Лагард Европа Марказий банки раҳбарлигидан эртароқ кетиши мумкин — Financial Times
Европа Марказий банки раҳбари Кристин Лагард 2027 йилгача кутмаслиги мумкин. FT маълумотига кўра, қарор ортида Франциядаги сайловлар ва сиёсий хавфлар турибди.

«Financial Times» хабарига кўра, Европа Марказий банки президенти Кристин Лагард расмий муддати 2027 йил октябрига қадар давом этишига қарамай, лавозимни эртароқ тарк этиши мумкин. Нашр манбаларига кўра, у 2027 йил апрелигача истеъфога чиқиш вариантини кўриб чиқмоқда.
Бу қадам Франция президенти Эммануэл Макрон ва Германия янги канцлери Фридрих Мерцга унинг ворисини президентлик сайловларидан олдин келишиб олиш имконини беради. Европа пойтахтларида асосий хавотир — Францияда ултраўнг кучлар ғалаба қозониши эҳтимоли. Бу ҳолат ЕМБ каби стратегик институт раҳбарини танлаш жараёнини мураккаблаштириши мумкин.
ЕМБ эса расмий баёнотда Лагард «ўз миссиясига тўлиқ эътибор қаратгани» ва ҳеч қандай қарор қабул қилмаганини билдирди.
Сиёсий ҳисоб-китоблар
Молия вазирлари ўртасида масала юзасидан ягона позиция йўқ. Испания Европа янги жадвал бўйича ҳаракат қилса, фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирди. Иқтисодиёт вазири Карлос Куэрпо мамлакатининг ЕМБ раҳбариятида каттароқ рол ўйнаш истагини яширмади.
Австрия ва Германия эса стандарт муддатларга риоя қилиш тарафдори. Германия молия вазири Ларс Клингбайль «ЕМБда белгиланган жадвал бор ва биз унга амал қиламиз», деди.
Лагардга ворис расман 2027 йил ёзида танланиши керак. Аммо муҳокамалар аллақачон бошлангани Европа сиёсий муҳитидаги ноаниқликни кўрсатади.
Эҳтимолий номзодлар
«Bloomberg» экспертлари сўровига кўра, эҳтимолий номзодлар рўйхати шаклланган. Улар орасида Испания Банки собиқ раҳбари Пабло Эрнандес де Кос, Нидерландия марказий банки собиқ раҳбари Клаас Кнот, Германия Бундесбанки президенти Йоахим Нагель ва ЕМБ Ижроия кенгаши аъзоси Изабел Шнабел бор.
Европа Марказий банки раҳбарлиги евро ҳудуди монетар сиёсати, инфляция назорати ва молиявий барқарорлик нуқтайи назаридан ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис Лагарднинг эҳтимолий эрта кетиши молия бозорлари ва сиёсий элита томонидан диққат билан кузатилмоқда.





