add

Мирзиёев Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимларини касб байрами билан табриклади

Шунингдек, Президент Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлади.

Мирзиёев Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимларини касб байрами билан табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев 11 ноябр — Касаба уюшмалари куни муносабати билан юртдошларга йўллаган мурожаатида касаба уюшмаларини меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоя қилувчи энг йирик фуқаролик институти сифатида эътироф этди.

Маълумотларга кўра, сўнгги беш йилда касаба уюшмалари фаолияти орқали қарийб 500 минг фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди, корхона ва муассасаларда 20 мингга яқин жамоатчилик назорати тадбирлари ўтказилди, меҳнат муҳофазаси бўйича 21 мингдан ортиқ камчилик бартараф этилди. Шунингдек, 1 миллионга яқин ходим ва уларнинг оила аъзолари ҳамда 800 мингдан зиёд болалар учун дам олиш имкониятлари яратилди.

Президент таъкидлаганидек, касаба уюшмалари фақат меҳнат соҳасида эмас, балки ижтимоий дастурларни амалга ошириш, бандликни таъминлаш, ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш, кексаларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда 1 200 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари соғломлаштириш муассасаларида дам олди.

Мирзиёев касаба уюшмаларининг халқаро ҳамкорликни кенгайтириб, ўнга яқин халқаро ва минтақавий ташкилотларга аъзо бўлганини қайд этди. Унинг фикрича, бу ҳамкорлик Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятининг самарадорлигини нафақат миллий, балки халқаро миқёсда ҳам оширмоқда.

Президент меҳнат бозоридаги янги тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда «яшил иқтисодиёт» ва сунъий интеллект шароитида касб соҳаларидаги ўзгаришларга мос ҳуқуқий тизимни шакллантириш зарурлигини таъкидлади. Шу муносабат билан халқаро меҳнат стандартларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш ҳамда 2026–2030 йиллар учун «Муносиб меҳнат дастури»ни ишлаб чиқиш долзарб вазифа сифатида белгиланди.

Шавкат Мирзиёев ўз мурожаати якунида касаба уюшмалари фаолларини байрам билан табриклаб, уларга меҳнат муносабатларини такомиллаштириш ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишда янги ютуқлар тилади.

Шунингдек, Мирзиёев касаба уюшмалари тизимини ривожлантириш ва фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш йўлидаги фидокорона хизматлари учун соҳа ходимларидан бир гуруҳини давлат мукофотлари билан тақдирлади.

«Фидокорона хизматлари учун» ордени билан:

Файзиева Сайёра Мавляновна - Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти Кенгаши раиси;

 «Меҳнат шуҳрати» ордени билан:

Сабиров Кутлимурат - Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси;

 «Дўстлик» ордени билан:

Абдуалимов Эшмирза Уралович - Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси;

Акбердиев Абдуғофур Бектошевич - Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ёрдамчиси;

Ахмедов Исак Набиевич - Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қашқадарё вилояти Кенгаши раиси ўринбосари;

Матисаев Хамидулло Пазилджанович - Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти Кенгаши ташкилий ишлар бўлими мудири;

Норқулов Ҳасан Хайдарович - Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилояти Кенгаши меҳнат муҳофазаси бўйича етакчи мутахассиси;

Умарахунов Иркин Мирзахидович - Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Малака ошириш институти ректори;

Хамидов Тайиржон Касимджанович - Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Фарғона вилояти бўйича масъул ташкилотчиси;

 II даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан:

Бедилов Равшан Мэлсович - Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси;

 II даражали «Саломатлик» ордени билан:

Имамкулиева Санобар Атабаевна - Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Даволаш-профилактика маркази терапевти;

Ханапияев Фарходжон Рахманович - Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси;

 «Соғлом турмуш» медали билан:

Саитбекова Зерхан Жаксиликовна - Мўйноқ туманидаги «Оқ кема» болалар соғломлаштириш оромгоҳи директори, Қорақалпоғистон Республикаси;

 «Шуҳрат» медали билан:

Абдумухторов Анваржон Акрамжонович - Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси;

Алимов Жасуржон Камилджанович - Бўстонлиқ туманидаги «Оқ-тош санаторийси» масъулияти чекланган жамияти директори, Тошкент вилояти;

Самарбеков Равшанбек Юлдашович - Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ташкилий ишлар бўлими мудири ўринбосари;

Урманбекова Мухаббат Давранбековна - Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Матбуот хизмати раҳбари.

Теглар

Мавзуга оид

Мирзиёев Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимларини касб байрами билан табриклади | Vaqt.uz