Низомиддинов атрофидаги гап-сўзлар, ҳокимлар алмашинуви ва ҳафтанинг муҳим воқеалари — ҳафта дайжести
Ортда қолаётган ҳафтада содир бўлган муҳим воқеалар билан Ҳафта дайжестида танишинг.
Зайнилобиддин Низомиддинов Сирдарёга ҳоким бўлдими?
Бу ҳафта бошидаги энг шов-шувли тайинлов хабари Президент администрациясининг собиқ раҳбари, ҳозирги Бекобод тумани ҳокими Зайнилобиддин Низомиддиновнинг бошқа ишга ўтиши билан боғлиқ бўлди. Ижтимоий тармоқларда бош вазир Абдулла Ариповнинг автомобили Тошкент вилояти томон кетаётгани, Бекобод туманида раҳбар ўзгариши кутилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Кўп ўтмай, Бекобод туманини бошқариб келаётган Низомиддинов Сирдарё вилоятининг собиқ ҳокими ўрнига тайинлангани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Бу хабарлар фақат Telegram каналларда эмас, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги саҳифасида ҳам эълон қилинди. Сониялар ичида Низомиддиновнинг Википедиядаги саҳифасида ҳам у Сирдарё вилояти ҳокими деб ёзилди.
Аммо кейинчалик Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳеч қандай йиғилиш бўлмагани, ҳоким ўзгармагани ва Зайнилобиддин Низомиддинов ўз лавозимида қолаётганини маълум қилди.
Низомиддинов ўз жойида қолди, лекин тарқалган хабарлар бутун интернет оламини «портлатди».
Турдимов ўрнини Қодиров эгаллади
Ўтган ҳафта бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири бўлган Эркинжон Турдимовнинг ўрни Дониёр Қодировга берилди. Бу ҳақдаги фармонни президент шахсан имзолаган.
Сирдарёга ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Қодиров шу вақтгача Президент администрациясининг Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги масалалари департаментига раҳбарлик қилиб келаётган эди. Ундан аввал эса у қарийб икки йил давомида президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.
Ўзбекистоннинг янги мудофаа вазири ўзгарди
Юқорида айтганимиздек, ҳафта тайинловларга бой бўлди. 2023-йилнинг ноябридан буён мудофаа вазири сифатида ишлаб келаётган Шуҳрат Холмуҳамедов бу лавозимидан озод этилди. Ўзбекистон президентининг тегишли фармонлари билан ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ботир Қудратхўжаев мудофаа вазири бўлди.
Янги мудофаа вазири шу вақтгача асосан прокуратура органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида ишлаган. У 2014–2016-йилларда Сурхондарё вилояти прокурори вазифасини бажарувчи, кейинчалик вилоят прокурори бўлиб ишлаган. 2016–2017-йилларда Тошкент шаҳри прокурори лавозимида фаолият юритган. 2017–2020-йилларда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори, 2020–2022-йилларда Хоразм вилояти прокурори, 2022-йилдан бош прокурор ўринбосари, Ўзбекистон ҳарбий прокурори лавозимида ишлаган. У 2025-йилнинг февралидан 2026-йилнинг январига қадар фавқулодда вазиятлар вазири бўлган.
Болаларга нисбатан жинсий зўравонлик қилганлар умрбод қамалади
Бундан буён 14 ёшга тўлмаган болага нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси тайинланади. Бундай оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш муддатида чеклов бўлмайди. Ўзбекистон президенти бирданига 5 та кодекс ва 6 та қонунга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ушбу қонун Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилнинг 30-сентябр куни қабул қилингандИ, Олий Мажлис Сенати томонидан 2-октябрда маъқулланганди.
Шунингдек, зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга тегишли процессуал ҳаракатларга жалб этилган вақтдан бошлаб давлат ҳисобидан адвокат ажратилади.
Янги Тошкентга 2 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритилди
Янги Тошкентга қанча инвестиция киритилганини биласизми? 2 миллиард доллардан ортиқ. Бу ҳафта бошида президент Шавкат Мирзиёев ишни Янги Тошкентда бунёд этилган иншоотларни ишга тушириш ва янги объектларнинг қурилишига старт бериш маросимида иштирок этишдан бошлади. Келинг, ўтган ҳафтада давлат раҳбари нималар билан банд бўлганига тўхталамиз.
Президент Янги Тошкентга ташрифида маълум қилишича, уч йил аввал бошланган Янги Тошкент қурилишига ҳозиргача 2 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритилган. Янги Тошкент учун жами 20 минг гектар ер ажратилган. Биринчи босқичда 6 минг гектар майдонда 50 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Янги аэропорт қурилиши билан ҳудуднинг инвестиция салоҳиятини 200 миллиард долларгача етказиш мумкинлиги ҳам айтилган.
Ҳозир тадбиркорларга атиги 94 гектар ер ажратилган, инвесторлар учун берилган 28 та лотда эса қурилиш бошланмаган. Президент бунга рухсат жараёнларининг чўзилиши ва идоралардаги ортиқча бюрократия ҳам тўсқинлик қилаётганини таъкидлади. Бу тадбир доирасида президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш масалалари юзасидан инвестор ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Мулоқотда нафақат Янги Тошкент, балки бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинган.
