Logo

Марказий банк банклар учун 2,5 млрд сўмгача бўлган янги жарималарни жорий қилди

Бугун 17:303 дақиқа

6 августдан банклар, микромолия ташкилотлари ва ломбардлар учун янги санкциялар кучга киради. Айрим қоидабузарликлар учун жарима миқдори миллиардлаб сўмга етиши мумкин.

Марказий банк банклар учун 2,5 млрд сўмгача бўлган янги жарималарни жорий қилди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Марказий банк кредит ташкилотлари томонидан пруденциал талабларга риоя этмаслик ва истеъмолчилар ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари учун қўлланадиган янги жарималар рўйхатини тасдиқлади.

Янги тартибга кўра, қоидабузарликлар икки асосий тоифага бўлинган: молиявий барқарорлик кўрсаткичларини бузиш ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини чеклаш.

Капитал етарлилиги коэффициенти белгиланган минимал даражадан пасайган тақдирда, банклар умумий капиталининг 0,02 фоизи миқдорида жарима тўлайди. Бу амалда 500 млн сўмдан 2 млрд сўмгача бўлган санкцияни англатади. Микромолия ташкилотлари учун ушбу жарима 100 млн сўмдан 500 млн сўмгача этиб белгиланган.

Ликвидлик меъёрлари бузилганда эса кредит ташкилотлари етишмаётган маблағ учун ҳар бир кечиктирилган кунга асосий ставканинг 1,5 баравари миқдорида пеня тўлайди. Бунда жарима камида 20 млн сўмни ташкил этади.

Бир қарз олувчига тўғри келадиган максимал риск меъёрини ошириш ёки кўчмас мулкни мақсадсиз харид қилиш учун банкларга 100 млн сўмдан 1 млрд сўмгача жарима қўлланади. Валюта позициялари лимитларини бузиш эса ҳар куни 10 млн сўмдан 100 млн сўмгача жаримага сабаб бўлади. Резервларни шакллантириш қоидаларига риоя этмаслик ҳолатларида санкциялар 2,5 млрд сўмгача етиши мумкин.

Ҳужжатнинг иккинчи қисми истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган. Кредит шартлари ҳақида тўлиқ маълумот бермаслик ёки тарифлардаги ўзгаришларни яшириш учун 3 млн сўмдан 20 млн сўмгача жарима белгиланган.

Расмий веб-сайтда мажбурий маълумотларни жойлаштирмаслик банкларга 100 млн сўм, микромолия ташкилотларига 50 млн сўм ва ломбардларга 10 млн сўм жаримага тушади. Давлат тилида шартнома тақдим этмаслик учун эса 10 млн сўмгача санкция қўлланади.

Мижозга шартномани имзолашдан олдин танишиш учун тақдим этмаслик ҳолатлари учун 750 минг сўмдан 2,5 млн сўмгача жарима назарда тутилган. Қарз олувчини камситувчи шартларни шартномага киритиш 20 млн сўмгача жаримага сабаб бўлади.

Шунингдек, қарзнинг тўлиқ қийматини яшириш ёки қарз юки бўйича белгиланган чекловларни бузиш учун банклар 10 млн сўм, микромолия ташкилотлари 4 млн сўм ва ломбардлар 2 млн сўм жарима тўлайди.

Жисмоний шахсларга валюта кредити бериш, муддати ўтган қарздорлиги мавжуд шахсларни кредитлаш ёки муайян суғурта компанияси каби учинчи томон хизматларини мажбурлаш учун 3 млн сўмдан 7,5 млн сўмгача жарима белгиланган.

Марказий банк бир йилгача бўлган кредитлар бўйича турар жойни гаров сифатида расмийлаштиришга ҳам алоҳида чеклов жорий қилди. Бундай ҳолат банклар учун 15 млн сўм, микромолия ташкилотлари учун 10 млн сўм жаримага сабаб бўлади.

Мижоз ҳисобварағидан унинг розилигисиз маблағ ечиб олиш учун ҳар бир ҳолат бўйича 25 млн сўм жарима белгиланган. Агар қоидабузарлик оммавий тус олса, санкциялар 2,5 млрд сўмгача ошиши мумкин.

Қарз тўлиқ қайтарилганидан кейин гаровни ўз вақтида ечмаслик учун 7,5 млн сўм жарима қўлланади. Ҳисобварақларни асоссиз блоклаш, карта орқали тўловларни қабул қилишдан бош тортиш ёки банк сирини ошкор қилиш учун ҳар бир ҳолат бўйича 3 млн сўмдан жарима белгиланган.

Мижозларга мунтазам зарар етказувчи тизимли камчиликлар аниқланган тақдирда банклар умумий капиталининг 0,01 фоизи миқдорида, аммо камида 300 млн сўм жарима тўлайди. Кредит тарихига нотўғри маълумот юбориш учун эса 3 млн сўм жарима назарда тутилган.

Шунингдек, агар кредит ўз хоҳиши билан қарз олишни тақиқлаган шахс номига расмийлаштирилса, кредит бюролари 20 млн сўм, банклар эса 15 млн сўм жаримага тортилади. Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш қоидаларини бузиш ёки уларни қабул қилиш тизимининг мавжуд эмаслиги 100 млн сўм жаримага сабаб бўлади. Қарз расмийлаштиришда хавф-хатарлар бўйича чек-листни имзолатмаслик учун эса 10 млн сўм жарима белгиланган.

Ҳужжат 2026 йил 6 августдан кучга киради.

Теглар

Мавзуга оид