add

Эронда оммавий норозиликлар: минглаб қурбонлар, АҚШ таҳдиди

Бугун 20:205 дақиқа

Эрон сиёсий беқарорлик ёқасида турибди. Оммавий норозиликлар, қурбонлар ҳақидаги даҳшатли рақамлар ва АҚШнинг эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлари мамлакат ва бутун минтақани жиддий синов олдида қолдирмоқда.


Эронда давом этаётган оммавий норозилик намойишлари мамлакат тарихидаги энг кескин сиёсий инқирозлардан бирига айланди. Минглаб қурбонлар, интернетнинг тўлиқ ўчирилиши, намойишчиларга нисбатан қаттиқ жазолар муҳокамаси ва АҚШ билан ҳарбий тўқнашув эҳтимоли фонида вазият тобора хавфли тус олмоқда.

Эрондаги сўнгги воқеалар, халқаро босим ва минтақани ларзага солаётган кескинлик ҳақида батафсил тўхталамиз.

Норозилик сабаблари

Эрондаги норозилик намойишлари ўтган йилнинг 28 декабридан бери давом этмоқда. Улар миллий валюта курсининг пасайиши фонида бошланди. 1 АҚШ доллари 1,5 миллион риёлга чиқиб кетгани, инфляция шиддат билан давом этаётгани савдогарларнинг ғазабини қўзғаган.

Илк босқичда иқтисодий талаблар билан чиққан намойишлар қисқа вақт ичида сиёсий шиорларга айланиб, ойятуллоҳлар режими ва олий раҳбарият истеъфосини талаб қилишга ўтди. Норозиликлар мамлакат бўйлаб ўнлаб шаҳарларни қамраб олди.

Кўплаб давлатлар ўз фуқароларини Эронни зудлик билан тарк этишга чорлаб чиқиш қила бошлашди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Эронда бўлиб турган ўзбекистонликларни намойишларда иштирок этмасликка чорлаб, огоҳлантириш билан чиқиш қилди.

Трамп эронлик намойишчиларга ёрдам ваъда қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп Эронда давом этаётган норозилик намойишлари фонида кутилмаган баёнот билан чиқди. У ўзининг «Truth Social» тармоғидаги саҳифасида эронлик намойишчиларни фаол ҳаракатларга чақириб, давлат муассасаларини эгаллашга даъват этди.

«Эрон ватанпарварлари, намойишларни давом эттиринг — ўз муассасаларингизни эгалланг! Қотиллар ва зўравонларнинг исмларини сақлаб қўйинг», — дея ёзди у.

АҚШ президенти, шунингдек, эронлик расмийлар билан режалаштирилган барча учрашувларни бекор қилганини билдирди.

«Мен намойишчиларнинг бемаънилик билан ўлдирилиши тўхтамагунча, Эрон расмийлари билан барча учрашувларни бекор қилдим. Ёрдам йўлда. Эронни қайтадан буюк қиламиз», — дейилади АҚШ раҳбарининг мурожаатида.

АҚШ президенти Доналд Трамп аввал бошдан намойишчиларни қўллаб-қувватлашини билдирган ва аксилҳукумат акциялари иштирокчиларига ёрдам бериш учун Теҳронга босим ўтказишнинг турли, жумладан, ҳарбий вариантларини кўриб чиқаётганини айтган эди.

12 январда норозилик намойишлари фонида Трамп Эрон билан «бизнес юритаётган» мамлакатлардан келадиган товарларга АҚШ томонидан 25 фоизлик бож жорий этилишини эълон қилди. Шундан сўнг, 13 январда «Brent» нефти нархи икки ойлик максимал даражага етди.

Қурбонлар

CBS News хабарига кўра Эрондаги оммавий норозилик намойишлари деярли фуқаролик уруши кўламига чиқди. Телерадиоканал икки манбага таяниб, қурбонлар сони норозиликлар ва уларнинг куч билан бостирилиши оқибатида 20 минг нафаргача етиши мумкинлигини маълум қилди. Манбалардан бири бевосита Эрон ичида жойлашган.

Маълумотларга кўра, бу рақамлар мамлакат бўйлаб тиббиёт ходимлари тайёрлаган ҳисоботларга асосланган бўлиб, фаоллар қўлига тушган. Шунингдек, Эрон куч тузилмалари Теҳрондаги хусусий шифохоналарга рейдлар ўтказиб, даволанаётган намойишчиларнинг исм-шарифлари ва манзилларини талаб қилаётгани айтилмоқда.

CBS’нинг таъкидлашича, бу маълумотлар мустақил тасдиқланмаган. Бироқ Iran International телеканали тахминан 12 минг киши ҳалок бўлганини хабар қилган, АҚШдаги яна бир манба эса қурбонлар сони 10–12 минг орасида бўлиши мумкинлигини айтган.

