
Нурафшонда пора олган ҳоким ёрдамчиси қўлга олинди
Ҳоким ёрдамчиси ўз мансабдор танишлари орқали фуқарони пора эвазига ишга киритиб қўймоқчи бўлган.

Тошкент вилоятида пора олган ҳоким ёрдамчиси қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, Нурафшон шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг ҳоким ёрдамчиси Тошкент шаҳрида яшовчи фуқарони мансабдор танишлари орқали Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармасига ишга киритиб қўйишини ваъда қилиб, ўз «хизмати» эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ҳоким ёрдамчиси сўралган пулни ўзининг танишлари орқали олган вақтида ушланган.
«Таъкидлаш жоизки, у муқаддам бир неча маротаба судланган бўлиб, қилмишларидан тўғри хулоса қилмаган кўринади», — дейилади хабарда.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси бош инспектори пора билан ушланганилиги ҳақида хабар берилган эди.





