add

Жаҳон электромобил бозорида «Tesla» етакчиликни «BYD»га топширди

03.01.2026 | 16:332 дақиқа

2025 йил якунларига кўра «Tesla» жаҳон электромобил бозорида етакчиликни йўқотди, глобал сотувлар бўйича биринчи ўринга Хитойнинг «BYD» корпорацияси чиқди.

Жаҳон электромобил бозорида «Tesla» етакчиликни «BYD»га топширди

2025 йил якунлари бўйича «Tesla» жаҳон электромобил бозоридаги етакчиликни «BYD» компаниясига бой берди. «Bloomberg» маълумотларига кўра, «Tesla»нинг глобал етказиб бериш ҳажмлари пасайган, «BYD» эса йил давомида ўсишни сақлаб қолган.

«Tesla»нинг 2025 йил тўртинчи чорагидаги жаҳон бўйлаб етказиб беришлари йиллик ҳисобда 16 фоизга камайиб, 418,2 мингта автомобилни ташкил этди. Бу кўрсаткич компаниянинг ўз прогнозларидан паст бўлди. Йил давомида «Tesla» жами 1,64 млн электромобил сотди, бу эса 2024 йилга нисбатан 8,6 фоиз кам.

«BYD» эса 2025 йилда 2,26 млн электромобил сотиб, «Tesla»ни ортда қолдирди. Гарчи компаниядаги ўсиш суръати сўнгги беш йилда энг паст даражада қайд этилган бўлса-да, у глобал етакчиликни қўлга киритишга етарли бўлди.

«Tesla» сотувларидаги пасайишга АҚШда давлат субсидияларининг бекор қилиниши жиддий таъсир кўрсатди. Сентябр ойида электромобил хариди учун 7500 доллар миқдоридаги солиқ имтиёзи бекор қилиниши натижасида автомобиллар нархи ошди. Бу эса тўртинчи чоракда талабни пасайтирди. Бундан ташқари, субсидия бекор қилиниши олдидан учинчи чоракда ажиотажли талаб юзага келиб, «Tesla» учун рекорд натижалар қайд этилган эди.

Европада эса «Tesla»га бўлган қизиқиш кескин камайди. Хусусан, Францияда сотувлар 37 фоизга, Швецияда эса 66 фоизга тушиб кетди. Таҳлилчилар бунга компания раҳбари Илон Маскнинг айрим консерватив сиёсий кучларни очиқ қўллаб-қувватлаши Европа истеъмолчиларида салбий муносабат уйғотгани сабаб бўлганини таъкидламоқда. Бундан истисно сифатида Норвегия қайд этилди — у ерда «Tesla» электромобиллари рўйхатдан ўтказилиши 41 фоизга ошган.

Фонд бозорида ҳам компаниялар ўртасида фарқ кузатилди. «Tesla» акциялари йил бошида қисқа муддатли ўсиш кўрсатган бўлса-да, кейин яна пасайиш ҳудудига қайтди. «BYD» акциялари бўйича эса таҳлилчиларнинг аксарияти «сотиб олиш» тавсиясини сақлаб қолмоқда ва йил давомида қимматлашиш эҳтимолини юқори баҳоламоқда.

Теглар

Мавзуга оид