Энергетик инқироз: нефт нархи, масофавий иш ва глобал иқтисодий таъсир

Бугун 11:587 дақиқа

Энергетика инқирози сабаб нефть ва газ нархлари ошди. Давлатлар тежамкорлик, масофавий иш ва яшил энергияга ўтиш чораларини кўрмоқда.

Энергетик инқироз: нефт нархи, масофавий иш ва глобал иқтисодий таъсир

Камроқ юриш ва учиш, ишга галстуксиз бориш, яхшиси эса уйдан ишлаш – турли давлатлар ҳукуматлари шундай тавсиялар бермоқда. Улар энергия ресурсларига бўлган талабни қисқартиришга мажбур, чунки тарихдаги энг йирик таъминот узилишларидан бири кузатилмоқда. Дунё бўйлаб яна масофавий ишга ўтиш тавсия қилинмоқда, бу «COVID-19» пандемияси давридаги фавқулодда чораларни эслатади. Аммо бу сафар бу чоралар Эрондаги уруш сабаб юзага келган энергетик шокка жавоб сифатида кўрилмоқда.

Иқтисодиётга зарба

Форс кўрфази давлатлари жаҳон бозорига тахминан 20 фоиз нефт ва суюлтирилган табиий газ, шунингдек, катта ҳажмда ёқилғи, айниқса авиация ёқилғисини етказиб бериб келган.

Эрондаги уруш сабаб бу етказиб беришлар тўхтаганидан кейин Европада нефт ва газ нархлари 60–70 фоизга, дизел ёқилғиси ва авиация керосини эса икки бараварга ошди. Энг катта зарба эса Осиёга тўғри келди, чунки деярли блокланган Ҳўрмуз бўғози орқали ўтадиган суюлтирилган табиий газнинг 83 фоизи ва нефт хомашёсининг 84 фоизи айнан шу минтақада истеъмол қилинган.

Аввалига иқтисодчилар Яқин Шарқдаги уруш туфайли энергетик шок инфляцияни кескин оширади, деб хавотирланган эди. Аммо ҳозир асосий салбий оқибат сифатида иқтисодий ўсишнинг секинлашиши кўрилмоқда. Номаъқул сценарийда, агар иккинчи чоракда нефтнинг ўртача нархи баррелига 135 доллар бўлса, жаҳон ялпи ички маҳсулоти инқироз бошланганидан кейинги иккинчи йилга келиб базавий прогнозга нисбатан 0,5 фоизга камайиши мумкин, деб баҳолайди. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD). Европа учун салбий таъсир 0,8 фоиз, Осиё-Тинч океани минтақасидаги «OECD» давлатлари учун эса 0,9 фоизни ташкил қилиши мумкин.

«Агар жаҳон иқтисодиёти нефт ишлаб чиқаришнинг 10–15 фоизидан маҳрум бўлса, бу барибир нормалаштирилган тақсимот жорий этилишига олиб келади», – дейди «Absolute Strategy Research»нинг ривожланаётган бозорлар бўйича иқтисодчиси Адам Волф.

«Айрим давлатларда, айниқса Жануби-Шарқий Осиё ривожланаётган бозорларида ёқилғи инқирози инфляция тезлашиши билан бирга иқтисодий ўсишни секинлаштириши мумкин. Иш ҳафтаси ёки иш куни қисқарганда, бу талабни пасайтиради, натижада ишлаб чиқариш ҳажмлари ва истеъмолчиларнинг харид қобилияти камаяди», – дейди Глобал тараққиёт марказининг катта илмий ходими ва вице-президенти Клеменс Ландерс.

Иқтисодчилар айтган ҳолатни Филиппин пойтахти Маниладаги машҳур «Goto Monster» ресторани ходимлари аллақачон ҳис қилди, деб ёзади «Financial Times». Одатда Макати бизнес туманида жойлашган бу ресторан иш кунлари одамлар билан тўлиб-тошарди, атрофдаги офис ходимлари тушлик ва кечки овқат учун келарди. Аммо Форс кўрфази давлатларидан нефт импортининг 95 фоизини олган Филиппин ҳукумати энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат эълон қилиб, тежамкорлик чораларини, жумладан масофавий ишга ўтишни жорий этди. Натижада «Goto Monster»га келувчилар сони 30–40 фоизга камайди, келганлар эса камроқ маблағ сарфламоқда.

