Каннаваро кетадими? ЎФА расмий муносабат билдирди
Таъкидланишича, мураббий билан шартнома шартлари ўзгаришсиз қолмоқда.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) миллий терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваронинг ўз лавозимини тарк этиши мумкинлиги ҳақида тарқалган хабарларни расман инкор қилди. Ушбу миш-мишлар дастлаб таниқли спорт инсайдери Фабрицио Романо томонидан тарқатилган эди.
Хабарларда италиялик мутахассиснинг кетишига Осиё кубоги-2027 мусобақаси муддатининг бир йилга кечиктирилгани асосий сабаб сифатида кўрсатилган. ЎФА бу маълумотларни асоссиз деб атади.
«Сўнгги соатларда айрим хорижий манбаларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Осиё кубоги-2027 мусобақаси муддатининг ўзгартирилиши ортидан ўз лавозимини тарк этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ўзбекистон футбол ассоциацияси мазкур хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилади», – дейилади ташкилотнинг расмий баёнотида.
Маълумот ўрнига таъкидлаш керакки, ЎФА ва Фабио Каннаваро ўртасидаги ҳамкорлик 2025 йилнинг кузида бошланган. Томонлар ўзаро «2+3» тизимида шартнома имзолашган эди.
Ушбу келишув шартларига кўра, италиялик мутахассиснинг шартномаси мусобақалардаги, хусусан, Осиё кубогида қайд этиладиган натижаларга қараб яна уч йил муддатга узайтирилиши кўзда тутилган.





