
Фонд биржаси: ноябрда савдо ҳажми қисқарди, бозор баҳоси ўсди
2025 йил ноябрида «Тошкент» республика фонд биржасида савдо ҳажми кескин қисқарди, бироқ UCI индекси ва бозор капиталлашуви ўсишда давом этди.

«Тошкент» Республика фонд биржаси 2025 йил ноябр ойи натижалари бўйича савдо статистикасини эълон қилди. Рақамларга разм солинса, умумий савдо ҳажми кескин камайган, лекин UCI индекси ва бозор капиталлашуви ўсганининг гувоҳи бўлиш мумкин.
Ноябр ойида биржа савдоларининг умумий ҳажми 1,05 трлн сўмни (88,04 млн доллар) ташкил этди. Бу 2024 йил ноябрига нисбатан 13,74 трлн сўмга ёки қарийб 14 бараварга кам. Битимлар сони 33 минг 50 тани ташкил этиб, йиллик таққосда 15,53 фоизга камайган. Савдо ҳажмининг кескин пасайиши асосан ўтган йилги ноябрда амалга оширилган йирик блокли операциялар юқори база ҳосил қилганига боғлиқ.
Битимлар сонининг анча камроқ камайиши, яъни атиги 15,53 фоиз, ҳали бозор фаоллигининг бутунлай тўхтамаганини кўрсатади. Савдо асосан кичик ва ўрта ҳажмдаги операциялар ҳисобига давом этмоқда.
Акциялар бозорида савдолар ҳажми 135,29 млрд сўмни (11,29 млн доллар) ташкил этди. Шундан 62,43 млрд сўми «Nego Board» (йўналтирилган савдолар учун мўлжалланган майдонча) платформасига тўғри келди. UCI индекси ноябрь якунига кўра 1,7 фоизга ошиб, 719,87 пунктни ташкил этди. Акциялар бозорининг умумий капиталлашуви ҳам 1,7 фоизга ўсиб, 275,26 трлн сўмга (23,13 млрд доллар) етди.
Савдо ҳажми камайган шароитда индекс ва капиталлашувнинг ўсиши бир неча омил билан тушунтирилади.
Биринчидан, сотиш босими паст, кўпчилик акциядорлар позицияларини сақлаб қолмоқда.
Иккинчидан, минимал савдо ҳажми фонида ҳам нархлар босим остида қолмаяпти. Бироқ эркин муомаладаги акциялар (free float) қиймати 4,04 трлн сўмни ташкил этди, бу умумий капиталлашувнинг кичик улушини англатади. Амалда бу ликвидликнинг тор эканлигини, нарх ўзгаришларининг баъзан кичик ҳажмдаги битимлар таъсирида шаклланаётганини билдиради.
Корпоратив облигациялар бозорида ижобий динамика кузатилди. Савдо ҳажми 493,92 млрд сўмни (41,26 млн доллар) ташкил этиб, йиллик таққосда 96,12 фоизга ошди. Битимлар сони 238 тадан 1926 тагача кўпайди.
Биржа котировкалаш варағига киритилган облигацияларнинг бозор қиймати 2,05 трлн сўмни (172,14 млн доллар) ташкил этди. Бу натижалар инвесторларнинг барқарор купон даромади таъминлайдиган инструментларга қизиқиши ортаётганидан далолат беради.
Облигациялар сегментидаги ўсиш бир неча омил билан боғлиқ. Ноаниқ иқтисодий шароитда инвесторлар олдиндан маълум пул оқими келтирувчи активларни афзал кўрмоқда. Шунингдек, пенсия фондлари, суғурта компаниялари ва банклар учун облигациялар портфел талабларига мос келувчи актив тури ҳисобланади.
Ноябрь охирига келиб, биржа котировкалаш варағида 93 та акция эмитентининг 135 та инструменти, 12 та облигация эмитентининг 24 та инструменти, жами 103 эмитентнинг 159 та қимматли қоғози листингда мавжуд. Эмитентлар сонининг босқичма-босқич ортиб бориши бозор инфратузилмаси кенгаяётганидан, маҳаллий компаниялар учун капитал жалб қилиш имкониятлари ошаётганидан далолат беради. Шу билан бирга, реал савдо ҳали ҳам бир нечта йирик эмитентлар атрофида концентрациялашган.
Листингдан ташқари савдо майдончасида (ЛТСМ) 4123 та битим тузилиб, савдолар ҳажми 422,83 млрд сўмни (35,49 млн доллар) ташкил этди. Йиллик таққослаганда бу қарийб 6 бараварлик ўсиш. ЛТСМ сегментининг фаоллашуви кичик ва ўрта эмитентлар, шунингдек махсус операциялар учун мослашувчан механизм мавжудлигини кўрсатади. Бироқ, асосий биржа майдончаларида ликвидлик чуқурлиги ошиши учун савдо оқимининг асосий қисми листинг қилинган инструментларга йўналиши муҳим.
Ноябр натижалари Ўзбекистон фонд бозорининг ҳозирги ривожланиш босқичини акс эттиради. Савдо ҳажмининг камайиши ўтган йилги юқори базадан кейинги нормаллашув жараёни сифатида баҳоланиши мумкин. Индекс ва капиталлашувдаги ўсиш, облигациялар сегментидаги фаоллик эса бозорда фундаментал жараёнлар давом этаётганидан далолат беради.
Инвесторлар қисқа муддатли ҳажм ўзгаришларидан кўра, эмитентларнинг молиявий натижалари, корпоратив бошқарув сифати, ликвидлик даражаси ва узоқ муддатли истиқболларини баҳолаган ҳолда қарор қабул қилишлари керак.
Бозор институтлашуви босқичма-босқич давом этмоқда ва бу жараёнда барқарорлик, шаффофлик ва ликвидлик омиллари ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб қолади.
Г.Бозорова тайёрлади.





