
Мирзиёев прокурор назоратини рақамлаштириш ва сунъий интеллект жорий этишни топширди
Йил бошидан бери тергов органлари томонидан 1300 та қарорни қабул қилишда процессуал талаблар бузилган, 637 та жиноят иши эса камчиликлар туфайли судлар томонидан терговга қайтарилган.

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда Бош прокуратура тизимида рақамли назорат ва автоматлаштирилган текширув механизмларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Янги тизим орқали қонун бузилишларини эрта аниқлаш, масъул шахсларнинг ҳаракатларини реал вақт режимида кузатиш ҳамда прокурор назоратини шаффоф ва самарали ташкил этиш имкони яратилади.
Тақдимотда таъкидланишича, ҳозирда терговчилар фаолиятини баҳолашнинг ягона электрон тизими мавжуд эмас, ҳисоботлар «қўлда» тузилади ва жиноят ишлари ҳали ҳам қоғоз шаклида сақланади. Бу эса иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ҳисобот тайёрлаш жараёни айрим ҳолларда бир ҳафтагача вақт олмоқда.
Йил бошидан бери тергов органлари томонидан 1300 та қарорни қабул қилишда процессуал талаблар бузилган, 637 та жиноят иши эса камчиликлар туфайли судлар томонидан терговга қайтарилган. Президент бу ҳолатга изоҳ бериб, тергов фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш ва ҳар бир босқични автоматлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Шу муносабат билан жиноят ҳақида хабар келиб тушганидан бошлаб, суд қарори ижросигача бўлган жараёнларни рақамли форматга ўтказиш вазифаси қўйилди. Янги тизимда сунъий интеллект технологиялари жорий қилиниб, тергов жараёнлари тезлашади, инсон омили камаяди ва масъулият ошади.
Президент, шунингдек, рақамли технологиялар орқали жиноятларнинг олдини олиш учун сунъий интеллект, киберҳуқуқ ва рақамли ҳуқуқ йўналишларида мутахассислар тайёрлашни бошлаш зарурлигини таъкидлади. Бу орқали рақамли таҳдидларни олдиндан аниқлай оладиган ва самарали чора кўрадиган профессионал кадрлар қатламини шакллантириш мақсад қилинган.
Йиғилиш якунида давлат раҳбари муҳокама қилинган таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди. Унинг таъкидлашича, рақамли прокурор назорати тизими фуқаролар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва қонун устуворлигини таъминлашда муҳим қадам бўлади.





