Ҳафталик нархлар: Йил бошидан буён биринчи марта гўшт нархи арзонлади
Vaqt.uz Марказий банк маълумотлари асосида энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳафталик нархларидаги ўзгаришларни мунтазам таҳлил қилиб боради.

Марказий банкнинг «narxtahlil.uz» платформасида эълон қилинган ҳафталик маълумотларга кўра, ҳафта давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархида турлича ўзгаришлар кузатилди.
Мол ва қўй гўшти маҳсулотларининг нархи йил бошидан бери энг паст кўрсаткични қайд этган бўлса, сабзавот ва меваларда ҳам мавсумий арзонлашув кузатилди. Шунингдек, мол гўштининг энг юқори нархи Тошкент шаҳри ва Жиззах вилоятига, энг арзон нарх эса Қорақалпоғистонга тўғри келмоқда.
Vaqt.uz 10-17-июндаги энг муҳим 15 хил озиқ-овқат маҳсулотлари нархини таҳлил қилди.
Асосий маҳсулотлар
Ҳафта давомида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи нисбатан барқарор бўлди. Хусусан, пахта ёғи нархи 20 минг 210 сўмга тушиб, 0,1 фоизга арзонлашди. Кунгабоқар ёғи эса 21 минг 441 сўмга ёки 0,3 фозига тушган бўлса, ўтган ҳафтада кунгабоқар ёғи нархи кўтарилган эди. Лекин амалда нархи ўзгармаган.
Ун маҳсулотлари сегментида ҳам нархлар сезиларли даражада ўзгармади. Биринчи нав ун нархи ўтган ҳафтадаги ўтган ҳафтадаги 6 минг 252 сўмдан 6 минг 241 сўмга тушди. Олий нав ун эса 0,1 фозига арзонлаб, 9 минг 356 сўмни ташкил қилди.
Гўшт маҳсулотлари нархи эса сезиларли даражада пасайди. Масалан, ўтган ҳафта мол гўшти нархи 0,3 фоизга қимматлашган бўлса, бу ҳафта 0,1 фоизга пасайди. Натижада мол гўштининг ўртача нархи 122 минг 547 сўмни ташкил қилди. Қўй гўшти ҳам кетма-кет учинчи ҳафта ўсган бўлса-да, жорий ҳафтада қўй гўшти нархи 0,2 фоизга пасайди ва 133 минг 447 сўмга тушди.
Мол ва қўй гўшти бозорида улгуржи сегментида нархлар нисбатан тушаётган бўлса-да, чакана савдода нархлар деярли ўзгармаган. Бу ҳолат чакана ва улгуржи бозор ўртасидаги тафовут сақланиб қолаётганидан далолат беради.
Тухум, гуруч ва шакар каби кундалик истеъмол маҳсулотлари нархида эса сезиларли ўзгариш кузатилмади. Тухум ва товуқ гўшти нархи мос равишда 1,1 ва 0,5 фоизга арзонлади. Мазкур маҳсулотларда нархларнинг деярли ўзгармагани бозорда талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанат сақланаётганини кўрсатади.
Сут маҳсулотлари нархи 0,4 фоизга пасайиб, 7 минг 771 сўмни ташкил этди. Бу маҳсулот нархи ўтган ҳафтада ўзгаришсиз қолган эди. Шакар нархи эса 13 минг 155 сўмга тушиб, 0,6 фоизлик тушишни қайд этди. Шунингдек, гуруч нархи 2 фоизга ўсиб, 14 минг 430 сўмга етди.
Mahsulot | 10.06.2026 | 17.06.2026 | O'zgarish (%) |
Paxta yog‘i (1 litr) | 20 234 | 20 210 | -0,1% |
Kungaboqar yog‘i | 21 495 | 21 441 | -0,3% |
Un (1-nav) | 6 252 | 6 241 | -0,2% |
Mol go‘shti (1 kg) | 122 724 | 122 547 | -0,1% |
Qo‘y go‘shti (1 kg) | 133 698 | 133 447 | -0,2% |
Tuxum | 11 696 | 11 566 | -1,1% |
Сабзавотлар
Сабзавот бозорида мавсумий арзонлашув тенденцияси давом этди. Ўтган ҳафта бақлажон 19 фоизга арзонлашган бўлса, бу ҳафта ҳам унинг нархи яна тушиб 15,2 фоизга пасайди.
