Миграция агентлигига янги раҳбар тайинланди
Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси сифатида ишлаб келган Муҳсинхўжа Абдураҳмонов агентликнинг янги раҳбари бўлди.

Бугун, 3 сентябр куни Ўзбекистон Президентининг тегишли қарори билан Мухсинхўжа Турсунхўжаевич Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори лавозимига тайинланди.
52 ёшли Мухсинхўжа Турсунхўжаевич Абдураҳмонов 1996 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган, шунингдек, АҚШнинг Калифорния давлат университети ҳамда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида таҳсил олган. Кейинчалик у таълимини Японияда давом эттириб, Отару тижорат университети магистратураси ва Хоккайдо университети докторантурасини ўтаган.
Меҳнат фаолиятининг дастлабки йилларида Хоккайдо университетида илмий тадқиқотчи, «Coca-Cola Uzbekistan LLC» компаниясида менежер ва 2008–2017 йилларда Япониянинг «MTRUST» компаниясида бош директор вазифаларида ишлаган.
Унинг давлат бошқаруви тизимидаги фаолияти 2018 йилдан бошланган бўлиб, 2021 йилга қадар Фарғона вилояти ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаган.
Ушбу лавозимдан сўнг қисқа муддат Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг инвестициялар бўйича бошқармаси бошлиғи бўлган. Миграция агентлиги раҳбарлигига тайинлангунига қадар эса, яъни 2021 йилнинг июл ойидан буён Мухсинхўжа Абдураҳмонов Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, бугун Беҳзод Мусаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори лавозимидан озод этилган эди.