Энергетик инқирозлар узоқ вақт давомида тузалмайдиган оқибатлар қолдиради, дейилади Халқаро валюта жамғармаси тадқиқотида. Нефт нархларининг кескин ошиши меҳнат бозорида «жиддий ва барқарор ёмонлашувга» олиб келади, айниқса нефт импорт қилувчи ва энергия талабчан тармоқларга эга мамлакатларда (кўплаб Осиё давлатларида айнан экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришлар жойлашган).

Нефт шокидан кейин бандликнинг аҳоли сонига нисбати дастлабки икки чоракда пасаяди, кейин бир муддат барқарорлашади ва 11-чоракдан бошлаб яна барқарор равишда туша бошлайди. Натижада беш йил ичида бу кўрсаткич 0,45 фоиз пунктага паст бўлади.

Галстукларсиз ва кондиционерларсиз

«Тарихдаги энг йирик энергетик инқироз»га қарши курашиш учун Халқаро энергетика агентлиги энергияни тежаш бўйича 10 та чорани таклиф қилди. Улар қаторига қуйидагилар киради: масофавий ишга ўтиш (ҳафтасига уч кун уйдан ишлаш мамлакатда автомобил ёқилғиси истеъмолини 2–6 фоизга камайтириши мумкин), автомобиллар тезлигини 10 км/соатга тушириш, шахсий транспорт ўрнига жамоат транспортидан фойдаланиш, алтернативалар мавжуд бўлганда авиапарвозлардан воз кечиш, овқат тайёрлашда газдан электрга ўтиш ва ҳ.к.

Тайланд бундан ҳам узоқроқ борди. Ҳукумат амалдорлар учун хорижий хизмат сафарларининг кўп қисмини бекор қилди ва уларга ишга қисқа енгли кўйлакда, галстуксиз келишни (расмий маросимлардан ташқари) буюрди – бу кондиционерларга эҳтиёжни камайтириш учун қилинган, деб ёзади «The Guardian». Бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, телебошловчилар эфирда пиджакларини ечиб ташлади.

Давлат муассасаларида ҳароратни 26–27 даражага ўрнатиш буюрилди, шунда кондиционерлар камроқ ишлайди. Шунингдек, лифтлардан камроқ фойдаланиш ва автомобилда бирга юриш тавсия этилди.

Агар инқироз янада кучайса, ҳукумат яна бошқа чораларни ҳам кўриб чиқишга тайёр, масалан, ёқилғи қуйиш шаҳобчаларини ёпиш ва кечки соат 22:00дан кейин билбордлар ёруғлигини камайтириш.

Шу билан бирга, Тайланд ва Индонезия биоёқилғи улушини оширмоқда, жумладан палма ёғи асосидаги ёқилғиларни оддий ёқилғи билан аралаштириш амалиётини кенгайтирмоқда.

Виетнам хорижий авиарейслар сонини қисқартирди, давлат хизматчиларини қисман масофавий ишга ўтказди ва компанияларни ҳам шундай қилишга чақирди.

Жанубий Корея эса кўмирдан электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича чекловларни бекор қилди ва ундан воз кечиш режасини кечиктиришини эълон қилди. Кўмир энергетикасини Бангладеш, Тайланд ва Филиппин ҳам кенгайтирмоқда.

Покистонда крикет ўйинлари бўш трибуналарда ўтказила бошланди.

Филиппиндаги жипни (шаҳар жамоат транспорти) микроавтобуси ҳайдовчиси Элмер Караскалнинг «The Guardian»га март ўрталарида айтишича, уруш бошланганидан бери унинг даромади икки баравардан кўпроқ камайган. Урушгача дизел нархи литрига 52–53 песо бўлган бўлса, 18 мартга келиб 79,4 песога етган. Шу билан бирга, масофавий иш ва тежамкорлик чоралари туфайли йўловчилар сони ҳам кескин камайган.

Европада биржа савдоларида дизел нархи икки бараварга ошди. Гарчи Европа Яқин Шарқ нефтига Осиёга нисбатан камроқ боғлиқ бўлса-да (ЕИ импортининг атиги 13 фоиз), у минтақадан кўп миқдорда тайёр ёқилғи харид қилади. Шунингдек, бу ёқилғи учун рақобат кескин ошган – танкерларни жалб қилиш учун харидорлар юқорироқ нарх таклиф қилишга мажбур.

Лондондаги «ICE» биржасида дизел фючерслари тоннасига 1500 доллар (яъни баррелига 200 доллардан ортиқ)гача кўтарилди – бу 2022 йил энергетик инқирозидан бери энг юқори даража. Феврал охирида эса нарх тахминан 100 доллар атрофида эди. «Bloomberg» маълумотига кўра, Осиёда ҳам дизель нархи (юк ташишдан тортиб қурилиш техникасигача кенг қўлланилади) баррелга 200 долларга етган.