Помидор нархи ҳам кетма-кет тўртинчи ҳафта кескин тушмоқда. Ҳафта давомида помидор 14,7 фоизга арзонлаб, 6 минг 699 сўмни ташкил қилди. Таққослаш учун, ўтган ҳафта ушбу маҳсулот нархи 20,7 фоизга пасайган эди.
Бодринг нархи ҳам арзонлашишда давом этди. Унинг ўртача нархи 5 минг 801 сўмни ташкил этиб, бир ҳафта ичида 9,8 фоизга пасайган. Ўтган ҳафтада эса бодринг 6 минг 433 сўмдан сотилган эди.
Картошка ва пиёз маҳсулотларида ҳам нархлар пасайиши кузатилди. Картошка нархи 9,7 фоизга арзонлаб, 5 минг 034 сўмга тушди. Пиёз эса 2 минг 345 сўмдан 2 минг 330 сўмга пасайди. Қизиғи, пиёз маҳсулоти ўтган ҳафта энг юқори ўсишни қайд этиб, 2 минг 271 сўмга етган.
Сабзи ва карам нархларида эса аксинча ўсиш кузатилди. Сабзи нархи эса 7,2 фоизга ошиб, 3 минг 995 сўмга етди ва сабзи бошқа сабзавотларга нисбатан энг кескин ошган маҳсулот бўлди. 1 кг карам нархи эса 3 минг 578 сўмга етиб, ўтган ҳафтага нисбатан 1,4 фоизга қимматлашди.
Айрим сабзавотларда нархларнинг ошиши янги ҳосил ҳажми ҳали тўлиқ шаклланмагани билан изоҳланиши мумкин. Шу билан бирга, бозорга янги ҳосилларнинг кўпроқ кириб, келиши помидор, бодринг ва булғор қалампири каби маҳсулотлар нархининг кескин пасайишига сабаб бўлмоқда.
Mahsulot | 10.06.2026 | 17.06.2026 | O'zgarish (%) |
Kartoshka (1 kg) | 5 572 | 5 034 | -9,7% |
Piyoz (1 kg) | 2 345 | 2 330 | -0,6% |
Sabzi (1 kg) | 3 726 | 3 995 | +7,2% |
Pomidor (1 kg) | 7 856 | 6 699 | -14,7% |
Bodring (1 kg) | 6 433 | 5 801 | -9,8% |
Мевалар
Мевалар сегментида эса аксарият маҳсулотлар нархининг пасайгани кузатилди. Энг катта пасайиш узум нархида қайд этилиб, бир ҳафта давомида 6,7 фоизга арзонлашди. Натижада 1 кг узумнинг ўртача нархи 30 минг 215 сўмни ташкил қилди. Ушбу маҳсулот кетма-кет иккинчи ҳафта арзонлашаяпти.
Олма ва нок маҳсулотлари нархларида ҳам пасайиш тенденцияси сақланиб қолмоқда. Хусусан, олма нархи ҳафта давомида 4,3 фоизга арзонлашиб, 14 минг 864 сўмга тушди.
Шунингдек, нок нархи ҳам пасайишда давом этди. Унинг 1 кг нархи 20 минг 600 сўмни ташкил қилди. Бу нарх ўтган ҳафтага нисбатан 1,1 фоизга арзонлаган.
Лимон нархи эса аксинча ўсишда давом этмоқда. Ўтган ҳафта маҳсулот 0,4 фоизга қимматлашган бўлса, бу ҳафта ҳам ўсиш сақланиб 0,5 фоизни ташкил қилди. Натижада 1 кг лимоннинг ўртача нархи 49 минг 047 сўмни ташкил қилди.
Умуман олганда, мевалар бозорида нархлар пасайиш тенденциясини кўрсатаётган бўлса-да, лимон маҳсулотининг нархи эса ошмоқда.
Mahsulot | 10.06.2026 | 17.06.2026 | O'zgarish (%) |
Olma | 15 524 | 14 864 | -4,3% |
Nok | 20 834 | 20 600 | -1,1% |
Limon | 48 807 | 49 047 | +0,5% |
Uzum | 20 509 | 19 134 | -6,7% |
Ҳафта давомида озиқ-овқат бозорида турлича тенденция кузатилди. Гўшт маҳсулотлари йил бошидан буён биринчи марта нархлар пасайган бўлса, сабзавот ва меваларда мавсумий арзонлашув кучайди. Айниқса, помидор ва бодринг нархининг кескин пасайиши бозорда янги ҳосиллар кириб келаётганлигини кўрсатади. Аксарият истеъмол маҳсулотларининг нархлари эса барқарор сақланиб қолмоқда.
