошиб, 13,7 миллиард долларлик манфий салдо юзага келди.
Импорт таркибида энг катта улушни машина ва транспорт ускуналари эгаллади. Мамлакат 200 дан ортиқ давлат билан савдо алоқаларини амалга оширган бўлса-да, асосий улуш саноқли ҳамкорлар ҳиссасига тўғри келди. Хусусан, энг йирик савдо ҳамкорлари бешлигидан Хитой (15,17 млрд доллар), Россия (10,47 млрд доллар), Қозоғистон (4,25 млрд доллар), шунингдек, Туркия ва Афғонистон жой олиб, бу беш давлатнинг умумий улуши жами ташқи савдонинг 51,5 фоизини шакллантирди.
Қаҳрамонжон Олимовнинг «Anorbank»даги ваколатлари муддатидан олдин тугатилди
«Anorbank» акциядорларининг навбатдан ташқари йиғилишида Қаҳрамонжон Олимовнинг Кузатув кенгаши аъзоси сифатидаги ваколатлари унинг ўз аризасига биноан муддатидан олдин тугатилди.
Унинг ўрнига банк ва суғурта соҳасидаги тажрибали мутахассис, бунгача қатор молия ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган Константин Воистинов сайланди. Янги аъзонинг ваколатлари Марказий банк розилиги олинганидан сўнг расман кучга киради.
Маълумот ўрнида, Қ.Олимов аввалроқ Парижда ўғирлаб кетилгани ва сўнгги вақтларда турли ҳужумларга дуч келгани ҳақида баёнот берган эди.
Энди тадбиркорлар ўрнатган камералар хавфсизлик камарини тақмаган ҳайдовчиларни ҳам қайд этади
Ўзбекистонда 1 ноябрдан бошлаб тадбиркорлар томонидан ўрнатилган камералар орқали ҳайдовчиларнинг хавфсизлик камарини тақмаганлик ҳолатларини аниқлашга рухсат берилди.
Ҳукумат қарорига кўра, бунинг учун камералар ҳайдовчининг юзи ва камар ҳолатини аниқ кўрсатувчи юқори сифатли суратга олиши, қоидабузарлик вақти ва жойи ҳақидаги маълумотларни ИИВнинг «Маъмурий амалиёт» тизимига автоматик узатиши ҳамда электр узилганда камида 8 соат узлуксиз ишлашини таъминловчи захира манбасига эга бўлиши шарт.





