Кўчаларга панжара ўрнатилиши масаласида Тошкент шаҳар ҳокимига депутатлик сўрови юборилди

Сўровда Тошкент кўчаларига ўрнатилган панжаралар хавфсизликни яхшилаши қандай аниқлангани, таҳлил ва маслаҳатлашувлар ўтказилганми-йўқми, хавф туғдириши тан олинган темир панжаралар нега қайта ўрнатилаётгани сўралган.

Кўчаларга панжара ўрнатилиши масаласида Тошкент шаҳар ҳокимига депутатлик сўрови юборилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Анвархон Темиров Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовга депутатлик сўрови юборди. Унда кўчалар марказига йўналишларни ажратувчи темир панжаралар ўрнатиш қанчалик асосли экани юзасидан тушунтириш талаб қилинган.

Маълум қилинишича, шаҳар ҳокимининг 2025 йил 20 май ва 21 июлдаги қарорларига мувофиқ, панжаралар ўрнатиш учун Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармасидан жами 8,4 млрд сўм ажратилган. Мазкур қарорлар асосида кўчалар маркази ва четларида темир тўсиқлар ўрнатиш ишлари бошланган.

Депутат таъкидлашича, аввал ўрнатилиб, кейин олиб ташланган амалиётга қайта мурожаат қилиниши жамоатчилик орасида эътирозларга сабаб бўлган. Партия электорати ҳам бу борада қатор саволлар билан мурожаат қилган:

Тошкент шаҳри кўча ва йўлларида йўналишларни ажратувчи темир панжаралар ўрнатилиши ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга, пиёдалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилиши қандай асосланган?

Темир панжаралар ва бошқа тўсиқлар ўрнатиш масаласида экспертлар билан маслаҳатлашувлар ўтказилганми, уларнинг фикрлари олинганми? Бу борада илмий асосланган ва таҳлилий маълумотлар мавжудми?

Нима сабабдан яна бошқатдан кўплаб давлат маблағлари сарфланиб, пиёдалар ва йўловчиларга хавф туғдириши тан олинган амалиётга — йўналишларни ажратувчи темир панжараларни ўрнатишга қайтилмоқда?

Аҳоли зич жойлашган ва кўп ҳаракатланадиган кўчаларда пиёдалар осон ва тез кесиб ўтишини таъминлаш, пиёдалар ўтиш жойларини ташкил этиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Ҳозир ўрнатилаётган панжара тўсиқлар қайси норматив-ҳуқуқий асос ва стандартлар бўйича лойиҳаланган ва амалга оширилмоқда? Бу каби темир панжараларни ўрнатиш йўлларда пиёдалар ва йўловчилар хавфсизлигини кафолатлайдими?

Сўров «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ юборилган бўлиб, шаҳар ҳокимлигидан асослантирилган жавоб кутилаётгани билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек кўчасида бир ҳафта аввал ўрнатилган йўналишларни ажратувчи панжаралар қайта олиб ташлангани ҳақида хабар берган эдик.

Манбаларга кўра, тўсиқлар белгиланган техник талабларга жавоб бермагани учун вақтинча олиб ташланган. Маълум бўлишича, панжаралар зарур баландликдан паст бўлиб чиққан. Шу сабабли улар қайта ишланиб, яна ўрнатилиши режалаштирилган.

Темир панжаралар нега ўрнатиляпти?

Маълумотларга кўра, темир панжаралар Тошкент шаҳри кўча ва йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва пиёдалар билан боғлиқ бўлган йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида ўрнатилмоқда. Энг қизиқ жиҳати шундаки, 2017-2018 йилларда айни шу сабаб билан темир тўсиқлар олиб ташланган эди.

2025 йил май ойида Тошкент шаҳар ҳокими Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан темир панжаралар ўрнатиш учун 6,9 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилган.

2017 йилда Тошкент шаҳар маъмурияти йирик кўчалар ўртасига ўрнатилган металл тўсиқлар, айниқса пиёдалар ўтиш жойлари ва чорраҳалар атрофида, ҳайдовчилар учун кўринишни чеклаётганини очиқ тан олган. Кейинчалик, 2018 йилда ЙҲХБ ҳам расмий баёнот бериб, 30 та кўчадаги тўсиқлар ҳаракат хавфсизлигини оширмагани, аксинча, ҳайдовчилар ва пиёдалар учун қўшимча қийинчиликлар туғдирганини қайд этган.

Ўтган йилда эса Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси кўчалар ўртасига яшил ва бошқа рангдаги тўрли панжара ўрнатишни бошлаган. Бошқарма эса бунга йўлнинг қатнов қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтишнинг олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва пиёдалар оқимини тартибга солинган, кесиб ўтиш учун мўлжалланган жойларга йўналтириш мақсадида ўрнатилаётганини сабаб қилиб кўрсатган.

Теглар

Мавзуга оид