Президентнинг ишонган кадри
«Ўзимнинг энг ишонган кадримни олиб келиб, таълим вазири қилдим», — Шавкат Мирзиёев.
Бу — кўпчиликка ҳоким сифатида танилган Эркинжон Турдимов. Давлат раҳбари уни бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири лавозимига тайинлагани ҳақида гапирар экан, шундай деди.
«Ўзларинг кўрдинглар, ман таълим вазирини ўзгартирдим. Энг ишонган кадримни олиб келиб, таълим вазири қилганим... Сон кўпайиб кетди, сифат камайиб кетди. Мени жуда ташвишга солади. Шунинг учун, мен жуда катта тажрибага эга, тўртта вилоят ҳокими бўлган одамни таълимга олиб келганим тагида жуда катта маъно борки, энди бу нарсаларга президент мутлақо бошқача қарайди. Таълимга жуда катта эътибор бериш учун бош вазирнинг биринчи ўринбосари мақомини берганим, бу бежиз эмас. Энди давлатда тиббиётга, таълимга эътибор мутлақо ўзгаради», — деди Шавкат Мирзиёев.
Эркинжон Турдимов қайси лавозимга тайинланмасин, унинг зиммасига катта масъулият юкланган. Президентнинг уни «энг ишонган кадрим» деб аташи ҳам билдирилган ишонч қанчалик катта эканини кўрсатади. Президентнинг Турдимов олдига қўйган талаби аниқ: таълимда сон эмас, сифат.
9-октябрдаги фармон билан Турдимовга бириктирилган ташкилотлар ва унинг янги ваколатлари ҳам белгиланди. Вазирлар Маҳкамаси таркибида 12 штат бирлигидан иборат Таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти ташкил этилади. Турдимов ушбу соҳаларда вазирликлар, қўмиталар, агентликлар, инспекциялар ва ҳудудий ҳокимликлар фаолиятини ваколати доирасида мувофиқлаштиради.
Демак, унга кенг ваколат ва катта масъулият берилди. Энди асосий савол — бу ишонч қандай натижа беради? Таълим сифати ошадими, мактаблардаги муаммолар ҳал этиладими, ўқувчиларнинг билими яхшиланадими? Турдимов фаолиятига бериладиган асосий баҳо айнан шу натижаларда намоён бўлади.
Президентнинг халқаро учрашувлари ва ҳафталик фаолияти
Президентнинг бу ҳафтаси ҳам жуда тиғиз ўтди. 13-октябр куни давлат раҳбари иссиқхоналарда «яшил» технологияларни жорий этиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, яйловлар деградациясининг олдини олиш ва сувдан самарали фойдаланиш масалаларига оид тақдимот билан танишди. 14-октябр куни эса Озарбойжон президенти Илҳом Алиев таклифига биноан Бокуга жўнаб кетди. Ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев Алиев билан учрашди ва Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммитида иштирок этди.
Саммит доирасида Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Лаос президенти Тхонглун Сисулит, Камбоджа бош вазири Хун Манет ва Вьетнам вице-президенти Во Тхи Ан Суан билан ҳам учрашувлар ўтказди ва Ўзбекистонга қайтди.
Тошкентнинг тўртта тумани ҳокими ўзгарди
Энди яна тайинловларга қайтсак. Юқорида айтганимиздек, бу ҳафта тайинловлар ҳафтаси бўлди. Душанба куни бошланган кадрлар ўзгариши ҳафта давомида тўхтамади.
15-октябр куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод, Янгиҳаёт, Чилонзор ва Яккасарой туманларида ҳокимлар билан боғлиқ кадрлар ўзгариши юз берди. Яшнободни бошқариб келган Раҳмонқуловнинг ҳокимлик даври якунланди. Унинг ўрнига Абдулазиз Абдулаков тайинланди. Янгиҳаёт туманини 2020-йилдан бери бошқариб келган Ҳаёт Иноғомов Чилонзор ҳокими бўлди. Унинг ўрнини эса 2024-йилдан Яшнобод тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Лазизбек Темиров эгаллади.
Яккасарой ҳокими Нилуфар Аллабергенова ҳам лавозимидан кетди. У Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари этиб тайинланди.
Эътиборли жиҳати, Аллабергенова аввал ҳам прокуратура тизимида ишлаган. У турли йилларда Яшнобод, Чилонзор ва Мирзо Улуғбек туманларида прокурор ўринбосари, 2019-йилдан 2023-йилнинг октябригача эса Яккасарой тумани прокурори бўлган. Демак, у ҳокимликдан яна ўзи аввал фаолият юритган тизимга қайтди. Унинг ўрнига Акмал Жумабоев ҳоким бўлди.
Президент администрациясидаги тайинловлар
Президент администрациясида ҳам қатор тайинловлар бўлди. Ҳамкасбимиз, журналист Азиза Қурбонова Президент администрацияси Коммуникациялар департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Мазкур тайинловга қадар Қурбонова Контент маркази ва «Ўзбекистон 24» телеканалида фаолият юритаётган эди. У президент фаолиятини фаол тарзда ёритадиган журналистлардан бири сифатида танилган.