13 январ куни Буюк Британия ташқи ишлар вазири Иветт Купер ҳам Эронда камида 2 минг киши ҳалок бўлган бўлиши мумкинлигини, ҳақиқий рақам эса юқорироқ эканини билдирган.

Эронда оммавий қатл бошланиши мумкин

Эрон ҳукумати оммавий норозилик намойишларида қатнашган фуқароларни тезкор суд жараёнлари орқали қатл этиш эҳтимоли ҳақида очиқ муҳокама қила бошлади.

Эрон суд-ҳуқуқ тизими раҳбари Ғуломҳуссайн Муҳсини-Эжаий норозилик намойишлари иштирокчиларига нисбатан тезкор ва соддалаштирилган суд амалиёти қўлланилиши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, кечиктирилган жазо кутилган самарани бермайди, бу эса жазо чоралари кескинлашиши эҳтимолини кўрсатади.

Бу орада Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий қўлга олинган намойишчилар қатл этилмаслигини эълон қилди.

«Осиб қатл этиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бу – дезинформация кампаниясининг бир қисми, ундан кўзланган мақсад — АҚШ президенти Доналд Трампни вазиятга аралашишга ундашдир. Бундай аралашув эса ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин», деган Ароқчи «Fox News» каналига берган интервюсида.

Бунгача АҚШ президенти Доналд Трампнинг намойишчилар қатл этила бошланса, Эрон «жуда кескин жавоб чоралари»га дуч келишини билдирган эди.

АҚШ 24 соат ичида Эронга зарба бериши мумкин

Reuters агентлиги  АҚШ яқин 24 соат ичида Эронга зарба йўллаши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқатди. Ҳаттоки АҚШ президенти Доналд Трампдан тасдиқлатиб олиш учун Эрондаги нишонга олиниши лозим бўлган 50 та ҳарбий объект туширилган харида тасдиқланган харита Оқ уйга етказилгани тўғрисидаги хабарлар ҳам тарқала бошлади.

Эрон эса қўшни давлатларни огоҳлантириб, ҳужум юз берса, улар ҳудудидаги Америка ҳарбий базаларига қарши жавоб зарбаси берилишини билдирган.

Шу фонда Вашингтон Яқин Шарқдаги базаларидан айрим ҳарбийларни қайта жойлаштиришга қарор қилган, хусусан Қатардаги Ал-Удайд авиабазасида бир қисм ҳарбийларга базани тарк этиш бўйича кўрсатма берилган.

Ал-Удайд авиабазаси АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг йирик базаси ҳисобланади ва у ерда тахминан 10 минг америкалик ҳарбий хизмат қилмоқда.

Эрон осмонининг ёпилиши

АҚШнинг Эронга эҳтимолли ҳужуми борасида тарқалган миш-мишлар фонида 15 январ куни эрталаб Эрон осмони ёпилди. Кўплаб хорижий авиакомпаниялар, жумладан, Ўзбекистоннинг Арабистон ярим ороли давлатларига учиб борган рейслари ҳам учган аэропортига қайтиб қўнишга мажбур бўлди.

Тошкент вақти билан соат 10 лар атрофида Эрон осмони қайта очилди. Форс кўрфази атрофида жойлашган араб давлатлари томон Эронни айланиб учаётган самолётлар яна йўлни буриб, Эрон устидан парвоз қила бошлашди.

БМТ Эрондаги қўзғалон бўйича йиғилиш ўтказади

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгаши 15 январь куни АҚШ сўровига биноан Эрондаги вазият бўйича йиғилиш ўтказади. Бу ҳақда январь ойида Хавфсизлик кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Сомалининг жаҳон ташкилотидаги доимий ваколатхонаси маълум қилди. 

АҚШ илтимосига кўра, раислик Яқин Шарқдаги вазият кун тартиби доирасида Эрондаги вазият бўйича брифинг ўтказишни белгилади. Йиғилиш 2026 йил 15 январь куни бўлиб ўтади.

Эрондаги оммавий норозиликлар кескинлашмоқда, кўплаб қурбонлар ва қатъий жазо чоралари қўлланиши мумкинлиги ҳақида хабарлар бор. АҚШ эса ҳарбий ва иқтисодий чораларни кўриб чиқмоқда, вазият эса бутун минтақа учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Бу мавзу бўйича сўнгги янгиликларни ёритишда давом этамиз — бизни кузатиб боринг.

 

Теглар

Нозима Қаршибоева

Нозима ҚаршибоеваМақолалар сони: 16

Барчаси

Мавзуга оид