
Фуқаролар энг кўп иқтисодий ҳуқуқлар бузилиши бўйича мурожаат қилмоқда — Омбудсман
Тўққиз ой ичида Омбудсманга юборилган мурожаатларнинг энг кўпини иқтисодий ҳуқуқларнинг бузилиши бўйича шикоятлар ташкил этмоқда.

2025 йилнинг тўққиз ойи давомида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига 15 385 та мурожаат келиб тушгани маълум қилинди. Улардан 27,3 фоизи иқтисодий ҳуқуқлар бузилишига оид бўлиб, Омбудсман фаолиятидаги асосий йўналишлардан бирига айланган.
Омбудсман матбуот котиби Фотима Мадраҳимова хабарига кўра, мурожаатлар таркибида ижтимоий масалалар 24 фоизни, шахсий муаммолар 16,4 фоизни, махкум ва маҳбуслар ҳуқуқларига оид аризалар эса 11,9 фоизни ташкил этган. Энг кўп шикоятлар Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида қайд этилган.
«Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан давлат ташкилотлари ёки мансабдор шахсларга 133 та даъво ариза, тақдимнома, талабнома, огоҳлантириш ва хулоса шаклидаги таъсир чоралари киритилди ва уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди», дейилади хабарда.
Шу жараёнда фуқаролар ололмай юрган 9 млрд 327 млн сўмдан ортиқ маблағларни қайтаришда амалий ёрдам берилди. Жумладан, 2 млрд 162 млн сўм — иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига оид тўловлардан иборат бўлган.
Шунингдек, Омбудсман сўровлари асосида 577 млн сўмдан зиёд алимент тўловлари таъминланган, тўлашдан бош тортган уч нафар шахс маъмурий қамоққа олинган. Ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан тўланиши керак бўлган 3,6 млрд сўм компенсация ҳам фуқаролар фойдасига ундирилган.
Мурожаатлар асосида инсон ҳуқуқларини бузган 33 нафар масъул интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган. Қамоқда сақланаётган шахслардан келган 2 097 та шикоятдан 37 таси бўйича хизмат текшируви ўтказилган. Натижада ички ишлар тизимидаги беш нафар ходим жазоланган, бири лавозимидан озод этилган.
Омбудсманнинг жамоатчилик гуруҳлари 728 марта жазони ижро этиш муассасаларига бориб, 7 мингдан зиёд маҳкум билан гуруҳли, 4 381 нафари билан якка тартибда суҳбат ўтказган. Овқатланиш, тозалик, меҳнат шароити ва тиббий ёрдам масалалари ўрганилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан идораларга 29 та расмий мурожаат юборилган. Бу ишлар натижасида 17 нафар соғлиқни сақлаш ва ички ишлар ходимларига интизомий чоралар қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, Омбудсман тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларнинг шарт-шароитларини инсонпарварлик мезонларига мос равишда енгиллаштиришни — ҳибсда сақланаётган шахсларга дам олиш ва байрам кунларида камида икки соат сайр қилиш ҳуқуқини бериш таклиф этган эди.





