Kамбағаллик чегараси: 715 минг сўм етарлими?
2026-йил учун камбағаллик чегараси яна инфляция суръатларидан паст даражада оширилди. Vaqt.uz мухбири минимал истеъмол харажатлари ҳисоб-китоби ва республика бўйича ягона мезон сифатида қўллаш масаласи юзасидан вазирликдан изоҳ сўради.
Ўзбекистонда 2026 йил учун минимал истеъмол харажатлари, яъни камбағаллик чегараси 715 минг сўм этиб белгиланди. Бу кўрсаткичга кўра, агар бир кишининг ойлик даромади шу миқдордан паст бўлмаса, у расмий статистикада камбағал ҳисобланмайди.
Олдинги йилларда ҳам бу кўрсаткич босқичма-босқич оширилган. Жумладан, 2025 йилда камбағаллик чегараси 669 минг сўмни ташкил этган. 2024 йилда эса мазкур кўрсаткич икки марта қайта кўриб чиқилиб, йил бошидаги 568 минг сўмдан 621 минг сўмгача кўтарилган.
Бир қарашда рақамлар ўсиб бораётгандек кўринади. Бироқ бу кўрсаткичлар аҳоли кундалик дуч келаётган реал нархлар ва яшаш харажатларига қанчалик мос экани очиқ савол бўлиб қолмоқда. Масалан, Тошкент шаҳридаги нархлар билан Қорақалпоғистоннинг Бўзатов, Шуманай ёки Сурхондарёнинг Шеробод каби ҳудудларидаги нархлар ўртасида сезиларли фарқ мавжуд.
Шу нуқтаи назардан, мамлакат бўйлаб ягона камбағаллик чегарасини белгилаш йирик шаҳарлардаги “ҳақиқий камбағаллар”ни расмий статистикадан ташқарида қолдириши мумкинлиги ҳақида ҳам баҳслар бор. Мутахассислар айрим ҳолларда ҳудудий коэффициентларни жорий этиш зарурати пайдо бўлаётганини таъкидламоқда.
Яна бир муҳим жиҳат — минимал истеъмол харажатларининг инфляцияга нисбатан қандай суръатда оширилаётгани. Агар камбағаллик ягона сумма орқали ўлчанса, у камида инфляция даражасида индексатсия қилиб борилиши керак. Аммо сўнгги йилларда бу кўрсаткич инфляциядан паст суръатда оширилаётгани кузатилмоқда.
Хусусан, 2026 йил учун белгиланган камбағаллик чегараси белгиланган муддатдан 43 кун кечикиб эълон қилинган. Шу билан бирга, 2025 йил феврал ойидаги сўнгги индексатсиядан кейин жамғарилган инфляция 7,5–8 фоиз атрофида баҳоланмоқда. Янги кўрсаткич эса атиги 6,88 фоизга оширилган.
Бу эса бозордаги нархлар тезроқ ўсиб бораётган бир пайтда, камбағалликни ҳисоблашда қўлланадиган минимал чегара ундан секинроқ оширилаётганини англатади. Натижада камбағаллик даражаси статистикада камайгандек кўриниши мумкин.
Шу билан бирга, 2026 йил учун мамлакатда анча катта ижтимоий-иқтисодий мақсадлар белгиланган. Режага кўра, камбағаллик даражаси 2,8 фоизгача, ишсизлик эса 4,5 фоизгача туширилиши керак.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил якунида ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизгача пасайган. Камбағаллик эса 8,9 фоиздан 5,8 фоизгача камайгани айтилмоқда.
Ҳукумат узоқ муддатли режаларни ҳам белгилаб қўйган. Жумладан, 2030 йилга қадар минимал истеъмол харажатлари асосида ҳисобланадиган «мутлақ камбағаллик» даражасини 0 фоизга тушириш мақсад қилинган. Бу ҳақда 2026 йил 16 февралда қабул қилинган Президент фармонида қайд этилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, расмий ҳужжатларда илк бор минимал истеъмол харажатлари қиймати «мутлақ камбағаллик» кўрсаткичи билан боғланмоқда. Бироқ айрим иқтисодчилар бу ёндашувнинг реал иқтисодий вазиятга қай даражада мос келишини муҳокама қилмоқда.
Иқтисодчи Отабек Бакиров «Аввал иқтисод» дастурида бу масалага тўхталиб, камбағалликни баҳолаш мезонлари реал нархлар ва аҳоли харажатлари билан уйғун бўлиши муҳимлигини таъкидлаган.
Умуман олганда, расмий статистикада камбағаллик тез суръатда камайиб бораётгандек кўринади. Бироқ камбағалликни ҳисоблаш учун олинаётган минимал чегара реал нархлардан ортда қолса, рақамлар табиий равишда «яхшиланади».
Бу эса муаммо ҳақиқатан ҳал бўлганини эмас, балки фақат статистикада камайганини англатиши мумкин.
Шу сабабли мутахассислар камбағалликни камайтиришнинг асосий йўли аҳоли даромадларини ошириш ва яшаш шароитларини яхшилаш билан боғлиқ эканини таъкидламоқда. Акс ҳолда, 2030 йилда «мутлақ камбағаллик нолга туширилди» деган чиройли рақам пайдо бўлиши мумкин, аммо бу реал ҳаётдаги муаммо тўлиқ ҳал бўлганини англатмаслиги мумкин.
Теглар






