Мирзиёевни ҳақорат қилгани учун жазоланган йигит, Жиззахдаги боғчада заҳарланган болажонлар ва арзонга тушадиган пулли йўллар - 10 октябр дайжести
10.10.2025 | 22:249 дақиқа
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Instagram’да Президентни ҳақорат қилган шахс жазоланди
Тошкент вилоятининг Оҳангаран шаҳрида жиноят ишлари бўйича суд президент ҳақида ҳақоратли фикр билдирган 18 ёшли йигит Б.О. исмли йигит устидан ишни кўриб чиқди. У ўзининг Instagram саҳифасида биринчи ва амалдаги президент акс этган сурат остида ҳақоратли изоҳ қолдиргани учун жавобгарликка тортилди.
Тергов жараёнида комплекс сиёсий ва лингвистик экспертиза ўтказилиб, ёзилган изоҳда давлат раҳбари шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантирувчи иборалар мавжудлиги аниқланган. Суд жараёнида айбланувчи айбини тўлиқ тан олган ва «оқибатини ўйламай ёзганини» маълум қилган. Суд унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисми — «Президентнинг шаъни ва қадр-қимматини оммавий ҳақорат қилиш ёки унга тўҳмат ёпиш» бўйича айблов қўйиб, айбланувчини икки йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилган.
Ушбу муддат мобайнида яшаш жойини ўзгартириш ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Жиззах вилоятида ҳам 37 нафар бола озиқ-овқатдан заҳарлангани айтилмоқда
Жиззах вилоятининг Фориш туманида ҳам давлат боғчаларидаги болалар овқатдан заҳарлангани айтилмоқда. Бу ҳақда Фориш тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2025 йил 9 октябр куни соат 9:00 дан 16:00 гача бўлган вақт мобайнида туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 1-, 3-, 5- ва 7-сонли давлат мактабгача таълим муассасаларида таълим олаётган 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 37 нафар бола саломатлиги ёмонлашганидан кейин шифокорларга мурожаат қилган.
Тиббиёт бирлашмаси маълумотларига кўра, болаларда иситма кўтарилиши, кўнгил айниши, қорин оғриғи, ич кетиши ва ҳолсизлик белгилари кузатилган.
Европага саёҳат қилувчи ўзбекистонликлар сони 38 фоизга ошди — Aviasales
Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистон фуқароларининг Европага саёҳатларга бўлган талаб 38 фоизга ошган. Бу ҳақда Aviasales Uzbekistan маълумотларига асосланиб, Spot нашри маълум қилмоқда.
Ўртача саёҳат давомийлиги 19 кунни ташкил этган, болалар билан сафар қилувчи оилалар улуши эса 7 фоизга кўпайган. Шу билан бирга, чипталарнинг ўртача нархи 6,6 фоизга пасайгани қайд этилган.
Энг кўп танланадиган йўналишлар қаторида Рига, Франкфурт, Вилнюс, Берлин, Варшава, Мюнхен, Вена, Париж, Будапешт ва Прага бор. Дастлабки беш йўналиш умумий бронлаштиришларнинг ярмига яқинини ташкил этади.
Рига ва Вилнюсга сафарлар бўйича талаб кескин ошган — мос равишда 63 ва 39 фоизга. Аналитиклар бу ҳолатни нафақат туризм, балки меҳнат миграцияси ва ўқиш билан боғламоқда.
«Пулли йўлларда ҳаракатланиш радар жаримасидан арзонга тушади» — Ўзавтойўл вакили
Ўзбекистонда пулли автомобил йўлларидан фойдаланиш учун тўлов миқдорини ҳукумат белгилайди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автойўллар қўмитаси бош юрисконсулти Ҳасан Умаров Олий Мажлис Қонунчилик палатаси YouTube каналига берган интервюсида маълум қилди.
Унинг айтишича, қонун лойиҳасида Вазирлар Маҳкамаси тўлов нархини ҳисоблаш методикасини тасдиқлаши, Транспорт вазирлиги эса энг юқори тариф ставкаларини белгилаши кўрсатиб ўтилган. Инвесторлар белгиланган чегара доирасида йўл ҳақини мустақил равишда аниқлай олади.
«100–150 километр оддий йўлда ҳаракатлансангиз, бир неча радарга дуч келасиз ва ҳар бири учун чегирма билан камида 206 минг сўм жарима тўлайсиз. Шу масофадаги пуллик йўл бўйлаб юриш эса тахминан 100 минг сўмга тушади», — деди у.
Ўткир Юсупов Австрияда жарроҳлик амалиётидан ўтади
Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозабони Ўткир Юсупов «CAFA Nations Cup» финалида олган жароҳати сабаб Австриянинг Инсбрук шаҳрида жарроҳлик амалиётидан ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси маълум қилди.
Футболчи июн ойида бўлиб ўтган «CAFA Nations Cup» мусобақасида Эрон терма жамоасига қарши ўйинда жароҳат олганди. Дарвозабоннинг жароҳати жиддий бўлгани сабаб у кейинги беллашувларда иштирок этмаган ва даволаниш жараёнини бошлаган эди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) хабарига кўра, Юсупов ҳозирда Австриянинг Инсбрук шаҳрида жароҳатидан даволанмоқда. У ерда футболчини жарроҳлик амалиёти кутиб турибди. Амалиётни ушбу йўналишда катта тажрибага эга бўлган австриялик жарроҳ Финк Кристиан ўтказади.





