Logo

«Google»нинг бош компанияси «Alphabet» жорий йил учун капитал харажатлари прогнозини оширди

Бугун 16:534 дақиқа

Компаниянинг чораклик эркин пул оқими сўнгги йигирма йилдан ортиқ вақт ичида биринчи марта манфий кўрсаткични қайд этди — минус 5,9 миллиард доллар.

«Google»нинг бош компанияси «Alphabet» жорий йил учун капитал харажатлари прогнозини оширди © Foto: life.ru

«Google»нинг бош компанияси «Alphabet» жорий йил учун капитал харажатлари прогнозини аввалги 190 миллиард доллардан 195–205 миллиард долларгача оширди. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.

Шунингдек, «Alphabet»нинг чораклик эркин пул оқими (free cash flow) компания биржага чиққанидан буён, яъни сўнгги йигирма йилдан ортиқ вақт ичида биринчи марта манфий кўрсаткични қайд этди — минус 5,9 миллиард доллар. Компания бу ўзгаришни сунъий интеллект учун ҳисоблаш қувватларини тезроқ кенгайтириш ва булутли хизматлар мижозларидан тушадиган даромадни ошириш истаги билан изоҳлади.

«Alphabet» технология гигантлари ичида чораклик ҳисоботини биринчи бўлиб эълон қилди. «Meta», «Microsoft» ва «Amazon» эса ўз натижаларини келаси ҳафта тақдим этади. Апрель ойида ушбу тўрт компания жорий йилда сунъий интеллектга жами 725 миллиард долларгача сарфлашини маълум қилганди. «Alphabet» ҳисоботига қараганда, якуний харажатлар бу рақамдан ҳам юқори бўлиши мумкин.

Бироқ бу сармоялардан қай даражада фойда олиниши ҳали ҳам ноаниқлигича қолмоқда. «Investing.com» катта таҳлилчиси Томас Монтейронинг таъкидлашича, янги харажатлар режаси унчалик ижобий кўринмайди. Унинг фикрича, фоиз ставкалари ошиши ва сунъий интеллект инфратузилмаси тақчиллиги шароитида компания ўзини фақат ички пул оқимлари ҳисобидан узоқ муддат молиялаштириши мумкинлиги ҳақидаги тасаввур тобора заифлашмоқда.

«Google Cloud» даромади кутилганидан юқори бўлди

Шунга қарамай, чораклик натижалар ижобий кўрсаткичларни ҳам намоён қилди. «Google Cloud»нинг 30-июнь куни якунланган чоракдаги даромади ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 82 фоизга ўсиб, 24,77 миллиард долларга етди. Бу таҳлилчилар кутган 22,46 миллиард доллардан юқори бўлди. Шунингдек, тузилган, аммо ҳали даромад сифатида ҳисобга олинмаган шартномалар портфели аввалги чоракдаги тахминан 460 миллиард доллардан 514 миллиард долларгача кўпайди.

Компания бош директори Сундар Пичай бу ўсишни сунъий интеллект инфратузилмаси ва AI ечимларига бўлган юқори талаб билан изоҳлади. Ҳамкорларга тўланган маблағлар ҳисобга олинмаган ҳолда «Alphabet»нинг умумий даромади 103,6 миллиард долларни ташкил этиб, Уолл-стрит прогнозларидан юқори бўлди. Бир акцияга тўғри келадиган соф фойда 9,11 долларни ташкил қилди. Бу ҳам кутилмалардан анча юқори бўлиб, бунда «Alphabet»нинг «Anthropic» ва «SpaceX» компанияларидаги улушлари қийматининг қарийб 100 миллиард долларга қайта баҳоланиши муҳим омил бўлди.

Gemini ва сунъий интеллект бўйича рақобат кучаймоқда

Қидирув рекламасидан тушган даромад 63,27 миллиард долларни ташкил этди, аммо бу кўрсаткич таҳлилчилар прогнозидан бироз паст бўлди. «Bloomberg»нинг ёзишича, инвесторлар учун асосий савол — одамларнинг ахборот билан ишлаш усуллари ўзгариб бораётган бир пайтда «Google»нинг Gemini модели қидирув бозоридаги устунликни сақлаб қола оладими, деган масаладир.

Gemini’нинг ойлик фойдаланувчилари сони 950 миллион нафарга етди. Бу прогнозлардан юқори бўлса-да, биринчи чоракдаги кўрсаткичдан пастдир. Шу билан бирга, Gemini 3.5 Pro моделининг чиқарилиши кечиктирилгани унинг бозордаги ўрни ҳақида саволларни келтириб чиқарди. Айниқса, сунъий интеллект асосидаги дастурлаш соҳасида ишлаб чиқувчиларни Anthropic ва OpenAI фаолроқ жалб қилаётгани қайд этилмоқда.

Бу саволларга жавобан Сундар Пичай эътиборни кейинги авлод модели — Gemini 4’га қаратди. Унинг айтишича, бу анча йирик ва кучли модель бўлади ҳамда ишга туширилгандан кейин «Google» унга янгиланишларни деярли ҳар ой тақдим этиб боради.

Май ойи охирида Anthropic сунъий интеллект соҳасидаги энг қиммат стартапга айланиб, OpenAI’ни ортда қолдирди. Компаниянинг 65 миллиард долларлик Series H инвестиция босқичи якунланганидан кейин унинг бозор баҳоси 960 миллиард доллардан ошди. Шунингдек, компаниянинг кутилаётган йиллик даромади 47 миллиард долларга етди. Солиштириш учун, 2025-йил якуни бўйича бу кўрсаткич 10 миллиард долларни ташкил этган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нобель лауреатининг «Google»дан кетиши «Alphabet» акциялари пасайишига сабаб бўлганди.

Теглар

Мавзуга оид