Ҳудудлар кесимида гўшт нархлари қандай?
10 июн ҳолатига кўра, мол гўшти нархлари ҳудудлар кесимида сезиларли даржада фарқ қилмоқда. Республика кесимида ўртача нарх 123 минг сўм атрофида бўлса-да, айрим вилоятларда бу кўрсаткич сезиларли даражада юқори, айрим ҳудудларда эса нисбатан паст сақланмоқда. Бу эса гўшт бозорида ҳудудий тафовут сақланиб қолаётганини кўрсатади.
Hudud | 10.06.2026 | 17.06.2026 | O'zgarish (%) |
Xorazm viloyati | 115 860 | 116 726 | +0,75% |
Qoraqalpog‘iston | 108 465 | 109 136 | +0,62% |
Surxondaryo viloyati | 125 484 | 126 093 | +0,49% |
Qashqadaryo viloyati | 120 780 | 120 980 | +0,17% |
Andijon viloyati | 126 248 | 126 426 | +0,14% |
Buxoro viloyati | 117 338 | 117 294 | -0,04% |
Toshkent shahri | 132 545 | 132 411 | -0,10% |
Navoiy viloyati | 118 652 | 118 375 | -0,23% |
Samarqand viloyati | 126 093 | 125 798 | -0,23% |
Namangan viloyati | 126 825 | 126 439 | -0,30% |
Toshkent viloyati | 123 962 | 123 492 | -0,38% |
Sirdaryo viloyati | 123 825 | 123 226 | -0,48% |
Farg‘ona viloyati | 124 656 | 123 988 | -0,54% |
Jizzax viloyati | 130 521 | 127 684 | -2,17% |
Хусусан, энг қиммат нарх Тошкент шаҳри ва Жиззах вилоятида қайд этилди. Тошкент шаҳрида 1 кг мол гўштининг ўртача нархи 132 минг 411 сўмни, Жиззах вилоятида эса 127 минг 684 сўмни ташкил қилди.
Энг арзон мол гўшти Қорақалпоғистон Республикасида сотилмоқда. Бу ерда 1 кг гўштнинг ўртача нархи 109 минг136 сўмни ташкил этган. Шунингдек, Навоий вилоятида 118 минг 375 сўм ва Бухора 117 минг 294 сўмлик нархлар ҳам республика ўртача кўрсаткичидан паст бўлиб қолмоқда.
Шундай қилиб, энг қиммат ва энг арзон ҳудудлар ўртасидаги фарқ қарийб 23 минг сўмни ташкил этмоқда. Бу эса битта маҳсулот нархида ҳудудлар бўйича сезиларли тафовут борлигини кўрсатади.
Ҳафталик ўзгаришлар бўйича ҳам ҳудудлар кесимидаги фарқлар турлича. Жиззах вилоятида мол гўшти нархи энг катта пасайишни қайд этиб, бир ҳафта ичида 2,17 фоизга арзонлашган. Қизиғи, Жиззах вилояти ҳудудлар кесимида мол гўшти нархи бўйича энг юқори ўринни эгаллаган. Ушбу кўрсаткич бошқа ҳудудларга нисбатан анча юқори бўлиб, Фарғона 0,54 фоизга, Сирдарё 0,48 фоизга ва Тошкент вилояти 0,38 фоиз даги пасайишлардан бир неча баробар кўпдир.
Туманлар кесимида эса мол гўштининг арзонлашуви Қувасойда кузатилган. Энг қиммат мол гўшти эса 136 минг 818 сўм билан Юнусобод сақланиб турибди. Жорий йил бошидан буён мол гўштининг арзонлашишини бир қанча омиллар таъсир қилади.
«Деярли 6 ой давом этган раллидан кейин гўшт нархининг ўсишдан тўхташи ҳавонинг исиб бориши ўлароқ талабнинг мавсумий сусайиши, шунингдек, импорт каналларида логистик тўсиқ ва муаммоларнинг ечилаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин», – деб ҳолатни иқтисодчи Отабек Бакиров баҳолаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 3-10 июнь ҳолатидаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўзгаришини ҳам таҳлил қилган эдик.