АҚШда эса, «U.S. Energy Information Administration» маълумотига кўра, ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида дизель нархи галлонига 5,4 доллар (яъни баррелига 226,8 доллар)гача кўтарилди. Январ ойида эса у 3,5 доллар эди.

Европа «Яқин Шарқдаги можародан ҳам узоқ давом этиши мумкин бўлган чўзилган энергетик инқироз қаршисида қолди», деб огоҳлантирди ЕИ энергетика бўйича комиссари Дан Йоргенсен. У европаликларни Халқаро энергетика агентлиги тавсияларига амал қилишга ва қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтишни тезлаштиришга чақирди.

Қазилма ёқилғи ўрнига – «яшил» энергия

Европада энергия ресурслари нархлари яна «жуда узоқ вақт» юқори даражада сақланиб қолади, деди Дан Йоргенсен «Financial Times»га берган интервюсида. Унинг сўзларига кўра, айрим «танқис аҳамиятга эга» маҳсулотлар бўйича вазият яқин ҳафталарда янада ёмонлашиши мумкин. Шунинг учун ЕИ «барча мумкин бўлган вариантларни» кўриб чиқмоқда, жумладан дизел ва авиация ёқилғисини нормалаштириш, шунингдек, стратегик захиралардан нефтни қўшимча равишда бозорга чиқариш.

Узоқ муддатли истиқболда эса «вазиятни тубдан ўзгартириш ва ҳақиқий энергетик мустақилликка эришиш» зарур. Бунинг учун яшил энергетикага ўтиш бўйича саъй-ҳаракатларни икки бараварга ошириш керак, деб ҳисоблайди Дан Йоргенсен.

Бу фикрни «Bruegel» таҳлил маркази ҳам қўллаб-қувватлайди. Уларнинг таъкидлашича, газ генерациясини қайта тикланувчи энергия манбалари билан алмаштирган мамлакатлар «қазилма ёқилғи билан боғлиқ нарх шокларига камроқ дуч келади».

Экспертлар фикрича, қазилма ёқилғига боғлиқ бўлмаган манбалардан электр энергияси ишлаб чиқаришни ошириш «Европада электр энергияси нархлари билан қазилма ёқилғи нархлари ўртасидаги боғлиқликни узишга имкон берадиган ягона тузилмавий ёндашув» ҳисобланади ва келгусидаги нарх шокларидан ҳимоя қилади.

Хитой бу каби тавсияларнинг бир қисмини аллақачон амалга оширган. Гарчи у дунёдаги энг йирик нефт импортчиси бўлса-да, ҳозирги инқироз бошқа Осиё давлатларига нисбатан унга камроқ хавф туғдирмоқда. Яқин Шарқ нефти Хитой импортининг 37 фоизини ташкил этади, бироқ мамлакатда нефт истеъмоли сўнгги йилларда ўнлаб йиллик жадал ўсишдан кейин барқарорлашган.

Хитой электромобиллар сони бўйича дунёнинг қолган қисми билан деярли тенг паркка эга, шунингдек, катта ва доимий равишда ошириб борилаётган нефт захиралари, диверсификация қилинган нефт ва газ таъминоти ҳамда кўмир ва қайта тикланувчи энергия манбалари улуши юқори бўлгани сабаб импортга деярли боғлиқ бўлмаган энергетик тизимга эга, деб ёзади «Reuters».

2020-йил охирида Пекин 2025-йилга келиб янги автомобиллар сотувида электромобиллар улушини 20 фоизга етказишни мақсад қилган эди. Амалда эса бу кўрсаткич 50 фоизга етди. «Centre for Research on Energy and Clean Air» (CREA) баҳолашича, 2025-йилда электромобиллар «сиқиб чиқарган» нефт ҳажми Хитойнинг Саудия Арабистонидан импорт қиладиган нефти ҳажмига деярли тенг бўлган.

«Ҳозирги вазият Хитой стратегиячилари ўнлаб йиллар давомида режалаштирган сценарийга жуда яқин. Бу қазилма ёқилғининг денгиз орқали етказиб берилишига қарамликни камайтириш стратегиясининг тўғрилигини тасдиқлайди», – дейди «CREA» ҳаммуассиси Лаури Майлливрита «Reuters»га.

Теглар

Мавзуга оид