Logo

«Матбуот эркинлиги кушандалари» рўйхати эълон қилинди

Кеча 22:385 дақиқа

Халқаро «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти 2026 йилда журналистларга жиддий босим ўтказган деб ҳисобланган 33 шахс ва ташкилот номини эълон қилди. Улар орасида Трамп, Путин, Эрдўған ва Тўқаев ҳам бор.

«Матбуот эркинлиги кушандалари» рўйхати эълон қилинди

Халқаро «Чегара билмас мухбирлар» («Reporters Without Borders» — «RSF») ташкилоти 2 ноябр куни 2026 йилги «Матбуот эркинлиги кушандалари» рўйхатини эълон қилди. Унда журналистлар ва мустақил оммавий ахборот воситалари фаолиятига босим ўтказган деб ҳисобланган 33 нафар шахс, давлат тузилмаси, компания ва ташкилот номи келтирилган.

Ушбу рўйхат «Халқаро журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликка барҳам бериш куни» муносабати билан эълон қилинган. «RSF» унда журналистларнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилиш, уларни доимий таъқиб этиш, қамоққа олиш, қўрқитиш, обрўсизлантириш ва мустақил таҳририятларга иқтисодий босим ўтказишда айбланаётган субъектларни кўрсатган.
Ташкилот рўйхатни бешта асосий тоифага ажратган:

Сиёсий босим: давлат ҳокимиятидан фойдаланиб, ахборот тарқатишни чеклаш ва журналистларга босим ўтказиш;
Хавфсизлик: журналистларга нисбатан жисмоний зўравонлик, ҳужум уюштириш ва қамоққа олиш;
Ҳуқуқий босим: суд жараёнлари ва қонунчилик механизмлари орқали журналистларни таъқиб қилиш;
Иқтисодий босим: мустақил таҳририятларнинг молиявий имкониятларини чеклаб қўйиш;
Ижтимоий босим: журналистларни оммага обрўсизлантириш, уларга қарши нафрат ва ишончсизликни сунъий кучайтириш.

Рўйхатга АҚШ президенти Доналд Трамп, Россия президенти Владимир Путин, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевдан ташқари, Исроил ҳарбий кучлари, Хитой Коммунистик партияси, Мексикадаги йирик жиноий гуруҳлар, «Alphabet» ва «Meta» каби технологик компаниялар ҳам киритилган.

Трамп ва Путин сиёсий босим ўтказувчилар қаторида

АҚШ президенти Доналд Трамп «RSF» рўйхатига тарихда илк бор киритилди. Ташкилот уни АҚШ матбуотидаги танқидий материалларга нисбатан сиёсий ва маъмурий босим ўтказишда кескин айбламоқда.

«RSF» маълумотларига кўра, Трамп 2025 йил январ ойида иккинчи президентлик муддатига киришганидан кейин ОАВга қарши оғзаки ҳужумларни, суд жараёнлари ва маъмурий чекловларни кучайтирган. Ташкилот, айниқса, Оқ уй ва Пентагонга журналистларнинг кириши чеклангани, давлат томонидан молиялаштириладиган оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигига босим ўтказилгани ҳамда танқидий материаллар тайёрлайдиган нашрларга нисбатан суд даъволари қўлланилганини алоҳида қайд этган

Шунингдек, «RSF» АҚШ Глобал медиа агентлиги («USAGM») ва унинг таркибидаги «Америка овози» («Voice of America») фаолияти устидан сиёсий назорат ўрнатишга уринишларни ҳам танқид қилган.

Трампнинг ушбу рўйхатга киритилиши фонида АҚШ 2026 йилги «Жаҳон матбуот эркинлиги индекси»да 64-ўринни эгаллаган. Бу эса ўтган йилга нисбатан етти поғона паст натижа ҳисобланади.

Россия президенти Владимир Путин эса ташкилотнинг сиёсий босим тоифасига киритилган. «RSF» Россияда 2026 йилда СССР парчаланганидан бери кузатилмаган даражадаги матбуотга босим кучайганини билдирган.

Ташкилот маълумотларига кўра, Россияда 2026 йил давомида 50 нафар журналист ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган. Уларнинг 27 нафари украиналик журналистлардир. «RSF» Россия ҳарбийлари томонидан Украина ҳудудида журналистлар ва оммавий ахборот воситаларига қарши 230 дан ортиқ ҳужумни расман ҳужжатлаштирган. Ушбу ҳодисаларда жами 16 нафар медиа ходими ҳалок бўлган, 53 нафари турли даражада жароҳатланган.

