add

Маскнинг Марс режалари SpaceX IPOʼсига хавф солмоқда

Бугун 15:202582 дақиқа

SpaceX’нинг рекорд даражадаги IPOʼси олдидан Илoн Маскнинг Марсга оид юқори таваккал режалари инвесторлар хавотирини кучайтирмоқда.

Маскнинг Марс режалари SpaceX IPOʼсига хавф солмоқда

Илoн Маскнинг Марсга етиб боришга қаратилган улкан амбициялари SpaceX’нинг келгуси йилга мўлжалланган IPO режаларига қўшимча хавф омили сифатида баҳоланмоқда. Инвесторлар учун асосий савол компаниянинг барқарор даромад манбалари билан юқори рискли космик дастурлар ўртасида қандай мувозанат сақланишида қолмоқда.

Reuters хабарига кўра, SpaceX Starlink сунъий йўлдош интернет тармоғи орқали барқарор ва юқори даромадли бизнес яратишга муваффақ бўлган. Бироқ Маскнинг Марс миссиясига катта ҳажмда сармоя йўналтириши компаниянинг асосий даромад манбаи бўлган Starlink ривожига етарлича эътибор қолмаслиги мумкинлиги ҳақида хавотир уйғотмоқда.

Таҳлилчилар SpaceX’нинг IPOʼси 1 триллион доллардан ортиқ баҳоланиши ва 25 миллиард доллардан зиёд маблағ жалб қилиши мумкинлигини қайд этмоқда. Бу уни тарихдаги энг йирик оммавий таклифлардан бирига айлантириши мумкин. Шу билан бирга, Маскнинг бир вақтнинг ўзида бир нечта йирик компанияларга раҳбарлик қилиши Tesla мисолида ҳам инвесторлар учун риск сифатида кўрилган.

Quilty Analytics таҳлилчиси Калеб Генрининг таъкидлашича, SpaceX ҳар доим илмий-тадқиқот ва тажриба лойиҳаларига катта маблағ сарфлаб келган ва IPO иштирокчилари бу компаниянинг юқори рискли моделини олдиндан қабул қилишига тўғри келади. Унинг фикрича, Falcon 9 ва Starlink каби йўналишлар эҳтимолий муваффақиятсизликларнинг молиявий таъсирини ҳозиргача юмшатиб келмоқда.

SpaceX президенти Гвин Шотвелл аввалроқ компания Марсга мунтазам парвозлар йўлга қўйилмагунча IPO ўтказилмаслигини билдирган эди. Маск эса Starship тизими 2026 йилда Марсга экипажсиз парвоз қилишга уриниши IPO учун замин яратиши мумкинлигини айтган. Таҳлилчилар бу режаларни ҳали амалий жиҳатдан етарлича тайёр эмас, деб баҳоламоқда.

Айни пайтда Starlink 140 дан ортиқ мамлакатда 6 миллиондан зиёд мижозга эга бўлиб, Starship дастурини молиялаштиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Компаниянинг Ҳиндистон бозорига кириши эса SpaceX қийматини янада ошириши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид