
Германиянинг 2026 йилги бюджетида ҳар учинчи евро пенсия тўлашга кетади
2026 йилда Германия федерал бюджетида йиғиладиган ҳар учинчи солиқ евро пенсия тўловларига йўналтирилади. Бу келажак сармояларини чеклаш хавфини келтирмоқда.

Германиянинг 2026 йилги федерал бюджетида пенсия тизимига ажратиладиган маблағлар рекорд даражага чиқиши кутилмоқда. Ifo иқтисодий тадқиқот институтининг янги ҳисоботига кўра, ҳар учинчи евро — яъни 33 фоиздан ортиқ солиқ тушумлари пенсия суғуртаси тизимига йўналтирилади.
Умумий ҳисобда 127,8 млрд евро пенсия тўловларига сарфланиши режалаштирилган. Бу эса бюджетнинг салмоқли қисмини эгаллаётганини англатади. Bild нашрининг ёзишича, пенсия харажатлари ҳозирда бутун бюджетнинг деярли чорак қисмини ташкил этмоқда.
Ifo институти тадқиқотчиси Эмили Ҳёсслингерга кўра, «пенсия тизимида тузилмавий ислоҳотларсиз федерал бюджет яна узоқ вақт давомида бу харажатларни кўтариб боришига тўғри келади». Бу эса келажак сармоялар ва стратегик лойиҳаларга маблағ ажратиш имкониятини чеклаб қўяди.
Ҳисоботда шунингдек, бюджетнинг даромад манбаларида ҳам салбий тенденциялар кузатилгани қайд этилган. Хусусан, қарз маблағлари улуши 2026 йилда 19 фоизгача кўтарилади.
«Янги қарзлар муаммоларни фақат кейинги авлодларга суриб қўяди ва улар учун юкни оғирлаштиради», — дея огоҳлантирди Ҳёсслингер.
Бюджет лойиҳасига кўра, 2026 йилда Германиядаги умумий харажатлар 520,5 млрд еврони ташкил этади, бундан ташқари 120 млрд евро алоҳида фондлар орқали йўналтирилади.