Бундан ташқари, ташкилот Россиядаги журналистларга нисбатан ҳуқуқий босим кескин кучайганини таъкидлаган. Жумладан, хорижда фаолият юритаётган россиялик журналистларга қарши қабул қилинган янги қонун орқали уларнинг банк ҳисобларини музлатиш, маъмурий хизматлардан фойдаланишини чеклаш ва консуллик хизматларини рад этиш имконияти яратилганини билдирган.

«RSF» яна 60 га яқин журналист Россиядаги «террористлар ва экстремистлар» рўйхатига киритилганини, «Новая газета» таҳририятига нисбатан тинтувлар, ҳуқуқий таъқиб ва бош муҳаррир Сергей Соколовнинг ҳибсга олиниши каби ҳолатларни мисол тариқасида келтирган.

«RSF»нинг 2026 йилги «Жаҳон матбуот эркинлиги индекси»да Россия 180 мамлакат орасида 172-ўринни эгаллади.

Эрдўған ва Тўқаев ҳуқуқий босим категориясига киритилди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев рўйхатнинг «Ҳуқуқий босим» тоифасига киритилган. «RSF» уларни журналистлар ва мустақил медиага нисбатан суд жараёнлари ҳамда қонунчилик механизмларидан ғаразли фойдаланишда айблаган.

Ташкилотнинг Туркия бўйича маълумотларига кўра, Эрдўғаннинг президентлик даврида журналистларга нисбатан юзлаб суд жараёнлари бошланган. Жумладан, президентни ҳақорат қилиш моддаси бўйича 250 нафардан ортиқ журналист жиноий таъқибга учраган.

«RSF» ҳисоб-китобларига кўра, Эрдўған 2014 йилда президент бўлганидан бери 174 нафар журналист ҳибсга олинган. Уларнинг саккиз нафари фақат 2026 йилнинг ўзида ушланган.

Туркия 2026 йилги «Жаҳон матбуот эркинлиги индекси»да 163-ўринни эгаллади.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам айнан шу тоифада қайд этилган. «RSF» унинг ҳукумати мустақил журналистика фаолиятини қонунчилик ва суд жараёнлари орқали кескин чеклаётганини билдирган.

Ташкилотнинг таъкидлашича, Қозоғистонда журналистларга нисбатан «ёлғон маълумот тарқатиш» айблови жуда тез-тез қўлланилади. Бу борада мустақил «KazTAG» агентлиги раҳбарлари Амир Касенов ва Асет Матаевнинг иши мисол қилиб келтирилган.

«RSF» маълумотига кўра, улар 2026 йилги парламент сайловлари арафасида судланиб, беш йил давомида журналистика билан шуғулланиш ҳуқуқидан бутунлай маҳрум қилинган.

Шунингдек, ташкилот 2026 йил 15 мартда ўтказилган конституциявий референдумни ёритишда журналистларга тўсқинлик қилинганини, айрим журналистлар ушлангани ва хорижий мухбирларнинг аккредитацияси бўйича чекловлар сақланиб қолганини қайд этган.

Қозоғистон 2026 йилги «Жаҳон матбуот эркинлиги индекси»да 149-ўринда қайд этилди.

Рўйхатда фақат давлат раҳбарлари йўқ

«RSF» эълон қилган 33 ном орасида сиёсатчилар билан бир қаторда хусусий компаниялар, йирик бизнес вакиллари, давлат ташкилотлари ва бошқа тузилмалар ҳам бор.

Масалан, иқтисодий босим тоифасига «Google» ва «YouTube» эгаси «Alphabet», шунингдек, «Facebook», «Instagram» ва «WhatsApp» платформаларини бошқарувчи «Meta» компаниялари киритилган. «RSF» уларнинг рақамли реклама бозоридаги устунлиги мустақил медиа нашрларининг молиявий имкониятларига салбий таъсир қилаётганини таъкидлаган.

Шу тоифада грузиялик миллиардер Бидзина Иванишвили, француз медиа магнати Венсан Боллоре ва Россия расмийси Владимир Табак ҳам қайд этилган.

Ижтимоий босим тоифасида эса америкалик тадбиркор Илон Маск, Аргентина президенти Хавер Милей, россиялик медиа раҳбари Маргарита Симонян ва бошқалар бор. Ташкилот уларнинг журналистлар обрўсини тушириш, медиага қарши ишончсизликни кучайтириш ва рақамли ҳужумлар орқали босим ўтказишдаги ролини кескин танқид қилган.

«RSF» бош директори Тибо Брюттенинг таъкидлашича, рўйхатнинг асосий мақсади журналистикага қарши ҳаракатларнинг ортида турган иштирокчиларини аниқ кўрсатиш ва уларнинг хатти-ҳаракатлари одатий ҳолга айланиб қолишининг олдини олишдан иборат.

Теглар

Мавзуга оид