Шунингдек, 2023-йилнинг август ойидан ЎзА бош директорининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган ҳуқуқшунос, блогер Хушнуд Худойбердиев ҳам Президент администрациясида иш бошлади. У Президент администрацияси Коммуникациялар департаменти бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланган.
Пискент ҳокими фермерларни ҳақорат қилгани учун ҳайфсан олди
Пойтахтда ҳокимлар бошқа лавозимларга ўтказилаётган, кўтарилаётган бир вақтда Пискентнинг сўконғич ҳокими ҳайфсан олди.
9-октябр куни ижтимоий тармоқларда Пискент тумани ҳокими Музаффар Ориповнинг фермерларни ҳақорат қилгани, картошка экмаса, ерларини тортиб олиш ва «жонини суғуриб олиш» билан таҳдид қилгани айтилган аудио тарқалди.
13-октябр куни Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев фармойиши билан Ориповга ҳайфсан берилди. Фармойишда бунга сабаб сифатида давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларини бузгани кўрсатилган.
Тошкент тумани ҳокими ўринбосари қўлга олинди
Бу ҳафта кимдир ҳоким ўринбосари бўлди, қайсидир «зам» ҳоким қўлга тушди. Тошкент тумани ҳокими ўринбосари тадбиркорга ҳокимлик балансида бўлган 1 гектар ер майдонини давлат активларини бошқариш тизимидаги танишлари орқали аукцион савдоларга чиқариб, олиб беришни ваъда қилган. Хизмати эвазига 25 минг доллар талаб қилган.
Истанбул сув остида қолди
Энди халқаро хабарларга ўтсак, 15-октябр куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида кучли ёмғир ва бўрон оқибатида сел юзага келиб, камида уч киши ҳалок бўлди, яна тўрт киши бедарак йўқолди. Шаҳарнинг кўплаб ҳудудларини сув босиб, юзлаб уйлар ва иш жойларига зарар етди.
Истанбул губернаторлиги маълумотига кўра, 14-октябр куни фавқулодда хизматларга 2 518 та мурожаат тушган. Сел оқибатларини бартараф этиш учун 8 минг ходим ва 2 мингта транспорт воситаси сафарбар қилинган. Айрим ҳудудларда ёғингарчилик миқдори 1985-йилдан бери кузатилган энг юқори кўрсаткичлардан бирига етган.
Саида Мирзиёева Туркияда
Истанбулда кучли ёмғир ва тошқин кузатилган пайтда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам Туркияда эди. Унинг ташрифи давомида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған билан учрашув, мудофаа саноати ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик масалалари кун тартибидан ўрин олди.
15-октябр куни Саида Мирзиёева Эрдоған қабулида бўлди. У Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий тилакларини етказганини маълум қилди. Учрашувда икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ҳамкорлик натижалари муҳокама қилинган.
Шунингдек, Саида Мирзиёева Туркиянинг «Baykar» компанияси мажмуасига ташриф буюриб, мудофаа саноати ва юқори технологиялар соҳасидаги лойиҳалар билан танишди. Унга бу жараёнда Эрдоғаннинг қизи Сумайя Эрдоған Байрактар ва унинг турмуш ўртоғи Селчук Байрактар ҳамроҳлик қилган.
Ташриф доирасида Туркия президентининг ўғли Нажмиддин Билол Эрдоған билан биргаликда Истанбулдаги Ибн Халдун университети ва «Yenidoğu» мактабига ҳам борилди. Таълим сифати, ёшларнинг иқтидорини ривожлантириш ва мустақил фикрлаш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ёндашувлар билан танишилган. Икки мамлакат таълим муассасалари ўртасида тажриба алмашиш ва ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Банк номидан алдаб, 8 миллион долларни ўзлаштиришган
Тошкентда банклар номидан қўнғироқ қилиб, фуқароларни алдаган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, гумонланувчилар сохта колл-марказ ташкил қилиб, фуқароларнинг банк карталари маълумотларини қўлга киритган. Уларнинг номига онлайн кредитлар ҳам расмийлаштирилган.
Гуруҳ аъзолари орасида йирик банклардан бирининг киберхавфсизлик бўлими ходими ҳам бўлгани айтилмоқда. Тергов маълумотларига кўра, жами 8 миллион доллар ўзлаштирилиб, криптовалютага айлантирилган ва сохта компания орқали хорижга олиб чиқилган.
Тошкент вилоятида 15 килограмм наркотик
Тошкент вилоятида икки алоҳида тезкор тадбир давомида жами 15 килограмм гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди. Биринчи ҳолатда трансмиллий жиноий гуруҳ аъзолари Тошкент–Андижон магистрал йўлида олдиндан яшириб кетилган 13 килограмм «гашиш»ни олаётган вақтда қўлга олинган. Иккинчи ҳолатда эса Бўка туманида бир шахс 2 килограмм «опий»ни 20 минг долларга сотаётган вақтда ушланган.
Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларининг 75 минг дозаси ноқонуний айланмага киришининг олди олинган. Ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, гумонланувчилар қамоққа олинган.
Теглар






